Мирзиёев қарор билан ўқитувчи ва шифокорлар мажбурий меҳнатини тўхтатмоқчи
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Мирзиёев қарор билан ўқитувчи ва шифокорлар мажбурий меҳнатини тўхтатмоқчи

Президент Мирзиёев Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасига аҳолини, жумладан, ўқитувчи, шифокор ва талабаларни ободонлаштириш ишларига жалб этишни тақиқлаш бўйича қарор ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Самарқандлик ёш педагог Диана Еникееванинг бевақт ўлимига масъул мансабдорлар жазога тортилади.

Президент томонидан аҳолини ободонлаштириш ишларига жалб қилишни қатъий тақиқлаш бўйича Вазирлар маҳкамаси қарор қабул қилиш топширилган. Бу ҳақда Президентнинг матбуот котиби Комил Алламжонов журналистларга маълум қилди.

"Қарорда жойлардаги ободонлаштириш хизматлари фаолиятини кенгайтириш, уларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш бўйича чора тадбирлар ҳам акс этади. Бунда бу борада хорижий давлатларнинг тажрибаси ҳам инобатга олинади", дейган Президент матбуот котиби Комил Алламжонов.

"Жаноб Мирзиёев, сизга хўжакўрсинчилик керакми?"

Мирзиёев ва ҳокимлар - ислоҳотларми ёки хўжакўрсинчилик?

Унинг таъкидлашича, бундан кейин ҳам фуқароларни жамоатчилик ишларига мажбурлаш ҳоллари такрорланса жазо қаттиқ бўлади.

Шавкат Мирзиёев прокуратура олдига ҳам мажбурий меҳнатга жалб қилиш борасида бир қатор вазифалар қўйган.

"Самарқандлик ўқитувчи Диана Еникееванинг бевақт ўлимига сабабчи бўлган мансабдор шахсларни юридлик жавобгарликкка тортиш бўйича топшириқлар берди. Ҳозирдла бу ҳодиса бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда", дейди Комил Алламжонов

Президент матбуот котиби Комил Алламжоновнинг маълум қилишича, Президент ташрифи олдидан Қашқадарёдаги йўл бўйларида ясалган сохта иссиқхоналар, Жиззахдаги тиббиёт муассасасида эски жиҳозларнинг ўрнатилганлиги текширилади.

"Кўзбўямачиликка уринган ёки бунинг олдини олмаган раҳбарлар қаттиқ жазоланади. Давлатимиз раҳбари берган топшириқлар ижроси, айбдорларнинг жазоланганлиги ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали хабарлар бериб борилади", дейди Комил Алламжонов.

14 март куни Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи олдидан кўча тозалашга олиб чиқилган 23 ёшли ўйитувчи Диана Еникеева Камаз остида қолиб ҳалок бўлганди.

Диана Еникееванинг ўлими маҳаллий нашрлар орқали фаол ёритилган ва у жамоатчиликнинг кескин муносабатларига сабаб бўлганди.

Ёш педагог ўлими Ўзбекистонда кенг қулоч отган бюджет ташкилоти ходимларини вазифасига кирмайдиган мажбурий меҳнатга жалб қилиш муаммосини яна кўтарди.

Ушбу ҳодисада жамоатчилик иккига бўлиниб қолгани кузатилди.

Бир томон Самарқанд халқ таълими бошқармаси ва ҳокимияти Диана Еникеева ва бошқа ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинмаганини таъкидлади.

Иккинчи томонда эса журналистлар ҳамда Халқ таълими вазирининг ёш ўринбосари Алишер Саъдуллаев бошчилигидаги ислоҳотчи мансабдор ва депутатлар.

Айрим депутатлар ободонлаштириш учун давлат томонидан ажратилаётган миллиардлаб пуллар қаерга кетаётгани билан қизиқди.

Ҳодисани фаол ёритган самарқандлик журналист Каримберди Тўрамурод эса ҳокимият томонидан босим остида қолди. Номаълум шахслар унга нисбатан ўлим таҳдидлари қилди.

Бироқ Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳодисадан бир ой ўтиб 14 апрель куни Сирдарё вилоятида қилган чиқиши тортишувларга нуқта қўйгандек бўлди.

У ўқитувчи ўлимида Президент сабаб содир бўлгандек айбни ҳис қилаётганини билдирди.

Мирзиёев амалдорлардан кўзбўямачиликни тўхтатишни сўради.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek