Ўзбекистон ва Покистон террорга қарши курашдаги ҳамкорликни кучайтирмоқчи

Владимир Норов
Image caption Жаноб Норов Ўзбекистоннинг Покистонга террорга қарши урушдаги дастагини изҳор қилган

Исломободга сафар қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Покистон ҳукумати ва армияси мулозимлари билан учрашган.

Икки томонлама музокаралар чоғида минтақавий хавфсизлик, терроризм ва диний экстремизмга қарши курашдаги ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилган.

Жаноб Норов Покистон Ташқи ишлар вазири Маҳдум Шоҳ Маҳмуд Қурайший билан музокаралар чоғида, шунингдек, Ўзбекистоннинг Афғонистон орқали Покистонга электр қуввати етказиб бериш таклифини яна бир марта тақдим этган.

Хабарларга кўра, Покистон томони ушбу таклифнинг қанчалик амалий эканини ўрганаётганини билдирган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг Президент Осиф Али Зардорий билан ҳам икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама этиши билдирилган.

Тошкент ва Исломобод савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ниятида экани айтилади.

Бу борадаги ҳукумат комиссияларининг навбатдаги мажлиси шу йил Исломободда ўтиши маълум қилинган.

'Муштарак душман'

Жаноб Норов Ўзбекистон Покистоннинг терроризмга қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини тўла қўллаб-қувватлашини айтган.

Покистоннинг Ассошэйтед Пресс агентлиги (APP) Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг "жангари экстремизм бизнинг муштарак душманимиздир", деган сўзларини келтиради.

Террорга қарши курашдаги ҳамкорлик масаласи жаноб Норовнинг Покистон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи, генерал Тариқ Мажид билан учрашуви кун тартибидаги асосий масала бўлган.

Генерал Мажид ўзбек ҳарбийларини Покистонда тайёргарликдан ўтказишни таклиф этган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг Исломободга ташрифи Покистон армияси Афғонистон билан чегарада хорижий жангарилар, жумладан, ўзбек жангариларига қарши амалиётларни давом эттираётган пайтга тўғри келган.

Ўтган ҳафта Покистон армияси жанубий Вазиристон минтақасида ўзбек ва араб миллатига мансуб жангариларнинг ўлдирилганини айтган.

Ўтган йил ёзида, амалиётлар бошланган пайт минтақада бир неча юз ўзбек жангарилари бор, деб ишонилиш айтилганди.

Ўтган йил ёз ва кузида Жанубий Вазиристонга уюштирилган ҳаво ҳужумлари чоғида ўзбек жангариларининг раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг яралангани ва ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Аммо бу хабарлар ўз тасдиғини топмаган.

Бироқ ўтган йил сентябрида АҚШ ва Покистон расмийлари ўзбек жангариларининг бошқа бир йўлбошчиси Нажмиддин Жалоловнинг ҳаво ҳужумида ҳалок бўлганини тасдиқлашган.

Нажмиддин Жалолов Ўзбекистон Исломий ҳаракатидан ажраб чиққан, деб ишониладиган "Исломий Жиҳод" ташкилотининг раҳбари бўлган.

Ўзбекистон ҳукумати уни 2004 йил баҳорида Тошкентда 30 га яқин кишининг ҳаётига зомин бўлган ҳужумлар учун масъул, деб атаган.

Ўзбекистон ва Покистон 2001 йил 11 сентябрида АҚШда содир этилган ҳужумлар ортидан Қўшма Штатларнинг террорга қарши урушдаги яқин иттифоқчисига айланган.

Покистон ўтмишда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг аъзолари экани айтилган шахсларни Ўзбекистонга топширган.