Диндорлар Тошкентдаги судда айбловларни рад қилди

суд олди Фото муаллифлик ҳуқуқи Malohat Eshonqulova

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида "Ҳизбут таҳрир" фирқасига аъзоликда айбланаётган 5 диндорнинг маҳкамаси давом этди. Унда Гўзал Тўхтахўжаева ва унинг турмуш ўртоғи Муҳаммад Рашидовларнинг кўрсатмалари тингланди.

Икки судланувчи ўзига қўйилаётган айбларни тўлиқ инкор қилган ва жиноят иши туҳматлигини билдирган.

Гўзал Тўхтахўжаева шу йилнинг 15 январ куни қўлга олинган. Яқинларининг айтишича, у қарийб 10 йил ҳуқуқ тартибот органи ходимлари ушла олса қийнаб туҳмат қилишади, деган қўрқув билан қочиб юрган.

Судда тингловчи сифатида иштирок этган опаси Дилдора Аъзамованинг айтишича, синглисига Ўзбекистон Конституцион тузумига тажовуз қилиш айби қўйилмоқда.

"Унга иккита мана шундай айб қўйилган. Биттаси 2004 йилги иш бўйича, иккинчиси 2017 йил ноябр ойидаги айблов бўйича. Синглим иккаласини ҳам рад қилди. Ҳизбут Таҳрирга аъзо эмаслигини. 2004 йили ёш 18 ёшда бўлганлигини, қўлида чақолоғи, хаста турмуш ўртоғи ва қайнонасига қараб уйдан кўчага чиқолмагани айтди", дейди Дилдора Аъзамова.

Дилдора Аъзамова билан суҳбатни BBCUZBEK.COM нинг YouTube каналида тингланг

Гўзал Тўхтахўжаева айблов хулосасида ёзилишича, у гўё 2017 йилнинг 3 ноябр, жума куни Тошкентнинг Гулбозор маҳалласидаги масжидда ҳамда Минор масжидида "Ҳизбут таҳрир"нинг 14 варақасини тарқатган.

Худди шунга ўхшаш айб яна бир судланувчи Умида Узоқовага қўйилганди.

ЎзА Тошкент шаҳар ИИББ таяниб Умида Узоқова Гулбозор маҳалласида масжидда варақа тарқатганидан сўнг қўлга олинганини ёзганди.

Бироқ Би-би-си изланишлари ушбу хабарнинг ҳақиқатдан йироқлигини кўрсатган.

Кейинчалик бу айб Умида Узоқовадан олиб ташланганди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 16 апрель куни журналист Бобомурод Абдуллаев устидан ҳам маҳкама давом этган.

Судда Бобомурод Абдуллаев мақолаларига холис сифатида гувоҳ бўлганлардан бирининг кўрсатмаси тингланган.

Суд мажлисида тингловчи сифатида қатнашган ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғуновнинг айтишича, холиснинг кўрсатмалари бир-бирига тўғри келмаган.

Суд ҳақидаги видеони BBCUZBEK.COM нинг YouTube каналида томоша қилинг

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek