Мирзиёевнинг матбуот котиби қалбаки иссиқхоналар бўйича хабар беришни сўради
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Мирзиёевнинг матбуот котиби қалбаки иссиқхоналар бўйича хабар беришни сўради

Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби Комил Алламжонов Facebookдаги саҳифаси орқали илк маротаба жонли чиқиш қилди. У Президент ташрифи арафасида вилоятларда йўл қўйилаётган кўзбўямачиликларга изоҳ берди.

Комил Алламжонов ўзининг Facebook даги саҳифасига Президент ташрифи борасида кўплаб саволлар, айрим ҳолатларда танқидий мақолалар келиб тушаётганини учун ушбу масалаларга ойдинлик киритган.

Президентнинг матбуот котиби Мирзиёев ташрифидан олдин йўлларнинг вақтинчалик асфальтланаётгани ҳақидаги лавҳани кўрганини айтди.

"Аҳамият берган бўлсангиз, ёмғир ёғиб турган пайтда ўнқир-чўнқир йўлларни асфальтлаш жараёни тасвирга туширилган", деган у

У Президент ушбу видео тасвирланган вилоятга хизмат сафари чоғида йўллар қурилиши ва ушбу йўлларнинг топширилиши масаласи бўйича топшириқ бермаганлигини таъкидлаган.

Алламжоновнинг айтишича, Мирзиёев келишидан олдин йўлларнинг ямалиши вақтинчалик чора. Унинг гапидан Президент кетганидан сўнг бу йўллар кўп ўтмасдан эски ҳолига тушади, деган маъно англашилади.

Президент матбуот котибининг жонли мулоқотидан англашилича, Президент Мирзиёев ҳам бу йўлларнинг фақат ўзи учун вақтинча таъмирланаётганидан ва маҳаллий халқ Президент келиб кетганидан сўнг яна ёмон йўлдан юришга мажбур бўлишидан бохабар.

"Аҳамият берган бўлсангиз, олис-олис туманларга бораётган чоғларида мажбуран ёмон аҳволдаги ўнқир-чўнқир ерларни шунчаки, косметик таъмирлаш, вақтинчалик чора деб билишингизни илтимос қилардик. Чунки агарда Президентимиз ташрифлари жараёнида автомобиль қатнов йўллари келишларига тайёрланиши керак бўлган бўлса, агарда келган вақтларида ушбу йўлларни кўрмоқчи бўлган бўлсалару ва бу режага киритилгани бўлса, албатта ушбу йўллар белгиланган тартиб асосида, белгиланган стандарт ва талаблар асосида таъмирланиши барпо қилиниши ташкиллаштирилади", деган у.

Комил Алламжонов одамлардан Президент учун вақтинчалик таъмирланаётган йўлларни тўғри қабул қилган ҳолда, эътиборни Президент бориб кўраётгавн объектларга қаратишни сўраган.

"Шунинг учун илтимос қилардикки, ҳозирда ўнқир-чўнқир йўлларни вақтинчалик қилинаётганлигини тўғри қабул қилган ҳолда, кўпроқ эътиборни шу йўлдан ўтгандан кейин борган манзиллари ва халқ учун барпо этилган турли объектлар, бинолар, уйлар ва корхоналарнинг йўқдан бор бўлганига эътибор қаратсак, менимча, нур устига аъло нур бўларди".

Матбуот котиби Президент келишидан олдин вилоятларда йўл ёқаларида вақтинчалик иссиқхоналар қурилаётгани ҳақида хабарларга ҳам изоҳ берган.

У Президент бориб кўрган барча иссиқхоналар ҳақиқийлигини айтган. Бироқ Президент ўтадиган йўл ёқасида Мирзиёев кўрсин учун деб қурилган қалбаки иссиқхоналар бўлса бу ҳақда хабар беришни сўраган.

"Бу ерда менинг тушунишим бўйича, Президентимиз юрган йўл бўйидаги парник ва иссиқхоналар назарда тутилган. Агарда ушбу иссиқхоналар Президентимиз кетганларидан кейин йўқ бўлиб қолса ёки бузиб ташланган бўлса ё вақтинчалигини исботловчи далил бўлса биз ушбу фуқароларимиздан жуда ҳам илтимос қиламиз хабар беришларини. Бу нотўғри, бундай бўлиши керак эмас. Ушбу иссиқхоналар ҳозирда йўқ бўлса, мутасадди раҳбарлар нисбатан тегишли чоралар кўрилади", деган у.

Президентнинг матбуот котиби Жиззах вилояти Зарбдор туманида Мирзиёевга кўрсатилган тикув цехи ҳақида ҳам гапирган.

"Озодлик" радиоси ушбу цехдаги ишчиларнинг тикувчи эмас, балки коллеж ўқувчилари эканлигини, уларга янги кийимлар кийдирилиб Президент олдида роль ўйнаш учун жалб қилингани ҳақида ёзган эди.

Президентнинг матбуот котиби ушбу кўзбўямачиликни инкор қилмаган, балки ундан хабари борлигини айтган.

"Ундан бизнинг хабаримиз бор. Агар аҳамият берган бўлсангиз, бу тикув цехи 10 ой давомида йўқ жойдан барпо этилган цех. Ҳозирда бу цех ҳали 100 фоиз қувватда ишини бошлагани йўқ. 100 фоиз қувватда ишга туширилишни таъминлаш жараёнида корхона раҳбарлари ушбу цех атрофидаги маҳалладаги вақтинча ишсиз бўлган аёллар, ушбу корхонага яқин бўлган коллежлардан ихтиёрий равишда талабгор қизларни иш ўргатиш ва келажакда коллежни битирганларидан кейин ушбу цехда ишчи сифатида қабул қилиниши режалаштирилиб, ҳозир фақатгина тайёргарлик жараёни кетаяпти".

Президент матбуот котиби ушбу кўзбўямачиликни қораламаган, балки муаммолар бир ойда ҳал бўлиб қолмаслигини айтиб, Президентни қўллаб қувватлашга чақирган.

"Йиллар давомида тўпланган муаммолар бир кун, бир ҳафта ва бир ойда ҳал бўлмайди. Албатта, бунинг учун вақт керак ва ушбу масалани тўғри тушунган ҳолда масалага бир томондан эмас, чуқурроқ қараган ҳолда баҳо беришингизни ва муносабат билдиришингизни ва юртбошимизнинг бугунги олиб бораётган ишларида уларга елкадош ва кўмакдош бўлишингизни илтимос қиламиз".

Президент матбуот котибининг илк жонли чиқишини кўпчилик илиқ қарши олган.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Алламжоновнинг жонли чиқиши ижобий ҳолатлигини айтган.

Бироқ шу билан бирга унинг камчиликларини ҳам санаб ўтган.

"Президентнинг матбуот котиби - бу барча давлат органларининг матбуот котиби эмас. Президентнинг матбуот котиби жойлардаги вилоят ҳокимиятларининг хато ва камчиликлари учун, минтақалардаги нуқсонлар учун шарх бериши - масъулиятни Президентга расмийлаштириш ҳисобланади. Бу сиёсий хато. Президентнинг матбуот котиби, фақат Президентнинг позициясини, президентлик институти ваколатлари доирасида шарҳлаши лозимб бўлади. Бугунги чиқишда котиб кўпроқ жойлардаги вилоят ҳокимликлари матбуот котиби ролини ўйнади", деган у.

Таҳлилчи Ўзбекистон ҳокимияти шаффофлик ва жамоатчилик билан доимий мулоқотда бўлиш томон яна бир қадам ташлаганини эътироф этган.

"Эндиги қадам - матбуот котибининг янада юқорироқ профессионализм даражасида вазиятни тез-тез шарҳлаб боришидир", дейди у.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek