"Мирзиёев, Ихтиёр Абдуллаевнинг ДХХ раҳбари лавозимида қолишини кўриб чиқинг"

Ихтиёр Абдуллаев Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи Президент Шавкат Мирзиёевдан яқинда тайинланган Давлат Хавфсизлик хизмати раҳбари Ихтиёр Абдуллаевнинг лавозимда қолиш ёки қолмасликни кўриб чиқишни сўради. Ташаббус гуруҳи раҳбарига кўра, Ихтиёр Абдуллаев сенатда қилган чиқиши орқали ушбу лавозимга лаёқатсизлигини кўрсатган.

"Иғвогарлик, ноадекватлик, саботаж, сиёсий калтабинлик, иқтисодни ёмонлашишга сабабчи бўлиш, диндорларга нисбатан репрессияни давом эттириш ва Ўзбекистонда вазиятни беқарорлаштириш сабаблари юзасидан Ихтиёр Абдуллаевни Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимида бундан кейин ҳам қолишини кўриб чиқишингизни сўрайман", дейилади унда.

Мурожаатда айтилишича, Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг 14 - йиғилишида гапирган Ихтиёр Абдуллаев мухолифатдаги "Бирлик" ва "Эрк" партиялари Ўзбекистонда фаолиятини қонунийлаштиришни ва кейинчаликни вазиятни издан чиқаришни истаётганини айтган.

"Агар мухолиф сиёсий партиялар қонун бўйича, Ўзбекистон Республикаси конституцияси бўйича ўз фаолиятларини қонунийлаштирса, бу нодемократик ҳолат бўладими? Нима учун Ихтиёр Абдуллаев мухолифат партияларини душман деб билади?", дея савол беради ташаббус гуруҳ раҳбари Сурат Икромов.

Президентга ёзилган мурожаатда ДХХ раҳбарининг Ўзбекистонда диний фундаментализм кучайётгани ҳақидаги гаплари бемаънилиги айтилади.

Бу гап "чириган МХХнинг 25 йил давомида диндорларни даҳшатга солиб турган, қийнаган, жиноий иш тўқиган, кўп йилларга қамоқ жазосига ҳукм қилган ғоясидир". Бу каби қатағонга учраганлар 18 мингни ташкил қилиши ёзилган.

"МХХни ДХХ ўзгартирган ташкилот сиёсий фаол фуқаролар, диндорлар, тадбиркор ва фермерларга нисбатан репрессиясини давом эттирадими", дея савол беради Сурат Икромов.

Сурат Икромов ДХХ раисининг гапларидан зарарли сармоя кириши эҳтимоллари туфайли қўшни давлатлар билан чегараларни ёпиш керак деган маъно чиқиб қолганини айтади.

У сармоячи-тадбиркорлаорга душман ва айғоқчи деб қараш бўлмағур гаплигини ёзган.

Сурат Икромов Ихтиёр Абдуллаевнинг ушбу қарашларидан келиб чиқиб ДХХ раислигига лойиқ ёки лойиқмаслигини кўриб чиқиш кераклигини сўраган.

29 март куни Ўзбекистон Сенати "Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонунни тасдиқлади.

Қонун муҳокамаси доирасида Давлат Хавфсизлик хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаев янги хавфсизлик хизмати, бу хизмат зиммасига юклатиладиган вазифалар ва хизмат ҳақидаги янги қонун ҳақида нутқ сўзлаган.

Оммавий ахборот воситалари ДХХ раисининг нутқида мухолифат Ўзбекистонга таҳдид соладиган омиллар сифатида тилга олинганига урғу берган.

Россиядаги "Спутник" ахборот агентлиги ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаевдан шундай иқтибос келтирди:

"Бирлик", "Эрк" сингари бузғунчи сиёсий кучлар бугунги кунда Ўзбекистонда ўз фаолиятини қонунийлаштиришга уринмоқда. "Уларнинг режаси бугун қонунийлаштириш, эртага эса вазиятни издан чиқариш".

ДХХ раҳбарининг сўзлари ижтимоий тармоқдаги ва мухолифатдаги ўзбекистонликларнинг умидини сўндириб юборган.

Бундан олдин Бош прокурор лавозимида ишлаган ва Мирзиёев таъбири билан айтганда прокуратурани "тозалаган" Ихтиёр Абдуллаев 2018 йилнинг 31 январ куни МХХ раиси лавозимига тайинланди.

У бу лавозимда қарийб 23 йилдан бери ўтирган Ўзбекистондаги қудратли шахслардан бири Рустам Иноятовнинг ўрнига келтирилган.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek