Ўзбекистон тужжорлари Тожикистон бозорини эгалламоқда

бозор

Шимолий Тожикистонда ўзбек тожирлари савдо қиладиган бозор очилган. «Тожикистон-Ўзбекистон» савдо маркази деб аталаётган бу бозор собиқ «Саховат» бозори ўрнида иш бошлаган. У Хўжандда етти-саккиз чақирим масофада, Бўстон шаҳри ҳудудида, «Сомон», «Карвон», «Баракат» каби йирик бозорлар билан ёнма-ён жойлашган.

Айни бир пайтда Исфара шаҳри марказида ҳам Ўзбекистон маҳсулотлари бозори очилган. Конибодомдаги марказий бозорнинг катта қисми эса, ўзбек тожирлари савдо қилишлари учун ажратилган. Хўжанддаги машҳур «Пайшанбе» бозорига туташ Регистон майдонида ўзбекистонликлар учун савдо қилишга ижозат берилган. Илгари бу майдон фақат сайр ва дам олиш учун ажратилган бўлиб, маҳаллий савдогарларга у ерда савдо қилиш тақиқлаб қўйилганди.

Икки баравар арзон костюмлар

Эрта тонгдан «Тожикистон-Ўзбекистон» бозорига кираверишда ўзбек савдогарлари озиқ-овқат савдосини қизитиб юборишган. Харидорлар кўпроқ Қўқондан келтирилган ҳолваларни харид қилишмоқда. «Икки кун олдин олиб кетгандим. Мазаси ёқиб қолди. Бугун бир кило сотиб олдим», дейди Бўстон шаҳрида яшашини айтган Манзура исмли эллик ёшлардаги аёл.

Озиқ-овқат растасида нималар йўк, дейсиз. Қовунқоқи, қурут, қандолатчилик маҳсулотлари, қовурилган нўхат, ўрамига «спагетти», деб ёзилган макарон. ҳасип… Ҳатто Қўқоннинг машҳур патири ҳам сотилмоқда. Озиқ-овқат сотаётган йигит Бешариқдан келганлигини айтади. «Уч кун олдин келгандим. Ҳамма нарсамни сотиб кетдим. Пулига бу ердан кроссовка сотиб олдим. Бугун кўпроқ нарса олиб келдим», дейди у.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Энди Ўзбекистон қишлоқларида умуман чироқ ўчмайдими?

Эрта тонг бўлгани учун бозор ичкарисида харидорлар ҳали сийракроқ. «Яна қаерда бозор бор? У ерда одам кўпми?», деб сўрайди маҳаллий одамларнинг биридан болалар кийимларини олдига ёйиб ташлаган сотувчи аёл. Анора исмли бу аёл Қўқондан эканлигини, бугун биринчи марта бу ерга келганлигини айтиб, бозорда ўзи олиб келган моллардан кўп эканлиги учун, уларнинг сотилмай қолишидан хавотирлик билдиради. «Ҳали шошманг, бу ерда савдо асосан тўққизларда бошланади», дея у билан суҳбатлашаётган харидор хавотирлигини аритишга уринади.

Ўзбек тожирларининг айтишларича дўконлар бозор эгалари томонидан уларга камида тўрт ой муддатга текинга ижарага берилган. Гарчи кўпгина дўконларда моллар тахлаб қўйилган бўлса-да, дўконлар орасидаги кенг йўлда савдо қилинмоқда.

Ойбек Хўжандга Қўқон шаҳридан Ўзбекистонда тайёрланган сочиқлар олиб келибди. У сочиқлар нархи катта-кичиклигига ва сифатига қараб фарқланишини айтади. Туркия сочиқларидан сира қолишмайдиган чиройли сочиқларнинг иккитаси 55 сомонийдан экан. Бу АҚШ долларига чақилганда 6 долларга тенг. Тўртта сочиқ сотиб олган аёл уларнинг сифати хатто Бирлашган Араб амирликларидан келтирилаётган сочиқлар сифатидан кам эмаслигини айтар экан, қўшимча қилади:

- Лекин нархи бир ярим-икки баравар арзон.

Худди шунга ўхшаш гапни эркаклар ва болалар костюмлари сотилаётган дўконда ҳам эшитамиз. «Бир ҳафтагина илгари худди шу костюмни 400 сомонийга олгандим. Бу ерда 200 сомоний экан, - тўқ кўкиш рангдаги костюмни кўрсатиб бир йигит. - Ановиларини беш юзга ҳам беришмаганди, - у тепада чиройли териб-осиб қўйилган костюмларга ишора қилади.

Бу дўконда наманганлик тижоратчи Улуғбек савдо қиляпти. У чакана сотилаётган костюмлар, пиджаклар ҳам улгуржи нархдаги каби сотилаётганини айтади. Бу костюм ва пиджаклар матоси Туркиядан олиб келиниб, Наманганда тикилар экан.

-Бу ернинг одамлари яхши экан, - дейди қўлидаги телефон рақамини терар экан Улуғбек, - Бир йигит менга ишлатиб турарсиз, деб ўзининг симкартасини ташлаб кетди.

Регистонда ким савдо қиляпти?

«Тожикистон-Ўзбекистон савдо маркази»да бемалол савдо қилиш имконияти мавжуд. Лекин ўзбекистонликлар учун савдо қилишга ажратилган Хўжанддаги машҳур «Пайшанбе» бозорига туташ Регистон майдонида игна ташласанг ерга тушиши гумон. Регистон майдонида бундан тўрт-беш ой олдин маҳаллий савдогарлар асосан мева-чева сотишарди. Лекин кейинроқ бу майдон аҳолининг сайр этиши ва маданий дам олиши учун ажратилди.

Ўзбекистондан товарлар оқиб кела бошлагач, шаҳар маъмурияти Регистонни фақат ўзбекистонликлар савдо қилиши учун ажратди. Лекин савдо-сотиқ қилаётганлар орасида ўзбекистонликларга қараганда маҳаллий олибсотарларни кўпроқ учратасиз. Сотилаётган супургими, қовунқоқими, идиш, кир ювиш воситаларими, челак, пластмасса тоғора ва идишларми - деярли ҳаммаси Ўзбекистондан келтирилган.

«Ана, анови қорача йигит банан сотарди. Энди Ўзбекистондан олиб келинган сопол пул йиққич-ўйинчоқларни сотяпти. Маҳаллий олибсотарлар ўзбекистонликлар олиб келган молларни улгуржи, арзонроқ сотиб олиб, қимматига пуллашмоқда», дейди супурги олаётган аёл»

- Тунов куни ўн сомонийга учтадан супурги олиш мумкин эди. Бу киши донасини беш сомонийдан сотяпти. Сўраб кўринг-чи, у аслида қаерлик экан? - дейди бироз тутақиброқ аёл.

- Шукр қилишни ўрганайлик, - дейди бошқа бир аёл. - Ўзбекистондан супурги олиб келишгунча, битта супургининг нархи ўн икки сомонийга чиқиб кетганди. Мана мен ўн сомонийга икки супурги олдим. Иккита. Яна икки сомоний ёнимга қолди.

- Ҳа ўзимизнинг президентга ва Ўзбекистон президентига раҳмат айтиш керак, - дейди супургини астойдил сиқиб кўраётган киши. - Бозорда қанча нарса арзонлашди. Битта супурги эмас.

«Ка-ат-та бозорда биттагина меҳмонхона қуришмапти-да!»

Шимолий Тожикистонда ўзбек тожирлари савдо қилаётган бозорлар сони тобора кўпаймоқда. Исфара шаҳрида ўзбек маҳсулотлари бозори очилди. Конибодом бозорида ўзбек тожирлари учун алоҳида расталар ажратиб берилди.

Айни бир пайтда «моки» усулида савдо қилиб, пул топаётган ўзбеклар сони ҳам кўпаймоқда. «Азизон» савдо марказидаги асосан кийим-кечак билан савдо қиладиган дўкон сотувчиси бири фарғоналик, иккинчиси андижонлик аёл эркаклар тўнлари ва дўппилари олиб келиб беришганини айтади.

- Ўн кунгина илгари худди шу нарсаларни икки баравар қимматига олгандим. Чопонлар ҳам, дўппилар ҳам ҳафсала билан тикилган. Манови зарчопонга қаранг, - сотувчи аёл дўкон кираверишига, тепадаги кўзга қўринарли жойга илиб қўйилган зарбоф болалар тўнига ишора қилади. - Уни Самарқандда тикишган экан. Ичидаги кўйлакнинг чиройлилигини қаранг.

Айни бир пайтда фақат савдогарлар эмас, балки қариндош-уруғларини кўриш, саёҳат қилиш учун келаётган кишилар чегара-назорат ўтиш масканларида навбат тобора узайиб бораётганидан шикоят қилишмоқда. Худди шундай Тожикистондан Ўзбекистонга ўтиш учун кўп вақт кетаётган экан.

- Мен ўтган куни Бекободга боргандим. Ёшим улуғлиги учунми, навбатсиз ўтказиб юборишди. Лекин навбатда турган ҳамроҳимни Ўзбекистон томонда роса бир ярим соат пойлаб ўтирдим, - дейди Бобожон Ғафуров ноҳиясида яшайдиган етмиш беш ёшли онахон.

Қўқонлик Аноранинг айтишича эса, Андархон-Патар чегара-назорат масканида ўзбек божхоначилари унинг товари учун пул олишмаган, тожик божхоначилари эса каттагина бож топшириш зарурлигини айтишган.

- Улар айтаётган пулни берсам, мен фойда эмас, зарар кўраман, Менинг эшитишимча, 2 минг долларга етмайдиган мол олиб ўтилса, бож олинмас экан-ку, - дейди Анора.

«Тожикистон-Ўзбекистон савдо маркази» бозорида савдо қилаётган кўпчилик ўзбекистонликлар эса, ётиш жойлари йўклигидан нолишди.

- Катта-катта бозорлар қуриб қўйишибди. Лекин ка-ат-та бозорда биттагина меҳмонхона қуришмаган экан-да, - деди эркаклар шимлари ва «футболка»лари билан савдо қилаётган Зуҳриддин исмли наманганлик йигит.

Россияда доллар қимматлаб, тожик пули қурбининг тушиши ҳам ўзбек тожирларини хавотирга солган.

Савдо ўзбек ишсизларига ҳам нон топиб беряпти

Маҳаллий кузатувчиларнинг айтишларича, ўзбек маҳсулотлари кириб келиши билан Тожикистонда кўп нарсаларнинг нархи арзонлашган. Айни бир пайтда Ўзбекистонга олма, нок каби мевалар олиб кетилаётгани боис Хўжандда бу каби мевалар нархи қимматлаган.

"Тожикистонга эса, янги-янги ўзбек товарлари келтирилиши кутилмоқда. Жумладан, Тожикистонда қурилиш-пардоз ашёлари, маиший техникаларга талаботни ўрганган ўзбекистонликлар бу товарларни янги бозорга киритишга тараддуд кўришмоқда", - дейди ўзбек ҳамкасблари билан ҳамкорлик қилаётган хўжандлик тадбиркор Аъзам Акрамов.

Айни бир пайтда Тожикистон ва Ўзбекистон орасида иқтисодий алоқалар тез ривожланиб бормоқда. Тожикистондан Ўзбекистонга электр энергияси узатиш ортидан, Ўзбекистондан Тожикистонга табиий газ етказиб бериш бошланди. Тожикистондан Ўзбекистонга юз минг тонналаб юқори сифатли цемент жўнатилмоқда. Тожикистон қишлоқ хўжалиги соҳасига эса Ўзбекистондан минерал ўғит етказиб берилишини кутмоқда.

Оддий одамлар чегаранинг очилиши ва борди-келдининг яхшиланиши, бозорлардаги арзончиликдан хурсанд бўлишмоқда.

«Савдо аҳли мудом фойда кўриладиган янги-янги бозорлар излашади. Ўзбекистонлик тожирлар учун Тожикистонда бозорлар очилиши албатта у ерга кўплаб тожирларни оҳанрабодай тортади. Лекин шу билан бирга Ўзбекистондаги юзлаб ишсиз кишилар Тожикистонга қатнаб, пул топиш имкониятидан фойдаланиб қолишмоқда. Улар майда савдогарчилик, Тожикистонга юк олиб бориб, улгуржи нархда топширгач, у ердан Ўзбекистонга юк олиб келиб, топшириш-сотиш билан шуғулланишмоқда». Бу гапларни ўз исмини ошкор қилишни истамаган ўзбекистонлик журналист айтди.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek