Ўзбекистон ва Қозоғистон: мажбурий манфаатдорлик

Қозоқ президенти
Image caption Нурсултон Назарбоев минтақада қурилаётган ГЭСлар масаласида ўзбек ҳукуматининг мавқеъини дастаклагандек бўлди

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар ҳамиша кузатувчиларнинг диққатини тортиб келган ва бугун минтақанинг бу икки йирик давлати турли масалаларда ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда бир-бирларига ён беришга киришган кўринади.

Президент Нурсултон Назарбоев Тошкентда Президент Ислом Каримов билан ўтказган музокарларидан кейин Тожикистон ва Қирғизистонда қурилиши режаланаётган улкан сув тўғонлари бўйича бир қадар жиддий баёнот бериб, ўзбек ҳукуматининг бу борадаги мавқеини янада кучайтирди.

"Биз, Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари улкан сув иншоотлари лойиҳалари, хусусан, Тожикистондаги Роғун ва Қирғизистондаги Қамбар ота тўғонларининг экологик ва техноген хавфлари, сув оқимини бошқариш жиҳатлари бўйича халқаро экспертизадан ўтказилиши лозимлигини таъкидлаймиз," деди Назарбоев.

Назарбоев бу талаб президентлар томонидан эмас, Амударё ва Сирдарё ўзанининг қуйи оқимида яшаётан миллионлаб халқ томонидан қўйилаётганини таъкидлар экан, тўғонларнинг дарё этагида жойлашган давлатларга иқтисодий ва экологик зарар келтирмаслиги учун кафолат зарурлигини айтган.

Тожикистон ва Қирғизистон президентлари билан шахсан гаплашгани ва уларнинг бундай экспертизага қарши эмаслиги ҳақида айтар экан, Назарбоев айни пайтда "биз ҳамкасбларимизни бундай экспертизани дарҳол бошлаш ва у якунланмагунга қадар қурилиш ишларини тўхтатиб туришга чақирамиз," деган.

Бу баёнот Роғун сув омбори туфайли Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар зиддиятли тус олгандан буён расмий Тошкентдан ташқарида янграган илк жиддий баёнотдир.

Бундай жиддий баёнот учун Ўзбекистон ҳам ўз навбатида Қозоғистоннинг баъзи халқаро ва минтақавий ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган, дейди қозоғистонлик кузатувчи.

"Қозоғистониннг Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотига раислиги ва унинг олиймақом учрашувини ўтказишда минтақада етакчи ўрин тутувчи, лекин Назарбоевнинг минтақавий ташаббусларига ҳамиша танқидий қараб келган Ўзбекистон раҳбарининг қўлловига эришиш муҳим масала," дейди кузатувчи.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда қозоқ бизнесига йўл очилиши, қозоқ товарларининг ўзбек бозорларига контрабанда эмас, балки эркин йўл билан кириб келишини таъминлашга эришиш ҳамда чегара олди савдосини кучайтириш қозоқ ҳукуматини жиддий қизиқтираётган масаладир.

Аксар таҳлилчиларнинг минтақада Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари ўртасида етакчилик учун ўзаро рақобат мавжудлиги туфайли икки раҳбар ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашгани ҳақида такрорлаб келадиган фикрлари президент Назарбоевнинг айтишича, "уйдирмадан бошқа нарса эмас".

"Икки мамлакат ўртасида ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ," дер экан, Назарбоев Ўзбекистонга нисбатан анчайин илиқ гапларни айтди. Ўз навбатида Президент Каримов ҳам "қозоқларнинг ютуғи ўзбекларнинг ютуғи ҳамдир, барча муносабатларимиз негизида айни мана шу тамойил ётади" деб айтди.

Бироқ президентлар барча масалалардаги қарашларида якдиллик мавжудлигини таъкидлашларига қарамай, улар айрим мавзуларда "икки тилда" сўзлашлари ҳам сезилиб тургандек.

Жумладан, Назарбоев Қозоғистоннинг Швеция ёки Норвегия билан товар айрибошлаш ҳажми 6 миллиард доллар атрофида эканини айтиб, "елкама-елка турган" Ўзбекистон билан бундай савдо ҳажми қарийб олти баравар камлигидан таажжубга тушса, Президент Каримов масалани бошқача кўради.

"Ўзбекистон товар айрибошлашни экстенсив кенгайтиришдан кўра, мамлакатга технология киритадиган сармояларни жалб қилиш йўлидан бормоқда," дейди Каримов.

Қозоғистонлик кузатувчига кўра, Назарбоевни чегарадан одамлар ва товарлар ўтишини енгиллаштириш масалалари қизиқтирса, Ўзбекистон айни шу чегара назоратини тобора кучайтириш тарафдори.

"Натижада бугун қозоқ товарлари Ўзбекистонга аксар контрабанда йўли билан кириб келмоқда ва бундан қозоқ бизнеси жиддий зарар кўрмоқда," дейди қозоғистонлик кузатувчи.

Унга кўра, бугун президентлар умидбахш баёнотлар берган бўлса-да, Ўзбекистониннг кейинги йилларда изоляция сиёсатини юритиб келаётгани яхши маълум ва бу сиёсатнинг ўзгаришга юз тутиши жуда қийин кечиши мумкин. Натижада эса оддий халқнинг ташрифдан кутаётган натижалари орзу бўлиб қолавериши мумкин, дейди у.