'Оврўпо Иттифоқи Дилором Абдуқодирова тақдирига бефарқ бўлмасин'

Андижонлик қочқинлар
Image caption Инсон ҳақлари ташкилотларига кўра, Андижонга қайтган қочқинлар босим остида қолганлар

Андижон ҳодисаларидан сўнг хорижга йўл олишга мажбур бўлган қочқинлар томонидан тузилган "Андижон-Адолат ва Тикланиш" ташкилоти Оврўпо Иттифоқига аъзо давлатларга мурожаат билан чиқиб, яқинда Ўзбекистонга қайтган қочқин Дилором Абдуқодирова тақдирига бефарқ қолмасликка даъват қилди.

2005 йил Андижондаги қонли равишда бостирилган исёндан сўнг Австралияда бошпана топган Дилором Абдуқодирова шу йил бошида ватанга қайтишга қарор қилган.

Дилором Абдуқодирова билан Австралияда бошпана топган укаси Муҳаммаджон Мўминовнинг айтишича, опасининг турмуш ўртоғи ҳамда фарзандларига Андижондаги маҳалла фаоллари томонидан босим бўлган, қарийб беш йил мобайнида 45 ёшли аёлнинг ватанга қайтиши лозимлиги яқинларига айтилган.

"Уйларига маҳалла комиссияси фаоллари киришиб, мажлисларда ҳам "келининглар келсин, ўзлари келишмаяпти экан. Айтинглар келсин, президентимиз аёлларни авф этган экан. Уларга ҳеч ким тегмайди", деб қайта-қайта айтаверишганидан кейин опам қайтишга қарор қилди, дейди Муҳаммаджон Мўминов.

Тошкент аэропортига етиб борган вақти уни чегарани ноқонунуий кесиб ўтиш айби билан бир неча кун ҳибсда ушлашган.

Кейинчалик Андижонга кетишига рухсат берилган.

Абдуқодирова хоним фарзандлари, яқинлари билан кўришган.

Лекин Андижонда бир неча бор сўроққа чақирилганидан сўнг Дилором Абдуқодирова 12 март куни ҳибсга олинган.

"Андижон-Адолат ва Тикланиш" ташкилотининг хавотир билдиришича, ҳозирда Абдуқодировага Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз каби жиддий айблов илгари сурилиши эҳтимоли бор.

"Андижон-Адолат ва Тикланиш" ташкилотидан маълум қилишларича, Дилором Абдуқодированинг иши юзасидан очиқ хат эълон қилишган, у Оврўпо Иттифоқига аъзо мамлакатлар раҳбарларига, БМТнинг махсус маърузачисига йўлланган.

"Оврўпо Иттифоқи давлатлари ҳам Ўзбекистонда содир этилаётган инсон ҳақ-ҳуқуқлари мунтазам равишда бузилаётганига эътиборсиз қолмасликка чақирилган. Шу давр мобайнида Дилором Абдуқодированинг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилиб келмоқда. Ҳибсга олинганидан буён на эрига, на бошқа оила аъзосига кўрсатилган. Унинг ҳолидан хабар олмоқчи, иссиқ озиқ-овқат, кийим-кечак бермоқчи бўлганларида ҳам қабул қилинмаган", деб айтди "Андижон-Адолат ва Тикланиш" ташкилоти фаоли Абдусалом Каримов.

Дилором Абдуқодирова Андижон ҳодисалари бўйича Ўзбекистон Олий судида ўтказилган маҳкама жараёнлари вақтида ҳукумат қўшинлари қуролсиз намойишчиларни отгани ҳақида гувоҳлик берган Маҳбубуа Зокированинг опасидир.

Яқинларига кўра, Дилором Абдуқодировани нега Қирғизистондаги қочқинлик жамлоғида хорижий оммавий ахборот воситаларига интервью бергани борасида сўроққа тутишган.

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас