Иванов: 'Янги ГЭСлар масаласида мавқеимиз ўша-ўша'

Роғун ГЭСи қурилиши
Image caption Сўнгги пайтларда, айниқса, Роғун ГЭСи қурилиши Ўзбекистон ва Тожикистон орасида алоқаларни кескинлаштирган

Россия Бош вазири муовини Сергей Иванов Ўзбекистонга сафари давомида Марказий Осиёда йирик ГЭСлар қурилиши масаласида мамлакатининг мавқеи ўзгаришсиз қолишини таъкидлаган.

Жаноб Ивановга кўра, "бу каби қурилишлар барча қўшни давлатларнинг буткул розилиги билан амалга оширилиши лозим".

"Сувдан оқилона фойдаланиш масаласига келсак, бу ерда энг асосийси - барча манфаатдор томонларнинг фикр ва қизиқишлари инобатга олинмоғи лозим. Чунки минтақадаги сув захираларидан фойдаланиш масаласи ҳар беш давлатга бирдек тааллуқлидир. Шу сабабдан ҳам, Россиянинг бу борадаги мавқеи ўзгармасдир," деб айтган Россия Бош вазири муовини.

Россия Президенти Дмитрий Медведев ҳам ўтган йил бошида Ўзбекистонга қилган сафари чоғида худди шундай фикрларни изҳор этганди.

Президент Медведев "Марказий Осиёнинг бир мамлакатида гидроэнергетика станциялари қуриш жараёнида минтақадаги қўшни ўлкалар манфаатларини ҳам назарда тутиш лозим"лигини таъкидлаган ва "агар бу каби лойиҳаларда барча тарафларнинг розилиги бўлмаса, Россия уларда иштирок этмаслигини" урғулаганди.

Сўнгги пайтларда Марказий Осиёнинг икки йирик дарёси бошида турган Қирғизистон ва Тожикистон ўзларининг энергияга ташналикларини қондириш учун юқори оқимда гидроэлектр станциялар қуриш режаларини айта бошлашган.

Айниқса, Тожикистон қуриш ҳаракатида бўлган Роғун ГЭСи сўнгги пайтларда расмий Тошкент ва Душанбе орасидаги алоқаларни янада таранглаштирган.

Таҳлилчиларга кўра, янги ГЭС иқтисодида деҳқончилик катта ўрин тутадиган ва аҳоли зич яшайдиган Ўзбекистонда суғориш сувлари танқислигини юзага келтириши мумкин.

Тожикистон ва қирғизистонлик мутахассисларнинг айтишларича эса, бу мамлакатларда гидроэнергетика станциялари қуриш режалари Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг манфаатларига қарши эмас.

Бироқ Ўзбекистоннинг асосий зироат экини бўлмиш пахта кўп сув талаб қилади ва Ўзбекистон аҳолиси минтақанинг бошқа мамлакатларидаги барча аҳолини қўшиб ҳисоблаганда ҳам қарийб тенглашиб қолади.

Ҳозирда минтақа мамлакатлари ўз ораларидаги сув муаммоларини ҳал этиш учун баҳамжиҳат ҳаракат қилишлари зарурати хусусида тобора кўпроқ гапирилаётир.

Шўро давридаги марказлашган сув таъминоти ва суғориш тизимлари, минтақа мамлакатларининг жуғрофий жойлашуви уларни ўзаро боғлаб қўйган.

Россиянинг ўрни нимада?

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, Россия ўз қарорини амалга тадбиқ этиш қудратига эга - чунки иккала давлат ҳам Россиянинг молиявий ва техник ёрдамисиз айни лойиҳаларни қуриб битиролмайди.

Россия эса, Душанбе ва Тошкент орасидаги учинчи сиёсий ўйинчи сифатида кўрилади.

"Марказий Осиё минтақасида Россия доимий ўйинчи. Шу боис Душанбе ва Тошкент муносабатлари Москванинг минтақада қандай иш олиб боришига боғлиқ. Маълумки, Роғун ГЭСининг қурилиши Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларидаги асосий муаммолар қаторига киради. Роғун ва бошқа баҳсталаб масалаларга ечим топиш, уч томон, яъни Москва, Тошкент ва Душанбенинг ягона тил топа олишига боғлиқ," дейишади улар.

Расмий Москва эса, ўз навбатида, минтақадаги муаммолар баҳонасида Американинг Марказий Осиёдаги таъсирини озайтиришга ҳам уринмоқда.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг шу йил апрел ойига Россияга режаланган сафари чоғида ҳам Роғун ГЭСи қурилиши масаласининг кун тартибида бўлиши кутилаётир.

Бирлашган Миллатлар Бош котиби Пан Ги Мун ҳам тез орада минтақага қилажак ташрифи давомида ГЭСлар дохил Марказий Осиёдаги сув муаммосига ўз эътиборини қаратмоқчи.

Бу мавзуда батафсилроқ