'Ҳужумлар ортидан Россияда ксенофобия кучайган'

Тақирбошлар ҳужуми
Image caption Москвадаги сўнгги портлашлар ортидан Россияда славян бўлмаганларга қарши ҳужумлар янада ортган

Москва метросидаги душанба кунги портлашларни худкуш аёл ҳужумчилар содир этилгани хабар қилиниши ортидан Россияда ксенофобия ҳолларининг янада кучайгани кузатилган.

Москвадаги "Сова" ахборот таҳлилий марказининг маълум қилишича, қўшалоқ портлаш ортидан биргина пойтахтнинг ўзида славян бўлмаганларга қарши 10 дан ортиқ ҳужум қайдга этилган.

Ташкилот раҳбари муовини Галина Кожевниковага кўра, Россия ҳукуматининг бу каби ҳолларнинг олдини олиш йўлидаги ҳаракатлари қанчалик иш бераётганини баҳолаш осон эмас.

"Вазият шундайки, ҳукумат тарқатган ёзма баёнотларни ваҳима ва қўрқувга тушган одамлар жиддий қабул қилишмаяпти. Метрода бораётган одамлар ҳижоб ўраган мусулмон аёлни кўришса, мусулмонлар ҳақида йиллар давомида шаклланган тасаввур ва қўрқувга асосланиб ҳаракат қилишяпти. Уларни на Медведев, на Путин ва на Лужковнинг телевизион баёнотлари қизиқтиради," дейди Би-би-си билан суҳбатида Кожевникова хоним.

У ўзлари расман қайд этган зўравонлик ҳолларининг бирортаси милиция томонидан рўйхатга олинмагани, ҳуқуқ-тартибот ходимларининг бу каби бепарволиклари кишини том маънода қўрқувга солишини айтади.

Кожевникова хонимга кўра, милиция наздида бу каби ҳодисалар умуман юз бергани йўқ.

"Агар бундай ҳолатлар қайд этилса, уларнинг қай шаклда текширилиши ҳам маълум эмас. Биз диний, ирқий ва миллатчилик руҳидаги ҳужумлар албатта текширилиши ва уларни содир этганлар жавобгарликка тортилиши керак деб ишонамиз. Чунки, одамлар ксенофобик ҳужумлар учун жавобгарликка тортилишлари мумкинлигини билишса эди, бундай ҳужумлар юз бермаган бўлурди," дейди у.

"Сова" ташкилоти вакиласи айни манзарада Россия оммавий-ахборот воситаларининг тутаётган ўринларига ҳам алоҳида эътибор қаратади.

Кожевникова хоним Россиядаги телевизион кўрсатувлар ксенофобия кайфиятига йўғрилгани, телевизион кўрсатувлар моҳияти ва уларнинг тақдим этилиши айнан ксенофобияга хизмат қилаётганини айтади.

Маҳаллий кузатувчилар бўҳроний вазият юзага келган пайтда ваҳимага тушиш Россия жамиятига хос нарса экани, агар Россия оммавий-ахборот воситалари бу каби кайфиятни кўпчитмасалар, тез орада миллий озчиликларга нисбатан ёвқараш яна кучсизланишига умид қилишади.

Россия аҳолиси орасида ксенофобик кайфиятнинг кучайиши "Норд Ост" театридаги гаровга олиш воқеаси ва Москвадаги кўпқаватли биноларнинг портлатилиши ортидан ҳам кузатилганди.

Бошқа томондан, ўзи шундоқ ҳам сўнгги йилларда Россияда меҳнат қилаётган марказий осиё ва қафқозлик муҳожирларга қарши ирқий заминдаги ҳужумларнинг кучайгани кузатилади.

Россиядаги айрим инсон ҳақларини сақлаш ташкилотларининг ҳисоб-китобларига кўра, бу каби ҳужумлар қурбонларининг аксарияти марказий осиёликлар ҳиссасига тўғри келади.

Расмий маълумотларга кўра, бугун Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирларнинг сони қарийб икки миллионга етган. Ва ҳар икки давлатдаги фаоллар ҳануз ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳимояси тўлиқ кафолатланмаганидан шикоят этиб келишади.

Бу мавзуда батафсилроқ