Президент Мирзиёевдан кейин Бош вазир ҳам эътибор қаратди, чора кўрилди

Диана Фото муаллифлик ҳуқуқи xabar.uz

Расмий хабарларга кўра, бундан кейин Ўзбекистонда таълим, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари мажбурий меҳнат ва жамоат ишларига жалб қилинмайди.

Бунга ўхшаш ҳолларга ортиқ йўл қўйилмаслиги учун мамлакат бўйлаб масъул шахс ва ташкилотлар зиммасига аниқ вазифалар юкланади, алоҳида ҳолларни назоратга олиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилади. "Жиноий жавобгарликка тортишгача борилади".

Сўнгги янгилик кеча, 17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида шахсан Бош вазир Абдулла Арипов бошчилиги остида ўтказилган махсус видеоселектор йиғилиш тафсилотларидан маълум бўлган.

Суҳбатни BBCUZBEK каналида тингланг

Йиғин, йилларки, "мамлакат аҳолиси ўртасида турли норозилик кайфиятларини келтириб чиқараётган" бу каби воқеъликка шахсан Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзи эътибор қаратиши ва кескин танқидга тутишидан саноқли кунлар ўтиб кузатилмоқда.

14 март куни президент Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи олдидан кўча тозалаш ишларига олиб чиқилган 23 ёшли маҳаллий ўқитувчи Диана Еникееванинг "КАМАЗ" остида қолиб, ҳаётдан кўз юмиши мазкур муаммони яна кун тартибига олиб чиққан.

Ёшгина ўқитувчининг бу каби ўлим топиши кўплаб маҳаллий интернет нашрлари томонидан изчил равишда фаол ёритиб борилган, кенг жамоатчиликнинг эътиборини ўзига тортган, турли ижтимоий мулоқот тармоқларида кескин акс-садоларга сабаб бўлган.

Ўзбекистон Бош вазири раҳбарлиги остидаги видеоселектор арафасида мамлакат президентининг матбуот воизи ҳам чиқиш қилган.

Комил Алламжонов журналистларга, "президент томонидан аҳолини ободонлаштириш ишларига жалб қилишни қатъий тақиқлаш бўйича мамлакат Вазирлар Маҳкамасига қарор қабул қилиш топширилган"и ҳақида маълум қилган.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, узоқ йиллик айни муаммо билан боғлиқ воқеаларнинг бу тариқа фавқулодда ривожи мамлакатдаги аксарият учун кутилмаган бўлган.

Мирзиёев қарор билан ўқитувчи ва шифокорлар мажбурий меҳнатини тўхтатмоқчи

Ким тўғрисини гапиряпти: Самарқанд вилоят ҳокимими ёки прокурори?

"Тарихий йиғин"

Сўнгги хабарлар Ўзбекистоннинг мустақиллиги билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида илк бор кузатилаётган билан ҳам алоҳида аҳамият касб этган.

Мазкур йиғилишнинг умумлаштирилган расмий маълумоти батафсил бир равишда Ўзбекистон Ахборот Агентлиги томонидан ҳам ёритилган.

Айни хабар тафсилотларига таянилса, видеоселектор йиғини чоғида жойлардаги аксарият раҳбарлар томонидан ижтимоий соҳа ходимлари, асосан, ўқитувчилар ва шифокорларни жамоат ишларига жалб қилиш ҳолатлари кузатилаётгани ошкора эътироф этилган.

"Бу каби ҳолатлар давлат раҳбари юритаётган сиёсатга хиёнат экани, маҳаллий раҳбарларнинг бундай нотўғри хатти-ҳаракатлари ислоҳотларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани" таъкидланган.

Олий таълим муассасалари мисолида ўтган бир йил давомида мажбурий меҳнат ва жамоат ишларига жалб этиш билан боғлиқ ҳолатлар рақамба-рақам тилга олинган.

Хабарда келтириб ўтилган рақамларнинг мингларга айланишини кўриш мумкин бўлган.

Йиғилишда мазкур соҳалар раҳбарлари ушбу муаммони бартараф этиш ўрнига, кузатувчи бўлиб ўтиришгани, бу борада аниқ чоралар кўришмаётгани жиддий танқид қилинган.

Ишга масъулиятсизлик билан қарагани, ходимларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинишига йўл қўйиб бергани учун мамлакат халқ таълими, соғлиқни сақлаш вазири ва Жиззах вилояти ҳокими қатъий огоҳлантирилган.

Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимларига нисбатан эса, ҳайфсан эълон қилинган.

Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат ҳолларини кенг ёритиб келаётган ва кечаги видеоселекторни бевосита кузатишга муваффақ бўлган xabar.uz интернет нашри мухбири Жамшид Ниёзовнинг Тошкентдан Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича ҳам, "бу - тарихий йиғин бўлган".

Бунга ўхшаш тадбирни "журналист сифатида ўзлари ҳам илк бор яқиндан кузатиш ва ёритишга имконли бўлишган".

Мажбурий меҳнат ҳолларига чек қўйиш йўлидаги вазифаларнинг ижросига эндиликда мамлакат оммавий-ахборот воситаларининг ҳам фаол жалб этилиши айтилган.

"Бундан буён, агар, кимда-ким мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишига йўл қўядиган бўлса, айниқса, таълим, тиббиёт соҳаси ходимлари ва талабаларни ободонлаштириш ва мажбурий меҳнатнинг бошқа кўринишларига жалб қиладиган бўлса, сўнгги бор огоҳлантирилган".

"Агар, бундан кейин йўл қўйиладиган бўлса, нафақат лавозимидан четлатиш ва ёки ҳайфсан берилиши билан чекланилмаслиги, балки иш жиноий жавобгарликкача бориши ҳақида ҳам айтиб ўтилди", - дейди журналист.

Бундан буёғига мажбурий меҳнат ҳолларининг олдини олиш учун давлат томонидан ажратилган ва ишсиз аҳолини жамоат ишларига жалб этишга қаратилган бир неча юз миллиард сўмлик пулларнинг самарали ижросига жиддий эътибор қаратилиши хосан урғуланган. Масъуллар томонидан ваъдалар берилган.

Журналист суҳбатдошимизга кўра, видеоселектор йиғинннинг руҳи, унда янграган танқид, таклиф ва ваъдалар Ўзбекистонда айни муаммонинг буткул барҳам топиши борасида шахсан ўзида ҳам умидбахш бир кайфиятни пайдо қилмай қўймаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek