Тўйда ота дуоси: ‘Набираларим ҳам Ҳасанбойдек боксчи бўлишсин’

Ҳасанбой Дўсматов Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ҳаваскор боксда дунё тан олган ўзбекистонлик энг номдор боксчилардан бири бўлган Ҳасанбой Дўсматов оилавий ҳаётга қадам қўймоқда.

Бўлажак келин талаба, Тошкентдан, жорий пайтда у пойтахтдаги олий ўқув юртларининг бирида Инглиз тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича таҳсил олади. Келиннинг боксга қанчалик қизиқиши-қизиқмаслиги ҳақидаги саволимизга эса, ҳозирча ойдинлик кирита олмадик.

Отаси Маъруфжон Ҳайитбоевнинг айтишича, икки ёш бир-бирларига кўнгил қўйиб, оила қуришга қарор қилишган.

Дастлабки тўй кеча пайшанба куни Тошкентда бўлиб ўтган ва эртага шанба куни Андижонда давом этади.

Швейцария: Ҳасанбой 'зўрларнинг зўри'

'Бу - вой-бў дейдиган ютуқ'

Ҳасанбойнинг мураббийларидан бирига кўра, Тошкентдаги тўйда унинг номдор ва совриндор аксарият жамоадошлари ҳозир бўлишган. Тўй ажойиб ўтган.

У кишининг айтишича, Шаҳобиддин Зойиров, Исроил Мадримов, Баҳодир Жалолов, Иқболжон Холдоров.., ҳаммалари тўй шодиёналарини жамоадошлари, унинг оиласи ва яқинлари билан бирга баҳам кўришган.

24 ёшли Ҳасанбой Дўсматов ўз жамоадошлари орасидан биринчилардан бўлиб оила қураётгани бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz

"Ўғлимга бахт тилайман, бахтли-саодатли бўлсин. Ҳаётда қоқилмасин. Ҳамиша танлаган йўлидан кетсин. Болалари ҳам отасининг изини тутишсин. Ҳаммалари боксчи бўлиб, Ўзбекистоннинг байроғини баланд кўтариб юрадиган инсонлар бўлиб етишишса, бошим кўкларга етарди", - дейди Андижондан эртанги тўйга ҳозирлик кўраётган отаси Маъруфжон Ҳайитбоев Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Ҳасанбой Маъруфжон аканинг тўнғич фарзанди бўлади ва суҳбатдошимизга кўра, ўғлининг ҳар бир жанги ҳақида ниҳоятда қайғурувчи онасининг ҳам ҳозир тўй шодиёналаридан қувончининг чеки йўқ.

У кишининг айтишича, Андижондаги тўйга Ҳасанбой Дўсматовни яқиндан билган, таниган қатор чет эллик боксчиларнинг ҳам ташриф буюришлари кутилмоқда.

Ҳасанбой Дўсматов Рио Олимпиадаси ғолиби, жаҳон чемпионати совриндори, икки карра Осиё чемпиони, AIBA таснифида амалдаги жаҳоннинг энг кучли эркак боксчиси, Вэл Баркер Кубоги ва "Олтин мангуст" халқаро мукофотлари соҳиби бўлади.

Мураббийсининг биз билан суҳбатида қатъий ишонч билан айтишича, оилавий ҳаёт фақат номдор шогирдининг фойдасига бўлади ва унга бахт-омад тилаб қолади.

Биз ҳам икки ёшга худди шундай тилакларни билдириб қоламиз.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар