АҚШ Ўзбекистонни инсон ҳуқуқларини бузишда айблади

АҚШ Давлат департаменти
Image caption АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон ҳукуматини фуқаролар ҳуқуқларини қўпол равишда бузишда давом этаётгани учун танқид қилди

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон ҳукуматини фуқаролар ҳуқуқларини қўпол равишда бузишда давом этаётгани учун танқид қилди.

Давлат департаментининг инсон ҳуқуқларига оид йиллик ҳисоботида айтилишича, Президент Ислом Каримов ҳукумати "сиёсий ва фуқаровий эркинликларни чеклашда давом этмоқда".

АҚШ Давлат департаментининг 2009 йилга бағишланган йиллик ҳисоботида, ўтган йиллардаги каби, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг аянчли манзараси чизилади.

Қийноқлар ва ҳибсдагиларга қилинаётган бошқа турдаги "ноинсоний муомала", ноқонуний ҳибсга олишлар, адолатли маҳкаманинг йуқлиги, қамоқхона шариотларининг ёмонлиги, фуқароларнинг сўз, матбуот ва намойишлар ўтказиш эркинликларидан маҳрум этилгани, диний эркинликларнинг чекланиши, пахта майдонларидаги мажбурий меҳнат ва ҳоказолар.

Ҳисоботда ўтган йили қийноқлар натижасида вафот этган тўрт нафар маҳбуснинг исмлари келтирилган.

Давлат департаментига кўра, диний экстремизмда айбланиб, маҳкум этилган Абдулатиф Аюпов, Исмат Худойбердиев, Неъмат Зуфаров ҳамда Ғолиб Муллажоновларнинг яқинлари уларнинг баданларида қийноқ белгиларини кўрганликларини айтишган.

Расмийлар маҳбусларни тиббий текширув ўтказилмасидан туриб, тезда кўмиб юборишга мажбурлашган, дейилади ҳисоботда.

Ҳисобот 2005 йилда Андижон воқеаларида қатнашгани айтилган уч маҳбуснинг қамоқхонада вафот этганини қайд этган.

Андижондаги 23 нафар тадбиркордан бири бўлган Муҳаммад Ортиқов ва воқеалар шоҳиди экани айтилган Абдураҳмон Қўчқоровлар номаълум хасталикдан вафот этишган.

Андижон воқеаларидан сўнг ҳибсга олинган Ҳошимжон Қодиров эса, 2008 йилда уриб ўлдирилган, аммо бу ҳақда фақат ўтган йили маълум бўлган.

Муҳожиротдаги андижонликлар гуруҳлари етакчиси бўлган Нурулло Мақсудов 2008 йилда ўзининг тўрт нафар қариндоши қийнаб ўлдирилганини даъво қилган.

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон қонунлари қийноқ ва бошқа ноинсоний муомала турларини таъқиқласа-да, ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик кучларининг маҳбусларни уриши ва қийноққа солиши одатий кўриниш эканини айтган.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон қамоқхоналаридаги шароитлар 2003 йилда БМТнинг қийноқлар бўйича маърузачиси тасвирлаганидан яхши томонга ўзгармаган.

Ўтган йил мобайнида Алишер Кароматов, Юсуф Жума, Солижон Абдураҳмонов ва Аъзам Турғунов каби сиёсий маҳбусларнинг яқинлари уларнинг соғлиги ёмонлашганини айтишган.

Ўтган йил октябрида Халқаро Қизил хоч ташкилоти Ўзбекистон қамоқхоналарига ташрифини қайтадан йўлга қўйган, аммо бу каби ташрифлар олдидан кўзга кўринган маҳбусларнинг бошқа жойга кўчирилгани хабар қилинган.

Ҳисоботда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларида коррупциянинг кенг тарқалгани, милициянинг фуқаролардан пора талаб қилиши одатий ҳол экани айтилади.

"Ҳукумат бундай ходимларни камдак-кам ҳолатларда жавобгарликка тортади," дейилади ҳисоботда.

"Журналистларга нисбатан таъқиблар"

Ҳисоботда ўтган йил мобайнида журналистларга нисбатан таъқиблар давом этгани таъкидланган.

Июн ойида "Етти иқлим" рўзномаси ва "Ирмоқ" журналининг саккиз нафар журналисти Нурчилик диний оқимига мансубликда айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилган.

Ҳисоботда мустақил журналист Дилмурод Сайииднинг маҳалий ҳокимият амалдорлари орасидаги коррупция билан боғлиқ чиқишлари ортидан ўн икки ярим йилик қамоқ жазосига ҳукм этилгани ҳам тилга олинган

Шунингдек, ҳисобот таниқли сураткаш Умида Аҳмедовага қарши "туҳмат айби билан олиб борилган маҳкама иши"га ҳам тўхталган.

Ўзбекистон ҳукумати ўзи истамаган интернет сайтларига тўсиқ қўйишда давом этмоқда, таъкидланади АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида.

Унда айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатини таъқиқловчи халқаро конвенцияларни имзолаганига қарамай, амалда болалар меҳнатидан фойдаланиш давом этмоқда.

Фикр ва мулоҳазаларингиз учун SMS рақамимиз:

+447786201124

Би-би-си Ўзбек хизматининг электрон манзили: uzbek@bbc.co.uk