Милиция муштумзўр ходимларини ҳимоя қилмоқчими?

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ходими Фото муаллифлик ҳуқуқи Sof.uz

Ғаллаороллик Шуҳрат Замонов аёвсиз калтакланган, ҳаётига хавф соладиган жароҳатлар олгани боис Жиззах вилоят шифохонасида амалиётни бошидан ўтказган.

Қариндошларининг хабар қилишича, Шуҳрат Замоновни 9 апрелдан 10 апрелга ўтар кечаси "Қўйтош" ва "Кўкбулоқ" участка нозирлари маст ҳолда калтаклаганлар.

Қийноқлардан бохабар бўлиб, чора кўрмаган расмий қамалади

1987 йилда туғилган ва фермер хўжалигида тракторчи бўлиб ишлайдиган Шуҳрат Замоновни Ғаллаоролдан Жиззах вилоят шифохонасига ётқизишга мажбур бўлганлар.

Шифохонанинг нейрохирургия бўлимида жарроҳлик амалиёти ўтказилган, Шуҳрат Замоновнинг бошидан 30 мл.дан ортиқроқ қотиб қолган қон олинган.

Ҳозир реанимация бўлимида даволанаётган Шуҳрат Замонов кўзи яхши кўрмаётганини айтмоқда.

Уни шафқатсиз дўппослаган икки участка нозири айбларини бўйниларига олиб тилхат ҳам ёзиб берганлар.

Шуҳрат Замонов укаси Дилшод Замоновнинг Би-би-сига айтишича, 13 апрелда муштумзўр икки милиция ходими устидан шикоят аризаси ёзиб топширганлар.

Ушбу ҳодиса юзасидан иш қандай босқичда эканини аниқлаш мақсадида Би-би-си Жиззах вилоят Ғаллаорол туман ИИБга телефон орқали боғланди.

Телефон гўшагини кўтарган сержант, "участка нозирлари маст бўлмаганлар", деб айтди.

"Иш вақтида ходимлар қандай қилиб маст бўлишлари мумкин?", дея савол берди ғаллаороллик ИИБ ходими.

Ғаллаорол туман прокуратураси Шуҳрат Замоновнинг калтаклангани юзасидан иш қўзғатган.

Туман прокуратурасининг Би-би-си билан суҳбатлашган масъули айтишича, ҳозир суриштирув ишлари амалга ошириляпти.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ