Афғонистон: ИШИДга қарши ҳужумда яна 'ўзбекистонликлар ўлдирилган'

ИШИД Фото муаллифлик ҳуқуқи video

Шу ҳафтанинг ўзида Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Жаузжон вилоятида учта ҳаво ҳужуми уюштирилган.

Уларда 30 дан ортиқ ИШИД жангариси ўлдирилган ва яна ўнга яқини ушланган.

Расмий хабарларга кўра, ҳалок этилган жангарилардан тўрт нафари ўзбекистонлик.

Шунингдек, қўлга олинганлардан иккитаси ҳам Ўзбекистон фуқаролари бўлишади.

Жаузжон вилоят ҳокими матбуот воизи Муҳаммад Ризо Ғафурийнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, расмий хабар ўзларига имконли бўлган жосуслик маълумотларига асосланган.

Суҳбатдошимизга кўра, ўзбекистонликлари дохил маҳбусларнинг барчаси амалиётлар ортидан, Афғонистон ва Америка махсус кучлари томонидан пойтахт Кобулга олиб кетилган.

Уларнинг ҳозир айнан қаерда эканликлари ва Ўзбекистонга экстрадиция этилиш-этилмасликлари маълум эмас.

Ўзбекистон ва Афғонистон 2016 йил экстрадицияга оид битимни имзолашган.

Ўзбек аёллари ИШИД билан жанг қилишмоқчи

Афғонистонда ИШИДнинг ўзбекистонлик масъулларидан бири ушланди

Тарихча ўрнида

Бу - Жаузжоннинг, йилларки, энг беқарор иккита туманидан биттаси бўлган Дарзобда биринчи бор "ИШИД сафларида жанг қилаётган ўзбекистонлик жангарилар"нинг ҳалок этилиши ҳодисаси эмас.

Жорий йил бошида ҳам айни шу туманда ИШИДга қаратилган қўшалоқ ҳаво ҳужумида "тўрт нафар Ўзбекистон фуқаросининг ўлдирилгани"га оид расмий хабарлар олинган.

Агар, жаузжонлик масъулларнинг энг сўнгги маълумотларига таянилса, ҳозир вилоятнинг Дарзоб ва унга қўшни Қўш-Тепа туманидаги ИШИД жангариларининг сони камида 300 га етади. Улардан 20 фоизчаси хорижий жангарилардан иборат.

Жаузжон ҳокими матбуот воизининг айтишича, бу жангариларнинг кўпчилиги ҳам ўзбекистонлик бўлишади.

Суҳбатдошимиз "ҳозир ИШИД сафларида жанг қилаётган бу ўзбекистонликларни Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзолари"га нисбат беради.

Дарзоб ва ИШИД

ИШИДнинг "фаоллашуви" сўнгги йилларда Афғонистон шимолилик масъулларнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Уларнинг такрорий мурожаатлари ортидан, Афғонистон Мудофаа вазирлиги яқинда минтақада ИШИД гуруҳига қарши амалиёт олиб боришга ваъда берган.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йил бошидан буён ИШИДнинг шимолдаги асосий истеҳкоми сифатида кўрилувчи Дарзобнинг ўзида Афғонистон ва Америка Кучлари томонидан беш бор махсус амалиёт уюштирилган.

Мувофиқлаштирилган ҳаво ҳужумларида ИШИД етакчилари, аъзолари ва мавқеълари нишонга олинган.

Аммо, Муҳаммад Ризо Ғафурийнинг айтишича, олиб борилган бу каби амалиётлар ортидан ҳам Дарзобнинг 80 фоизи ИШИД назорати остидалигича қолмоқда.

Суҳбатдошимизга кўра, туманни ИШИД жангариларидан тозалаш учун биргина ҳаво ҳужумларининг ўзи кифоя қилмайди.

Унинг айтишича, бунинг учун қуруқликдан ҳам йирик амалиётларнинг йўлга қўйилиши тақозо этилади.

"Аммо марказий ҳукумат ҳозирча бу хусусда берган ваъдасига вафо қилмаган".

Эътироф

Бошқа томондан, Муҳаммад Ризо Ғафурийнинг эътироф этишича, мувофиқлаштирилган устма-уст ҳаво ҳужумлари натижасида Дарзобда ИШИДнинг фаолияти издан чиққан.

Ўз ҳужумларини режалаш ва уюштириш салоҳиятини йўқотган.

Бир жойда муқим қолишга ортиқ қодир эмас ва ўзаро мулоқотларига ҳам дарз етган.

"Бунга ИШИД жангариларининг Дарзобда сўнгги ойларда бирор бир йирик ҳужум уюштиришга қодир бўлишмагани мисол", - дейди Жазужон вилояти ҳокими матбуот воизи.

Аммо, унинг ўзларига имконли бўлган жосуслик маълумотларига таяниб айтишича, шу ҳолатида ҳам, ИШИД Дарзобга Афғонистоннинг бошқа вилоятлари, Покистон ва Эрон каби қўшни хорижий давлатлар орқали жангарилар келтириш ҳаракатида.

Дарзоб бунгача Афғонистоннинг толиблар энг фаол шимолий туманларидан биттаси бўлган.

Толибон ИШИДнинг сўнгги йилларда Дарзобга келиб, туманда ўз мавқеъларини мустаҳкамлаб олиш ҳаракатларига жиддий қаршилик кўрсатишга уринган.

Бу икки гуруҳ ўртасида Афғонистон шимолида юз берган илк қуролли тўқнашувга ҳам айнан Дарзоб саҳна бўлган.

Суҳбатдошимизга кўра, онда-сонда эса-да, ҳануз бу жангларнинг давоми бор.

ИШИД сукутда

Жаузжон - Афғонистоннинг ИШИД жангари гуруҳининг Марказий Осиё билан бевосита чегарадош бир вилояти учун тайин этган ҳокими илк бор қўлга олинган вилоят бўлади.

Ҳодиса ўтган йил август ойида юз берган, ҳибсга олинган ҳоким Мавлавий Боз Муҳаммад Жаузжоннинг айнан Дарзоб ва Қўш-Тепасида ИШИД жангари гуруҳининг фаолиятини ёйиш истагида бўлгани айтилганди.

Худди ўша йилнинг октябрь ойида эса, ИШИД жангарилари бор-йўғи бир неча куннинг ўзида ўнга яқин тинч фуқарони ўлдиришган, қурбонлар орасида кексалардан ташқари, аёлларнинг ҳам борликлари айтилган.

Ҳатто, афғонистонлик масъулларнинг ўзлари ҳам, Ғарб бошчилигидаги катта сондаги хорижий иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги оммавий сафарбарлиги ортидан, бу каби ҳолатга гувоҳ бўлишмаганини эътироф этиш даражасига боришганди.

Аммо орада кечган вақт давомида ИШИД жангари гуруҳи ўзларига қарши янграётган бу каби баёнотларнинг бирортасига расман муносабат билдиришмаган. Шу пайтгача Жаузжондаги қотилликларга ҳам масъулиятни ҳеч бир шаклда ўз зиммаларига олиб чиқишмаган.

Жаузжондаги ИШИД жангариларига асли дарзоблик, ёши 30 лардан ошган, Толибон ҳаракатининг собиқ нуфузли қўмондонларидан бири - Қори Ҳикмат исмли шахснинг бошчилик қилиши айтилади.

Агар, орада Жаузжон вилояти ҳокими матбуот воизи Муҳамадризо Ғафурий билан қилган суҳбатларимиз тафсилотларига таянилса, ИШИД сўнгги пайтларда толиблар ҳисобидан ўз сафларини кенгайтириб, ҳам Дарзоб ва ҳам Қўш-Тепада янада фаоллашиш ҳаракатида.

Унга кўра, бу масалада ИШИД гуруҳига Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари кўмак беришмоқда.

"Биргина ўтган йилнинг ўзида бу икки туманга ҳаракатга аъзо 55 оила келиб ўрнашишган. Аммо уларнинг қаердан ўтиб келишгани маълум эмас", - деганди матбуот воизи Би-би-си Ўзбек Хизматига яқинда берган суҳбатларининг бирида.

Матбуот воизининг сўзларидан маълум бўлишича, бу жангарилар Толибон ва ИШИД ўртасида воситачилик қилишмоқда, ИШИД га толиблар ҳисобидан ўзига янги жангарилар ёллашига кўмак қилишмоқда.

Баёнот, даъват ва хавотирлар

Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстумнинг яқинда қилган баёнотига таянилса эса, Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум ҳамасосчиси ва раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг ўғли ҳам қатор жангарилари билан айнан Жаузжон вилоятининг Дарзоб туманига ўтган.

Ўғлининг ИШИД гуруҳи номи остида Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий вилоятларида фаоллашиш ҳаракатида эканига оид хабарлар отаси - Тоҳир Йўлдош ўлимидан қарийб ўн йилча ўтиб ўртага чиққан.

Шимоллик масъуллар Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум раҳбарининг ўғли Сарипул ва Жаузжон вилояти ўртасидаги минтақаларда катта молиявий имконият билан фаолият бошлаганидан жиддий ташвишларини изҳор этиш даражасига ҳам боришганди.

Генерал Абдулрашид Дўстум эса, мавжуд воқеълик Афғонистон шимолида ИШИДга қарши кураш масаласига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини тақозо этишини айтганди.

Сўнгги пайтларда Россия Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида ИШИД жангариларининг "жиддий ҳозирликлари" юзасидан ўз хавотирларини расман ва ошкора изҳор этишни бошлаган.

Йилларки, Афғонистонда якуний сўз ва етакчи мавқеъга эга бўлган Америка юқори мартабали генерали, Афғонистондаги Нато ва АҚШ Кучлари Бош қўмондони генерал Жон Николсон эса, яқинда Москвани мавжуд вазиятдан Толибонни дастаклаш учун баҳона сифатида фойдаланаётганликда айблаб чиққанди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek