Андижонга Австралиядан қайтган қочқин ҳибсга олинган

Маҳбуба Зокирова
Image caption Дилором Абдуқодирова Ўзбекистон Олий судида ҳукумат кучлари намойишчиларга ўт очгани ҳақида кўрсатма берган Маҳбуба Зокированинг опаси

Андижон қирғинидан сўнг Австралияда бошпана топиб Ўзбекистонга қайтган Дилором Абдуқодирова устидан конституцион тузумга тажовуз банди бўйича жиноий иш очилган.

Тўрт фарзанди ва эрини Ўзбекистонда қолдириб, аввалига Қирғизистон, сўнг Австралияда бошпана топган Дилором Абдуқодирова Андижон воқеалари бўйича Олий судда ҳукумат қўшинлари халққа қарата ўқ очди дея гувоҳлик берган Маҳбуба Зокированинг опаси.

Дилором Абдуқодирова билан Ўзбекистонни тарк этган укаси Муҳаммаджон Мўминовнинг Би-би-сига айтишича, опасининг турмуш ўртоғи ҳамда фарзандларига Андижондаги маҳалла фаоллари томонидан босим бўлган, Дилором Абдуқодированинг ватанга қайтиши лозимлиги қарийб беш йил мобайнида яқинларига айтилган.

"Уйларига маҳалла комиссияси фаоллари киришиб, мажлисларда ҳам "келининглар келсин, ўзлари келишмаяпти экан. Айтинглар келсин, президентимиз аёлларни авф этган экан. Уларга ҳеч ким тегмайди", деб қайта-қайта айтаверишганидан кейин опам қайтишга қарор қилди, дейди Муҳаммаджон Мўминов.

2010-йил январида Тошкент аэропортида Дилором Абдуқодировани чет элга ноқонуний чиқиш айблови билан ушлашади, бироқ тўрт кундан кейин у оиласи аъзолари билан кўришади.

Муҳаммаджон Мўминов айтишича, опасини Андижон вилоят Ички ишлар бошқармасига "савол-жавоб"га чақириб туришган, бироқ 12-мартда Дилором Абдуқодировага нисбатан жиноий иш очишганини маълум қилишган.

У икки ҳафтадан буён ҳибсда сақланмоқда.

Ҳимоячисининг Би-би-сига айтишича, Дилором Абдуқодировани Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз қилишда айблашмоқда.

2005-йил 13-майида Андижон қирғинидан кейин юзлаб Ўзбекистон фуқаролари қочқин сифатида Оврўпо, АҚШ, Канада ва бошқа мамлакатларда бошпана топишган, орадан икки йил ўтиб бир гуруҳ қочқинлар Андижонга қайтишга қарор қилгандилар.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Андижонга қайтган собиқ қочқинлар ҳукумат таъқибига учраганини хабар қилганлар.