Энди Марказий Осиё ва Россия учун ‘таҳдид’ бироз аридими?

ЎИҲ Фото муаллифлик ҳуқуқи VIDEODAN

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимолидаги энг муҳим ва энг қудратли қўмондонининг ўлдирилиши ИШИД гуруҳига берилган жиддий зарба бўлади.

Покистондан, йилларки, Жанубий Осиёдаги жангари гуруҳлар фаолиятини яқиндан кузатиб келаётган тадқиқотчи-журналист Раҳимуллоҳ Юсуфзайнинг айтишича, Қори Ҳикматуллоҳ Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларини ҳам ҳимоя қилиб, уларга бошпана бериб келган.

"Ўзбекистон дохил қолган Марказий Осиё давлатларидан бўлган жангариларнинг Афғонистон шимолига кириб келишларига кўмаклашган".

"Айнан Қори Ҳикматуллоҳ сабаб, ИШИД жангарилари бутун Афғонистон ва ҳатто, балки Марказий Осиёдан ҳам унинг ҳудудларига кела бошлашган".

"Қори Ҳикматуллоҳ уларнинг энг номдор қўмондонларидан бири бўлган. Ошкора фаолият юритиб келган. Унинг ўлими назарда тутилганда, назаримда, ИШИД гуруҳи Афғонистонда бу яқин йиллар ичида бу қадар кучли зарба емаган".

Суҳбатни BBCUZBEK каналида тингланг

Ўзбекистон Исломий ҳаракати парчаландими?

'Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 'Исломий Давлат'ни дастаклайди'

Ўз вақтида юқори мақомли Толибон қўмондонларидан бири бўлган ва сўнгги бир неча йилнинг ўзида ИШИДнинг Афғонистон шимолидаги илк таянч нуқтасига асос солган Қори Ҳикматуллоҳ ўтган ҳафта мамлакатнинг Туркманистонга қўшни Жузжон вилоятида ўлдирилган.

Унинг дрон ҳужумида ҳалок этилганига оид хабар дастлаб афғонистонлик мулозимлар томонидан эълон қилинган. Кейин уларнинг бу хусусдаги баёнотлари Афғонистондаги НАТО бошчилигидаги иттифоқ кучлари томонидан ҳам тасдиқланган.

"Менимча, Қори Ҳикматуллоҳ ИШИД гуруҳининг Афғонистон шимолидаги энг қудратли қўмондони эди. У, ҳаттоки, гуруҳнинг асосий таянч нуқтаси бўлган Афғонистон шарқидаги қўмондонларидан ҳам кучлироқ эди, назаримда", - дейди Раҳимуллоҳ Юсуфзай.

Қори Ҳикматуллоҳ Афғонистоннинг ИШИД энг фаоллашган ва йилларки, Жузжон вилоятининг энг беқарор икки тумани сифатида билинувчи Дарзоб ва Қўш-Тепа туманларида ораларида хорижликлари дохил "юзлаб жангариларга бошчилик қилган".

Маҳаллий масъуллар унинг қўл остида жанг қилган хорижлик жангариларнинг аксарияти ўзбекистонлик эканини айтишган. Уларни Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзолари"га нисбат беришган.

Аммо Афғонистон шимолидаги қўмондонларининг ўлдирилгани юзасидан ИШИД гуруҳи ҳозирча бирор бир ошкора баёнот билан чиқмаган.

Дарзоб ва ИШИД

Фото муаллифлик ҳуқуқи VIDEODAN

ИШИДнинг "фаоллашуви" сўнгги йилларда Афғонистон шимолилик масъулларнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Уларнинг такрорий мурожаатлари ортидан, Афғонистон Мудофаа вазирлиги яқинда минтақада ИШИД гуруҳига қарши амалиёт олиб боришга ваъда берган.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йил бошидан буён ИШИДнинг шимолдаги асосий истеҳкоми сифатида кўрилувчи Дарзобнинг ўзида Афғонистон ва Америка Кучлари томонидан беш бор махсус амалиёт уюштирилган.

Мувофиқлаштирилган ҳаво ҳужумларида ИШИД етакчилари, аъзолари ва мавқеълари нишонга олинган.

Аммо олиб борилган бу каби амалиётлар ортидан ҳам Дарзобнинг 80 фоизи ИШИД назорати остидалигича қолаётгани айтилганди.

Жузжон - Афғонистоннинг ИШИД жангари гуруҳининг Марказий Осиё билан бевосита чегарадош бир вилояти учун тайин этган ҳокими илк бор қўлга олинган вилоят ҳам бўлади.

Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстум ҳам шу йил бошида Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум ҳамасосчиси ва раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг ўғли ҳам қатор жангарилари билан айнан Жузжон вилоятининг Дарзоб туманига ўтганини иддао қилган.

Ўғлининг ИШИД гуруҳи номи остида Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий вилоятларида фаоллашиш ҳаракатида эканига оид хабарлар отаси - Тоҳир Йўлдош ўлимидан қарийб ўн йилча ўтиб ўртага чиққан.

Шимоллик масъуллар Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум раҳбарининг ўғли Сарипул ва Жузжон вилояти ўртасидаги минтақаларда катта молиявий имконият билан фаолият бошлаганидан жиддий ташвишларини изҳор этиш даражасига ҳам боришганди.

Генерал Абдулрашид Дўстум эса, мавжуд воқеълик Афғонистон шимолида ИШИДга қарши кураш масаласига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини тақозо этишини айтган.

"Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи Афғонистон шимоли орқали аксарияти Марказий осиёлик жангарилардан иборат ўн мингга яқин жангарисини минтақага сиздириш ҳаракатида экани"ни даъво қилган.

Хавотирлар...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/GETTY

Сўнгги пайтларда Россия Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида ИШИД жангариларининг "жиддий ҳозирликлари" юзасидан ўз хавотирларини расман ва ошкора изҳор этишни бошлаган.

Россия томонининг бу хусусдаги сўнгги хавотири ўтган ой охирида Афғонистон можаросига бағишлаб Тошкентда бўлиб ўтган юқори даражадаги йирик халқаро анжуман ортидан янграган.

Йилларки, Афғонистонда якуний сўз ва етакчи мавқеъга эга бўлган Америка юқори мартабали генерали, Афғонистондаги Нато ва АҚШ Кучлари Бош қўмондони генерал Жон Николсон эса, яқинда Москвани мавжуд вазиятдан Толибонни дастаклаш учун баҳона сифатида фойдаланаётганликда айблаб чиққанди.

Покистондан тадқиқотчи-журналист Раҳимуллоҳ Юсуфзайнинг айтишича, "Қори Ҳикматуллоҳдек қудратли қўмондони ўлдирилганига қарамай, бу - Афғонистон шимолида ИШИД билан боғлиқ муаммо ва таҳдиднинг буткул ариганини англатмайди".

"Гуруҳ ҳозир уч томондан: ҳам Афғонистон, ҳам НАТО кучлари ва ҳам Толибоннинг ҳужуми остида. Лекин, шунда ҳам, ўз мавқеъларини қўлдан бой беришганича йўқ. Муайян ҳудуд гуруҳнинг назорати остида қоларкан, бу қолган жангариларнинг у ерга боришлари ва мавқеъларини янада мустаҳкамлашлари учун оҳанрабо вазифасини ўтайверади", - дейди у.

"Қори Ҳикматуллоҳ, сўзсиз, ИШИДнинг жуда муҳим қўмондони эди. Шу боис ҳам, ИШИД унинг ўлими учун қасос олиш ҳаракатларига тушиб кетишига оид хавотирларим ҳам йўқ эмас".

Ўзбекистон дохил қатор минтақа давлатлари раҳбарларининг сўнгги йилларда катта кичик минбарлардан расман ва ошкора изҳор этаётган баёнотларига қарамай, орада кечган вақт давомида ИШИДнинг бирор бир Марказий Осиё давлатига тўғридан-тўғри таҳдид солганига оид бирор бир хабар олинмаган.

Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи Афғонистонга 2010 йилдан бошлаб сизиб киришни бошлаган.

Гуруҳ ўзининг Афғонистондаги илк таянч нуқтасига шарқий Нангарҳор вилоятида асос солган. Зобул ва Ғазнада ҳам фаоллашишга уринган.

Аммо Толибоннинг кескин қаршилиги, икки гуруҳ ўртасида қуруқликда кечган шиддатли жанглар ҳамда Афғонистондаги АҚШ ва НАТО бошчилигидаги иттифоқ кучларининг устма-уст ҳаво ҳужумлари натижасида ўз мавқеъларини деярли бой беришга мажбур бўлган.

Орада кечган вақт давомида ИШИД гуруҳининг Афғонистондаги Хуросон қанотининг барча тўрт лидери ўлдирилган.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, "яна ҳужумлар нишонига айланиши мумкинлиги хавотирида гуруҳ бу гал ўзининг Афғонистондаги қаноти янги раҳбарининг ким эканини ошкор қилмаган".

ИШИД гуруҳининг Хуросон қаноти сўнгги йилларда пойтахт Кобул қадар қатор қонли ҳужумлар уюштиришнинг уддасидан чиққан, аксарияти шиа мазҳабига мансуб мусулмонлардан иборат юзлаб инсоннинг умрига зомин бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek