Бу йил Ўзбек ҳожилари 4668 доллар тўлайдилар

Макка. Каъба Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси 2018 йилги Ҳаж зиёратининг нархи 38000000 Ўзбекистон сўми этиб белгилагани ҳақида хабар тарқатди.

Шу кеча-кундузда Ўзбекистон Марказий банки 1 АҚШ долларининг курсини 8146 сўм этиб белгилаган, бу дегани ўзбекистонлик ҳожилар Ҳажга боришлари учун 4668 АҚШ долларига тенг маблағ тўлашлари лозимлигини англатади.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг religions.uz расмий веб-сайтидаги хабарда айтилишича, Саудия Арабистони расмийлари Ўзбекистон ҳукуматининг Ҳаж зиёратини ташкиллаштиришга ёндашувини намунали деб билади.

"Ҳозирги кунда Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ўзбекистон томонининг ҳаж ва умра ишларини ташкиллаштириши, зиёратчиларга қулай шароит яратиш ҳамда кўрсатилаётган хизматларини юқори баҳолаб, дунёнинг ривожланган мамлакатлари Туркия, Малайзия, Индонезия давлатлари қаторида эканлигини таъкидламоқда", дейилади хабарда.

Узоқ йиллар давомида Ўзбекистон ҳукумати Ҳаж зиёратига бормоқчи бўлганларнинг сонини атайин пасайтириб келишда танқид қилинди.

Ўзбекистон расмийларига кўра, 2017 йилдан Ҳаж ва Умра квоталари кўпайтирилган.

"Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан бир гуруҳи бепул ҳажга юборилди. Шу кунга қадар жами 120 мингдан зиёд фуқаро ҳаж ибодатини, 92 мингдан ортиғи умра амалини адо этди", дейилади Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг хабарида.

2017 йил Ўзбекистондан 7200 нафар ёки олдинги йилдагига солиштирганда 40 фоиз кўп мусулмон Ҳаж зиёратини адо этди.

Шунингдек, бундан олдин Ўзбекистонда Ҳажга борувчилар рўйхатига киритилиш учун пора талаб қилиниши ҳақидаги айбловлар илгари суриб келинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ