Олийгоҳга кириш имтиҳонларида порахўрликка йўл қўйилмайдими?

абитуриент Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz

Хоразмлик Хосият опа оиласининг асосий даромади деҳқончилик. Бутун умри далада ўтганлиги учун, ягона қизини олий маълумотли қилиш истагида Тошкентга йўл олганлигини гапириб берганда, халқимизнинг олий таълимга бўлган жиддий ёндошуви ва ишончидан хурсанд бўлган эдим.

"Қизим учун 6 та қора молни боқдик. Ўртакашларга ортиқча пул бергим келмади, шунинг учун университетга тўғри бориб таниш топиш учун йўлга чиқдим", - дейди Хосият опа очиқлик билан.

Адвокат бўлишни орзу қилган Хосият опанинг қизи юридик университетига кириш жуда қиммат турганлиги учун, қайси олийгоҳдан таниш топса, ўша ерда таҳсил олишини сўзлаб берганда, ушбу соҳада юзага келган аҳвол ҳақиқатдан ачинарли эканлигининг яққол исботи эди.

Йиллар давомида чорва боққан ота-оналар фарзандларининг таълим олишлари учун тўплаган маблағларини фақат университетга қабул қилиниши учун сарфлашлари, фарзандлари қай даражада муайян мутахассисликка қизиқиши, меҳнат бозорида ушбу соҳада ўз ўрнини қанчалик топа олишлари бўйича ташвиш тортмаслигига ким айбдор? Хорижда олий маълумотли дипломи билан фақат хизмат кўрсатиш соҳаларида меҳнат қилаётган минглаб ёшларимизнинг ҳаёти учун-чи?

Айбдор илк кундалик эҳтиёжларини (озиқ-овқат, кийим кечак, тиббиёт) қониқтирмасдан, пулини ўз қўли билан порахўрлар қўлига топшираётган халқми, фақат маоши орқали оиласини тебрата олмасдан олий таълим соҳасини катта бизнесга айлантирган порахўрларми? Ёки ҳар икки томон ҳам нотўғри ўрнатилган таълим тизими қурбонларими?

2017 йил 16 ноябрь куни Президентнинг "Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорининг қабул қилинганлиги маълум миқдорда ушбу масаланинг ечимига ойдинлик киритди.

Қарорда белгиланган асосий шартлардан бири, тест жараёнининг ошкора ва шаффофлилигини таъминлаган ҳолда, видеокузатувлар орқали онлайн тизимида жамоатчиликка, жумладан абитурентларнинг ота-оналарига кўрсатишни таъминлашдир.

- Гуруҳимиздаги деярли 70 фоиз талабалар, мутахассислик бўйича бошланғич билимга эга эмас. Уларнинг кўпчилиги "пул билан гаплашилганлар". Шунинг учун дарсларимиз ҳам қизиқарли ўтказилмайди. Эсимда бундан уч йил олдин, кириш имтиҳонлари вақтида ҳақиқий ўйин бўлган эди, - дейди Наргиза.

Аудиторияга ўта расмий кийинган икки нафар аёл кириб, ҳар хил баҳоналар билан 6-7 нафар талабанинг тест топшириқлари варақларини секин йиғиб, тахминан ярим соатлардан сўнг тайёр жавоблар билан қайтадан тарқатиб чиққан эди. Маълум бўлишича, алоҳида яширин хоналарда махсус ёлланган ўқитувчилар тест топшириқларини бажарар экан

Юзага келган бундай ёқимсиз ҳолатнинг тагида аслида фақат ягона сабаб мавжуд. Маҳаллий меҳнат бозоридаги иш ўринларини кучли мутахассис эмас, балки яна 5-6 та қорамоли бор олий маълумот дипломининг эгаси сотиб олиши тайин. Айнан шунинг учун ҳам ёшларимизнинг олий таълим олишдан ягона мақсадлари дипломга эга бўлиш холос, ўзлари қизиққан мутахассислик тўғрисида ўйлаш эса ортиқча хаёлпарастлик. Аммо диплом кимга керак, ҳеч ким билмайди?

Умуман ҳар қандай давлат иқтисодиётини орқага тортувчи омил-бу халқ томонидан йиғилган капиталдан самарасиз фойдаланишдир. Хосият опанинг узоқ йиллар давомида минг заҳмат билан боққан чорвадан тушган маблағи, қизининг малакали мутахассис сифатида тайёрлаб, у орқали даромадни оширишга эмас, балки кейинги дипломли чорвадорни тайёрлашга сарфланиши, мамлакатда узоқ йиллар ҳеч қандай ўзгариш бўлмаслиги учун етарли далил бўла олади.

Энди умидимиз фақат "Республика олий таълим муассасалари бакавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорининг ижросида.

Тизимга киритилган ушбу ўзгариш минглаб оилалар чорваси ёки ҳосили порахўрлар чўнтагида эмас, балки фарзандларининг нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис сифатида камол топишига кўмак бера олади, - деган ниятдамиз.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар