Наманганда болаларга ВИЧ вирусини ким юқтирганди?

Қон қуйиш лабораторияси
Image caption Болаларга ВИЧ вируси шифохонада қон қуйиш орқали юқтирилгани айтилади

Қозоғистон ва Қирғизистонда ВИЧ вирусининг касалхоналарда тарқалишига доир шов-шувли хабарлару, маҳкама жараёнларидан кейин навбат Ўзбекистонга келган кўринади.

Ўзбекистоннинг Наманган шаҳридаги шифохонада 2007-08 йиллар оралиғида ВИЧ вируси қарийб бир юз элликка яқин инсонга юқтирилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон телевидениеси ишлаган ҳужжатли фильм Fergana.ru веб саҳифасидан жой олган.

Аммо айни фильм Ўзбекистон телевизион тармоқларида намойиш этилмаган.

Fergana.ru интернет саҳифасида нашр этилган видеода ВИЧ вируси юқтирилиши оқибатида камида 14 бола нобуд бўлгани айтилади.

Ана шу ҳужжатли фильмга кўра, 13 нафар тиббиёт ходимлари устидан жиноий иш очилиб, 12 нафари беш йилдан саккиз йилга қадар қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Ҳужжатли фильмда батафсил маълумотлар берилган эса-да, айни ҳодиса расман тасдиқлангани йўқ.

2008 йилнинг ноябр ойида Би-би-си Ўзбек хизмати Намангандаги шифохоналарда қон қуйиш йўли билан ВИЧ юқтирилишига доир текширув бошлангани ҳақида хабар қилганди.

Бизнинг Наманган ва Тошкентдаги манбаларимизга кўра, айни воқеага доир махсус текширув комиссияси тузилган.

Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари билан бир қаторда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, прокуратура болаларнинг бир эмас, бир неча марта ишлатилган тиббий жиҳозлардан ВИЧ юқтирганига доир воқеани текшираётгани айтилганди.

Би-би-си билан суҳбатда шифокорлардан бири ВИЧ юқтирилганлар асосан янги туғилган чақалоқлар эканини билдирганди.

Биз айни воқеага доир Ўзбекистондаги мутасадди ташкилотлар билан суҳбатлашишга ҳаракат қилгандик, аммо барча уринишларимиз зое кетган эди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам бу борада маълумоти йўқлигини айтган эди.

Аммо миш-мишлар урчийверди

Айрим хабарларда кимлардир ҳибсга олингани ва қамоққа ташлангани ҳақида айтиларди.

Fergana.ru саҳифасидаги ҳужжатли фильм Ўзбекистонда ишланган ва бунга бевосита прокуратура раҳбарлари "оқ йўл" беришган кўринади.

Аммо бу ҳужжатли фильм Ўзбекистонда кўрсатилмаган.

Чунки мутасаддилар аҳоли ўртасида ғазаб ва нафрат уйғонишидан чўчиган бўлишлари мумкин.

Айни фильмда 12 нафар шифокор ва ҳамшираларнинг Намангандаги икки шифохонада санитария қонунларига риоя қилмасдан ВИЧ тарқалишида айбдор топилгани ҳақида сўз боради.

Улар беш йилдан саккиз йилга қадар қамоқ жазосига ҳукм этилганлар.

Ўтган йил январ ойида, фильмда айтилишича, ҳаётдан кўз юмган болаларнинг сони ўн тўрттага етган.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, Марказий Осиё ВИЧ энг тез тарқалаётган ҳудудлардан бири саналади.

Дунёнинг аксарият ҳудудларида бу вирус анча назорат остига олинган бўлса, Шарқий Оврўпо, Россия ва Марказий Осиё касаллик тарқалишининг ўчоғига айланиб бормоқда.

ВИЧга чалинганларга нисбатан ёвқараш ҳамон сақланиб қолаётгани айтилади.

Аҳоли орасида етарлича тушунтириш ишлари олиб борилмайди ва Ўзбекистон бундан истисно эмас.

Мамлакат мутассаддилари бу каби касалликлар ҳақида очиқ сўз юритишмайди.

Ўтган йил 28 яшар Максим Попов айнан ОИТС ва ВИЧ ҳақида огоҳнома чоп этгани учун етти йилга қамоқ жазосига ҳукм этилганди.