Тошпўлат Йўлдошев: ‘Бу - Ўзбекистонни дунёга очадиган фармон’

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

"Бу - ҳозир катта ният қилиниб, қўйилган илк қадамлардан бири, деб ҳисоблайман. Шунинг учун мамлакат ичидаги бор тўсиқларни олиб ташлаш керак. Битта Ташқи ишлар вазирлиги эмас, Давлат Хавфсизлик Хизмати борми, Ички ишлар вазирлиги борми, ҳамжиҳатлик билан биз ҳаммага очилишимиз керак...".

Суҳбатни BBCUZBEK каналида тингланг

Америка Қўшма Штатларидан асли ўзбекистонлик собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат Ташқи ишлар тизимини тубдан ўзгартиришга оид янги фармони худди ана шу мақсадни кўзда тутади.

Ўзбекистон президентининг янги фармонида аввалига "давлатнинг ташқи иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш борасида қўйилган вазифаларни самарали бажаришга тўсқинлик қилаётган қатор жиддий муаммолар борлиги" расман эътироф этилади.

Амалдаги норматив-ҳуқуқий базадан тортиб, ташкилий штат тузилмасининг бугунги фаолияти, ташқи сиёсий идора консуллик муассасалари томонидан кўрсатилаётган давлатлар хизматларининг ҳозирги суръати, сифати, кадрлар сиёсатининг самарасизлиги ва илғор ахборот-коммуникация технологияларининг етарли даражада жорий этилмаслиги қадар - мазкур муаммолар бирма-бир келтириб ўтилади.

Бунинг ортидан, худди шу муаммоларга мос бир тарзда, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тизимини ислоҳ этишнинг йўналишларига ҳам тартиб билан тўхталиб ўтилади.

Фармон мазмунидан хулоса қилинса, бундан буёғига тизимнинг фаолиятида асосий урғу "иқтисодий дипломатия", "оммавий дипломатия" ва таъбир жоиз, мулоқот дипломатиясига берилади.

Президент Шавкат Мирзиёевдан нималарни сўраган бўлардингиз?

Абдулазиз Комиловнинг овозини халқ энди эшита бошладими?

Янги фармон ижроси бўйича эришилган натижалар ва мавжуд камчиликлар тўғрисидаги маълумот эса, ташқи ишлар вазири томонидан шахсан мамлакат президентининг ўзига етказиб борилади.

"Шу фармондан максимал даражада фойдаланишимиз керак. Ҳам мамлакат ичкарисида очилиб, ҳам бошқа мамлакатлар билан алоқаларни кенгайтирадиган бўлсак, ватандошлар бемалол келиб-кетадиган бўлишса, унда инвестиция ҳам келади, Ўзбекистоннинг очилганини чет мамлакатлар ҳам кўради. Мамлакатнинг имажи анчагина ошади".

"Бу мамлакатнинг тараққиёти учун, унинг келажаги учун, мамлакат ичкарисидаги ижтимоий аҳволни яхшилаш учун, халқнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш учун анча ёрдам берадиган фармон, деб ҳисоблайман", - дейди Тошпўлат Йўлдошев Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Янги фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Бош вазири, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби, Ўзбекистон Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўзи зиммасига юклатилган.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон президентининг мазкур фармони мамлакат Давлат Хавфсизлик Хизмати янги раҳбарининг "ташқи дунёга очилишнинг таҳдидлари" алоҳида урғуланган ва интернет оламида танқидлар билан қарши олинган чиқишидан саноқли кунлар ўтиб бўй кўрсатган.

'Ёрдам қўлини чўзишса, ўзбекистонликлар ҳам одамга ўхшаб яшашарди'

Россия Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

"Қанийди шулар учун элчихоналар очилса. Консулликлар очилса. Ёрдам қўлини чўзса. Улар ҳам одамларга ўхшаб яшарди. Одамларга ўхшаб ҳаққини ундириб олар эди. Қани энди шунақа ишлар бўлса. Мен юз фоиз қўшиламан уларнинг режасига".

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини ислоҳ этишга қаратилган янги фармонига Россиядаги Марказий осиёлик мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этиш билан шуғулланувчи фаолнинг муносабати ана шундай бўлди.

Президент Мирзиёев томонидан кеча пайшанба куни имзоланган мазкур фармонда эса, "консуллик муассасалари фаолиятида кўрсатилаётган давлат хизматларининг тезкорлик ва сифат даражаси, Ўзбекистоннинг хориждаги жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, оғир шароитга тушиб қолган фуқароларга ёрдам кўрсатиш даражаси қониқарсиз аҳволда қолаётгани" алоҳида эътироф этилади.

Суҳбатни BBCUZBEK каналида тингланг

Россия дунёнинг энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.

Биргина расмий ҳисоб-китобларнинг ўзида у ердаги ўзбекистонликларнинг сони бир миллиондан ортиши айтилади.

Улар ортга юбораётган маблағ эса, маҳаллий экспертлар хулосасида, йилларки, Ўзбекистон учун "ижтимоий хавфсизлик камари" вазифасини бажариб келади.

Агар, биргина ўтган йили эълон қилинган расмий маълумотларга таянилса, ўзбекистонликлар 9 ойнинг ўзида ватанларига 2.5 миллиард доллардан ортиқ пул жўнатишган.

Аммо, шунга қарамай, меҳнат муҳожирлиги Ўзбекистонда ҳукумат даражасида эътибор топмай келган энг долзарб масалалардан бири бўлган.

Миллионлаб Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд бўлишса-да, бу икки давлат ўртасида бу хусусда яқин-яқингача ҳукуматлараро махсус шартнома амал қилмаган.

Кеча ва бугун

Полициячи отган ўзбекистонлик: "Мени ўлган одам деб ҳисоблайверинг"

Мигрантлар депортациясига оид қонунга ўзгаришлар

Аммо президент Шавкат Мирзиёев қудратга келган бир йилдан ортиқроқ вақт ичида Ўзбекистон фуқароларининг Россияда ишлаши учун шароит олдинги йиллардагига нисбатан яхшиланди: марҳум президент Каримов ҳукмронлиги йилларида мигрантлар "дангаса" деб таърифланган, уларнинг муаммо ва қийинчиликларига давлат қизиқмаган.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон фуқароларининг Россияда қонуний ишлаб пул топишини Россия раҳбарияти билан муҳокама қилди.

Ташқи Меҳнат миграцияси агентлиги ўзбекистонликларнинг Россиядаги бандлиги билан шуғуллана бошлади.

Россияда Ўзбекистон консулликлари сонини оширишга қарор қилинди, дунёнинг катта сондаги ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида банд давлатарларида мамлакат миграция ташкилотларининг ваколатхоналари очилиши айтилди.

Хорижга ишлаш учун бораётган ўзбекистонликлар бир йилда бир марта давлатдан 300 минг сўм миқдорида беғараз ёрдам олишлари белгиланди.

"Мен Шавкат Мирзиёевнинг олиб бораётган ишларига қараб, кўриб туриб, айтаманки, ҳеч йўқса саксон фоиз ишонч бор, шу нарса бўлиши керак", - дейди суҳбатимиз якунида Санкт-Петербургдан фаол Севара Маннонова.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek