Ўзбекистон: Совуқ келган баҳор ҳосил хавотирини уйғотмоқда

Ўзбекистонда баҳор

Ўзбекистонда бу йил баҳорги ҳавонинг нисбатан совуқ келиши, ернинг кеч етилиши ва экин мавсуми пайти бир неча марта қор ёғиши асосий даромади дон, сабзавот ва мевадан бўлган қишлоқ аҳолиси ва деҳқонларда жиддий хавотир уйғотган. Бошқа томондан эса, маҳаллий ҳокимиятлар йўл бўйларидаги чинор ва теракларни кестириб, одамларга ўз ҳисобидан арча сотиб олиб эктиришни бошлагани аҳолининг норозилигига сабаб бўлган.

64 ёшли Рўзиқул ака Ангрен шаҳри яқинидаги 30 сўтих томорқа ерида ишсиз ўғли, ўқитувчи келини ва уч невараси билан меҳнат қилади. Томорқада 40 туп гилос ва 20 туп бодом бор. 20 март куни ёққан қор ва қордан кейин ҳам ҳавонинг "юришиб" кетмагани уларнинг бу йил бўлажак даромадини жиддий хавф остида қолдирган.

"Кўчатлар орасига эккан ловия ва картошкамиз ҳам энди бўй кўрсатиб қолганди," дер экан Рўзиқул ака катталарнинг куйингани туфайли ёш болалар ҳам тирикчилик ташвиши, даромад ғамига тушиб қолишини айтади.

"Қор ёғишни бошлаганда 12 ёшли қиз-неварам уйга югуриб кириб, бобо, ерни қор қоплаб бўлди, дейди ғамга ботиб. Мен бўлсам унинг югуриб келганидан қорни кўриб қувонган деб ўйлабман."

Бу оиланинг хавотирга тушганича бор, чунки улар бу йил астойдил мевага кирган янги кўчатлардан энг камида 2 миллион сўмдан ошиқ (тахминан 1.000 АҚШ доллари) даромад олишларини қиш бўйи чамалаб келишганди.

Шу кунларда барчанинг оғзида битта гап, гуллаган гилос, ўрик ва бодомларни совуқ урдими ёки йўқми. Баъзи туманларда қор қалин ёққан бўлса, баъзиларида ҳаво совиб, ёмғир ёққан, холос. Одамлар боғларда тезак тутатиб, гуллаган дарахтларни совуқ уришдан сақлаб қолишга уринган.

Image caption Барчанинг оғзида битта гап, гуллаган гилос, ўрик ва бодомларни совуқ урдими ёки йўқми?...

Бизнинг туманимизда беш йил қаторасига ўрик бўлгани йўқ, одамлар ўрикларини ўтинга сотиб юборди. Лекин ўтган йили баҳор яхши келиб, ўрик зўр бўлди. Бу йил эса ўриклар яна мева қилмайди," дейди водийлик Баҳром исмли деҳқон. Унинг айтишича, об-ҳавонинг ўзгариб бораётганидан деҳқонлар қандай кўчат ва сабзавот экиш масаласида ўйланиб қолишган.

Нам ва совуқ келган баҳор сабзавот экишни ҳам анча орқага суриб юборган. Ер жуда кеч етилган, намгарчилик туфайли деҳқонлар ерга кира олмаган.

Қашқадарёлик фермер Фарҳоднинг айтишича, экинлар кеч экилаётгани учун сабзавотларнинг бозорга чиқиши ҳам анча кечикади.

"Ўтган йили пахта кечки бўлгани учун ғалла ҳам кеч экилган." дейди у. "Бундан ташқари бизнинг Шаҳрисабз туманида фермерлар ерини кенгайтириш жараёни яна қайта бошланиб, ер талаш бўлди. Ўтган кузда ўз ерини сақлаб қолишга кўзи етмаган аксар фермерлар пахтадан кейин ғалла эккани йўқ. Энди бу йил фермерлар учун давлатага ғалла топшириш режаси ҳам жиддий муаммо бўлади."

Терак экма, арча эк!

Image caption Оддий аҳоли эса, совуқ ва "арча сиёсати"дан омон қолган мевали дарахтларини асраш билан овора

Ўзбекистонликлар учун бу йилги экин мавсумидаги яна бир янгилик, мажбурий тадбир - йўл ёқасидаги терак ва бошқа маҳаллий шароитга мос дарахтларни ёппасига кестириб, ўрнига арча эктириш бўлди.

Ўтган йили пойтахт Тошкентнинг айрим кўчалари ва марказий хиёбонида юз йиллик чинорлар кесилиб, ўрнига арчалар экилганидан сўнг, вилоят марказларида ҳам чинорларга қирон келганди.

Март ойи бошида эса бутун мамлакат бўйлаб маҳаллий ҳокимият вакиллари йўл бўйида жойлашган хонадонларга бирма-бир кириб, йўл ёқасига экилган терак ёки мевали дарахтларни зудлик билан кесиб ўрнига арча экишни буюрган.

Анора исмли 39 ёшли аёл ҳокимиятнинг бу тадбиридан жиддий зарар кўрганини айтади.

"Асфальт бўйида 30 туп терагим бор эди. Кечқурун келиб, эртага кечгача кесиб олмасанглар, тераклар мусодара қилинади деб айтишди. Ўрнига арча экасанлар, деб дўқ қилишди," дейди Анора. Унга кўра ҳокимият вакиллари унга арча сотадиган кишиларнинг телефон рақамини берган.

"Қўрқиб кетганимдан қишлоқдаги ёғочфурушларга теракларимни арзонга сотиб юбордим. Шу пулга эса донаси 3 минг сўмдан арча кўчатлари сотиб олдим," дейди у.

Бир ой ичида юзлаб километр йўл ёқасидаги тераклар кесилиб, юз минглаб арча кўчатлари экилган. Одамлар бунчалик кўп арча кўчатлари қаердан олинганию бунинг орқасидан кимлар пул қилаётгани ҳақида турли гапларни айтишади.

Йўл бўйидаги барча ташкилотлар ва хонадонлар арча кўчатлари сотиб олиш ва экишга мажбурланган. Маҳаллий кузатувчилардан бирига кўра, ой ўртасида икки кунлик умуммиллий ҳашар ўтказилган, ишчи ва ходимларнинг бир кунлик иш ҳақи давлатга ўтказилган ҳамда бу ҳашардан тушган маблаққа арча кўчатлари сотиб олиш режаланган.

"Бизнинг билишимизча, арчалар икки кунлик ҳашардан тушган маблаққа олиниши керак эди. Лекин бундай бўлмади. Энди бу маблаққа нима бўлганини ҳокимиятдагиларнинг ўзлари билади," дейди у.

Арчанинг ҳеч қандай соя бермаслиги ва ёш кўчатларнинг ёздаги жазирама иссиққа дош беролмаслиги ҳисобга олинса, бу меҳнат ва маблағнинг бесамар кетишидан бошқа нарса эмас, дейди кузатувчилар.

Уларга кўра, бўйи беш-олти қарич келадиган арчаларни ёзги қуёшдан сақлаб қолиш қийин, пойтахт Тошкентдаги каби оқ сурп тортиб соябон қилишга эса оддий одамларнинг на маблағи ва на истаги бор.