Бобомурод Абдуллаев суд залидан озод этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Malohat Eshonqulova

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди журналист Бобомурод Абдуллаев ва яна уч кишини суд залидан озод этган.

Конституциявий тузумга тажовузда айбланган Бобомурод Абдуллаевга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Бобомурод Абдуллаевга прокурор томонидан қўйилган айб судья Зафар Нурматов томонидан Жиноят Кодексининг 159 моддаси, 3 қисм Б бандига қайта малакаланган.

Ҳакам шунингдек, маҳкамада янграган қийноқ иддаолари юзасидан ички текширув ўтказиш ҳақида ажрим чиқарган.

Қолган айбланувчилар-блогер Ҳаёт Насриддинов, тадбиркорлар Равшан Салаев ҳамда Шавкат Оллоёровлар айбсиз, деб топилган.

45 ёшли Абдуллаев ўтган йил 27 сентябрида бедарак кетган ва 29 сентябр куни унинг Тошкентдаги МХХ ҳибсхонасида ушлаб турилгани ўртага чиққанди.

МХХ Абдуллаевни "Усмон Ҳақназаров" тахаллуси остида давлат ва унинг раҳбариятига қарши мақолалар ёзиш ва ҳокимиятни босиб олишга қаратилган "Жатва" ("Ўрим") режасини ишлаб чиқишда айблаган.

Март ойида бошланган маҳкама қийноқ иддаолари остида кечган.

2 май куни ўтган суд мажлисида прокурор Абдуллаевга 5 йил қамоқ жазоси тайинлашни сўраганди.

Прокурор "Жатва"-"Ўрим" номи берилган давлат тўнтариши режаси ўз исботини топмагани важидан уни айбловдан олиб ташлаш ва Бобомурод Абдуллаевга нисбатан Жиноят Кодексининг 159-модда (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-бандидаги айбни (Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш - ) айни модданинг 3-банди (Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиш, шунингдек бундай мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш- ) билан қайта малакалашни ҳам сўраган.

'Усмон Ҳақназаров'

Ўзбекистонда мустақил журналист ва спорт шарҳловчиси сифатида танилган Бобомурод Абдуллаевнинг интернетда "Усмон Ҳақназаров" тахаллуси остида марҳум Ислом Каримов режимини фош қилувчи мақолалар чоп этиб келган аноним муаллиф экани ҳақида биринчи марта мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳ ўтган йил 3 октябрида баёнот берган эди.

Солиҳ ўз баёнотини журналист тақдиридан хавотирда экани билан изоҳлаган.

6 октябрь куни МХХ Бобомурод Абдуллаевни айнан "Усмон Ҳақназаров" сифатида айблаётгани ўртага чиққан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Malohat Eshonqulova

1 октябрь куни Юнусобод туман маҳкамаси чиқарган ажримда Бобомурод Абдуллаев "Усмон Ҳақназаров" тахаллуси остида давлат ва унинг раҳбариятига қарши мақолалар ёзиш ва ҳокимиятни босиб олишга қаратилган "Жатва" ("Ўрим") режасини ишлаб чиқишда айбланган.

МХХ икки ойгача Бобомурод Абдуллаевнинг яқинлари ва адвокатлари билан кўришишга рухсат бермаган.

Яқинлари икки марта мустақил адвокатдан воз кечишга мажбурлангани хабар қилинган.

Тошкент шаҳар судида март ойининг бошида бошланган маҳкамада Бобомурод Абдуллаев тергов жараёнида ўзига нисбатан мунтазам қийноқлар қўлланганини айтиб, терговдаги кўрсатмаларидан воз кечган.

У Усмон ҳақназаров тахаллуси остида 2003 йилдан бошлаб мақолалар чоп этиб келганини тан олган, аммо айни ном остида эълон қилинган барча мақолалар ҳам унинг қаламига мансуб эмаслигини айтган.

Журналист қийноқлар остида собиқ Бош прокурор ва ҳозирда Давлат Хавфсизлик Хизмати раҳбари Ихтиёр Абдуллаев ва Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновлар, шунингдек, бир қатор мустақил журналист ва фуқаро жамияти фаолларига қарши кўрсатма беришга мажбурланганини айтган.

Маҳкама Усмон Ҳақназаров мақолалари юзасидан икки марта экспертиза ўтказган ва 142 мақоладан 66 тасини Бобомурод Абдуллаев Муҳаммад Солиҳ билан ҳаммуаллифликда ёзгани ҳақидаги хулосани тақдим этган.

Экспертлар айрим материалларда ҳокимиятни куч билан ағдаришга оид чақириқлар мавжудлиги, аммо диний ва ирқий низо қўзғаш йўқлини айтганлар.

Бобомурод Абдуллаев интернетдаги мақолалари учун ҳеч кимдан пул олмагани, уларни ўз эътиқоди ва касбий этикасидан келиб чиқиб ёзганини таъкидлаган.

Ҳакам адвокат Майоровнинг Туркияда муҳожиротда яшаётган мухолифатдаги Эрк партияси ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳдан кўрсатма олиш ҳақидаги сўровини қондирмаган.

Муҳаммад Солиҳнинг ўзи Ислом Каримов даврида ҳокимиятни куч ишлатиш йўли билан босиб олиш ва рангли инқилоб қилишга урингани ҳақидаги айбларни рад этган.

Очиқ маҳкама

Бобомурод Абдуллаев устидан маҳкама Ўзбекистон жиноий судлов тарихида мисли кўрилмаган очиқликни намойиш этган.

Суд биринчи марта терговдаги қийноқлар юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинлаган.

Аммо экспертиза "Бобомурод Абдуллаев қийноққа солинмаган", деган хулосани берган.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари журналистга қўйилган айблар сиёсий эканини айтиб, уни дарҳол ва шартсиз озодликка чиқаришга чақириб келганлар.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти Бобомурод Абдуллаев иши Президент Мирзиёев учун муҳим синов эканини айтган.

Жиноят ишини тергов қилган МХХ тергов бўлими ходими Нодир Тўрақулов шу йил бошида Абдуллаев ишига алоқаси бўлмаган айблар билан ҳибсга олингани хабар қилинган.

Судда Нодир Тўрақулов ҳозир бўлмаган, аммо ишни тергов қилган бошқа уч нафар собиқ МХХ терговчилари кўрсатма берган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek