Чегарачилар ҳазиллашмоқда: Тожикистонлик журналистнинг Ўзбекистонга сафари таассуротлари

Чегараолди минтақалар анча гавжумлашган
Image caption Чегараолди минтақалар анча гавжумлашган

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида борди-келдилар осонлаштирилгани, виза тартиби бекор қилинганига қирқ кун бўлиб қолди. Лекин ҳалигача ҳар икки мамлакатда яшаётган жуда катта кўпчиликнинг асосий суҳбат мавзуси деярли йигирма йилдан кейин чегаралар очилгани, узоқ йиллардан сўнг учрашган қариндошлар, қадрдонларнинг севинчи, кўз ёшлари бўлиб қолмоқда.

Ҳамон одамлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонни дуо қилишмоқда, ўзбек ва тожиклар дўстлигининг абадий бўлиб қолишини, борди-келдилар янада яхшиланишини тилашмоқда.

Пулга тўлаётган чўнтаклар

Мен Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан буён биринчи марта Ўзбекистон томон йўлга чиқдим. Тошкентда бундан икки йил олдин бўлгандим. Ўшанда ҳам транзит визаси туфайли қадрдон шаҳарни кўришга муясссар бўлгандим. Чегарадан ўтишдаги одамни камситишгача бориб етадиган текширишлар эсимдан чиққан эмас.

Эрталаб саккиздан энди ўтаётганда, Хўжанднинг «Абрешим» автовокзалига етиб бордим. Ойбек чегара-назорат масканига олиб борадиган машиналар тўхтаб турадиган ерга яқинлашдим. Илгари ҳайдовчилардан бири қўйиб, иккинчиси «Ойбекка! Бўстонга! (Мастчоҳ тумани маркази, у ердан Ойбек кўпи билан ўн дақиқалик йўл), деб туришарди. Негадир ҳеч ким олдимга югуриб келмади ва хизматини таклиф этмади.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Энди Ўзбекистон қишлоқларида умуман чироқ ўчмайдими?

Кичик автобус - «Газел»га чиқаётган кишилардан бири унинг Бўстонга ва «Ойбек»ка боришини айтди. Ҳайдовчи ўтиринг, «Ойбек»кача 12 сомоний ( 9 сомоний - 1 АҚШ долларига тенг), деди. Мен тезроқ етиб олиш учун енгил машиналар турадиган ерни суриштирдим. «Зафира» русумли машина ҳайдовчиси «Ойбек»кача 15 сомонийдан олиб бориб қўядиган бўлди. Олти ўринли машинага мен, конибодомлик уч йигит ва эр-хотин боласи билан ўтиришди.

Бир пасда Хўжанд ортда қолиб, «Зафира» хитойликлар қуриб берган Душанбе-Чаноқ йўлида ғизиллаганча кета бошлади. Ҳайдовчи - мастчоҳлик қирқ беш ёшлардаги киши Хўжандга кунига асосан бир марта, омади чопса, икки марта келиб кетишини, чунки йўловчи ташийдиган машиналар кўпайиб кетганини айтди.

Ва яна бир нарсани таъкидлади: «Чегара очилгач, чўнтагимиз пулга тўла бошлади. Йўловчи кўп».

Бўстондан чиқиб, бирон чақиримча юрмасимиздан, ҳайдовчи ўнг томондаги селлофан ёпилган майдонга ишора қилди. Бу ерлар унга қарашли бўлиб, тарвуз ва қовун эккан экан.

- Чегара очилиши билан бизнинг бозоримизга Бешариқдан қишки қовунлар олиб кела бошлашди. Бозор арзонлаб кетди. Сизларга Бекобод, ўта яқин, бир қадам. Бу йил Ўзбекистондан қовун-тарвуз кўп олиб ўтилса керак. Сиз етиштирган ҳосилингиз ўтмай қолишидан қўрқмайсизми, - деди конибодомлик йўловчилардан бири.

- Худойим ҳаммани ризқи билан яратган. Бизнинг қовун-тарвузларимиз ҳам Ўзбекистонникидан қолишмайди, - дейди ҳайдовчи.

Болали эр-хотин Фотеҳобод деган жойда тушиб қолишади. «Илгари бу ерда ҳам, мен деҳқончилик қилаётган собиқ совхоз-техникумдаги қишлоқларда ҳам ўзбеклар кўп эди. Уларнинг кўпчилиги кўчиб кетишди. Фотеҳободда беш-олтита қозоқлар оиласи қолган», дейди ҳайдовчи.

Бир пасдан сўнг у ўнг томонга ишора қилади:

- Анови симтўрларни кўряпсизларми? Симтўрнинг нариёғи - Ўзбекистон. Симтўрлар биз бораётган йўлдан 150-200 метрча нарида тортилганди.

Ҳайдовчи яна нимадир демоқчи бўлади. Лекин чегарага етиб келганимиз учунми, гапини тугата олмай қолади.

Чарчаб қолаётган қариялар

Темир дарвоза олдида турган тожикистонлик чегарачи йигит паспортимни текшириб, муддати ўтиб қолибди-ку, деди. Мен яхшироқ қарашини, ҳали муддат тугашига бир ойдан кўпроқ вақт борлигини айтдим. У ўтаверишимни айтди.

Божхона томон яқинлашдик. Божхоначилардан бири очиқ эшикни кўрсатиб, ичкарига кириб ўтишимиз зарурлигини айтди. Қўлимдаги нарсани текшириш мосламасига қўяётгандим, ичкарида турган божхоначи «ручной клад» (қўлдаги кичик юк)ни қўйишингиз шарт эмас, дея «оқ йўл»тилади.

Шу лаҳза икки йил олдин Тожикистонга қайтаётганимни эсладим. Ўшанда тожикистонлик божхоначи қўлимдаги юкни текшириб ўтирмасдан, ўтаверишимни айтганди.

Чегарачилар ҳужжат текширадиган бинога яқин йигирма нафардан кўп одам турган эди. Ҳаммаси 25-30 ёшли йигитлар. «Навбат шу ердан бошланадими», деб сўрадим бироз ховотирлик билан. «Биз Россияга кетяпмиз. Шерикларимиз келишини кутиб турибмиз. Биз тушган «Спринтер» олдинроқ келди», деди йигитлардан бири.

Олдинлари чегарачилар ҳужжат текширишаётганда, ташқаридан туриб, очиқ деразадан узатиларди. Бу гал бино ичига кириб ўтиш зарур экан. Бу ерда камида қирқ чоғли одам турганини кўриб, ҳалиги божхона назоратидан ўтганимдан сўнгги хурсандчилик тарқаб кетди. Агар, биттагина паспорт текширувчи ишлаётган бўлса, камида бир соат туришимизга тўғри келади.

Йўқ, ҳар тугул иккита чегарачи ишлаётган экан. Иккита компютер. Ўн беш-йигирма дақиқа ўтди-ёв, чегарачи йигит хужжатимни олгач, отимни айтиб, илтифот билан камера қаршисига туришимни айтди. Бир пасда паспортимга муҳр босиб берди.

Конибодомлик йигитлар билан Тошкентга бирга кетишга келишганимиз учун уларнинг бинодан чиқишларини кутиб тураман.

Энди Ўзбекистон томонга қараб юрамиз. «Ҳаммаси яхши. Лекин чегарадан у ёқ-бу ёққа ўтиш учун яқин ярим километр юриш керак-да, биз - кексалар чарчаб қоляпмиз», дейди кўринишидан етмиш беш ёшлардаги отахон.

Алпомиш эвараси мени тўйига айтмоқчи

Икки томондаги юк ташувчи машиналар орасидан ўтиб, Ўзбекистон байроғи урилган томон яқинлашамиз. Дарвоза олдида турган чегарачи йигит илиқ кутиб олади. Паспортни варақлайди-да, ўтаверишимни айтади. Бирин-кетин конибодомлик йигитлар ҳам ўтишади.

Ўзбекистон чегарачилари ҳужжат текширишадиган бинога кириб бораман. Навбат йўқ. Фақат бир аёл ва бир эркак турибди. Бир дақиқа ўтар-ўтмас, дарича ортида турган чегарачига ҳужжатимни узатаман. У компютердаги маълумотларга кўз ташлайди-да, паспортимга муҳр босади.

Божхоначилар томонга ўтаман. Илгари арзимас маблағинг бўлса-да, декларация тўлғазиш зарур эди. Ва яна бу декларацияда тақиқланган нарсаларинг бор-йўқлигини ҳам. Қаердан қаерга кетаётганлигинг ва бошқа маълумотларни қайд қилишинг шарт эди. Бу гал ҳеч қандай декларация тўлдирмадим. Ўзбекистонниг янги қонунига кўра 2 минг доллардан кам маблағ билан ўтаётган бўлсанг, декларация тўлдириш шарт эмас.

Илгари божхоначилар текшириш учун махсус хонага киритишарди. Энди нима қилишаркин? Текширувчи мосламага нарсамни қўяётгандим, божхоначи қиз уни қўйишим шарт эмаслигини айтди. У ҳам қўлида текширувчи мослама билан турган йигит ҳам «оқ йўл» тилаб қолишди. Конибодомлик йигитларнинг қўллари да юк йўқ эди. Тез ўтишди.

Хуш кайфият билан Ўзбекистонга чиқиладиган дарвозага яқинлашдим. Жилмайиб қарши олган келбатли йигит паспортимни кўргач, жилмайганча қайтиб берди. Асли сурхондарёлик экан. Таъбим чоғлиги учунми, ҳазиллашгим келди:

- Алпомиш авлодидан бўлар экансиз-да?

- Топдингиз. Алпомиш катта бобом бўладилар.

- Барчинни топгандирсиз, ё энди топасизми?

- Топдим, дегунча сизни тўйга айтаман, -дейди чегарачи йигит…

Мендан кейин ўтган конибодомлик йигитларнинг ҳам юз-кўзлари табассумга тўлган эди.

Мен бўлсам, шу чоғ Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмоннинг Душанбедаги том маънодаги тарихий ҳужжатларни имзолаш дақиқаларини кўз олдимдан ўтказиб борардим.

  • BBCUZBEK.COM bilan Telegram orqali +44 7858860002 nomeri bilan bogʻlaning. Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek