Ўзбекистон: аҳолининг ўртача умри узаймоқдами?

Ўзбекистон кейинги беш йил ичида мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсини орттиришни давлат сиёсатининг муҳим бир қисмига айлантирар экан, бунда асосан мамлакатда фаровон турмуш юзага келганидан дарак берувчи турли кўрсаткичларни тарғиб қилишга астойдил киришган.

Айниқса, мамлакат мустақилликка эришгандан сўнг ёшларнинг "илиги тўлиб", кексаларнинг эса узоқ умр кўраётгани ҳақидаги тарғиботга алоҳида эътибор қаратмоқда. Юз ёшга тўлган кексаларга маҳаллий ҳокимиятлар томонидан совға улашиш ва буни матбуотда кенг тарғиб қилиш йўлга қўйилган.

Ўзбек расмийлари тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш туфайли мамлакатда ўртача умр кўриш 1990 йилдаги 67 ёшдан 72 ёшга кўтарилганини кўп марта такрорлашади. Расмий статистикага кўра, бу давр ичида эркакларнинг ўртача умр кўриши 66 дан 70 ёшга, аёлларнинг ўртача умри эса 70 ёшдан 74 ёшга ўсган.

Давлат назоратида бўлган ўзбек матбуотининг ёзишича, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда "одамларнинг ўртача умр кўриши 4.5 йилга узайгани президент Ислом Каримов юритаётган ижтимоий йўналтирилган ислоҳотлар натижасидир".

Бироқ БМТнинг UNICEF ташкилотининг кутилаётган ўртача умр индексига кўра Ўзбекистонда бу рақам аслида пасайиб бормоқда. Мазкур индексга кўра, 2000 йили мамлакатда "кутилаётган ўртача умр" 76 ёш бўлган эса, 2007 йилга келиб 70, 2008 йили эса 68 ёшга тушган.

БМТнинг дунё бўйича ўртача умр рўйхатида (http://unstats.un.org) келтирилишича, Ўзбекистонда охирги беш йилда ўртача умр эркаклар учун 65 йил, аёллар учун 71 йилга тўғри келган.

Исмини айтишни истамаган Ўзбекистонлик мутахассисга кўра, одамларнинг турмуш даражасини белгиловчи иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичлар одатда реал воқеликни акс эттирмай, юқоридаги раҳбарият учун қилинади.

"Қўшиб ёзиш бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган. Бундай кўрсаткичлар одатда одамларнинг руҳини кўтариш ва дардни бошқалар олдида дастурхон қилмаслик учун ошириб кўрсатилади. Тепадан туриб фақат яхши хабарларга асос бўладиган яхши кўрсаткичлар талаб қилингандан кейин шундай бўлади-да," дейди бу мутахассис.

Ўртача умр мамлакатдаги турмуш фаровонлигини акс эттирувчи кўринишлардан бири экани ҳисобга олинса, Ўзбекистон БМТ Тараққиёт Дастурининг Инсон тараққиёти бўйича 2009 йилги ҳисоботида дунё бўйича Экватор Гвинеясидан кейинги 119 ўринда эканини ҳам айтиш жоиз.

7 йил аввал эса Ўзбекистон бу рейтингда 94 ўринни эгаллаган бўлиб, йиллар ўта 25 поғона пастга тушиб келгани мамлакатдаги ижтимоий ҳаётнинг қандай йўналиш сари кетаётганини кўрсатади.

"Совет нонини еганлар"

Статистик ҳисоб-китоблардан йироқ кишилар назарида бугунги кексаларнинг узоқ умр кўриши ва саломатлиги ҳам нисбатан яхшилиги тинимсиз мақталадиган ижтимоий ва тиббий ислоҳотлар билан эмас, балки ҳозирги кекса авлоднинг аслида зуваласи пишиқ бўлгани билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Тошкентлик 46 ёшли Гулнора исмли ҳисобчи аёлнинг айтишича, кекса авлод совет даврида сифатли ва тўйимли овқат ҳамда малакали тиббий хизматга эга бўлган.

"Мани онамлар 67 ёшда, кўз тегмасин, соппа-соғлар. Ҳа, уларнинг зуваласи тўқчилик пайти пишганда. Советни нонини еб катта бўлган. Манчи, дўхтирга борсам минг битта дард чиқаради, бугунги тирикчилик ташвиши эса дардингизга дард қўшади," дейди у.

Давраларда саломатлик ҳақида гап кетар экан, ҳозирги ўрта ёшлилар кексалардан кўра кўпроқ дардга чалингани,

уларни ишсизлик, оилани боқиш қийинчилиги ҳам руҳан эзиб ташлагани айтилади.

"Ҳозир 30 ёки 40 ёш атрофидаги касаллар келадики, уларнинг руҳий ва жисмоний ҳолати, дардларга мойиллиги 60 ёшли кишиларга хос," дейди Тошкентдаги хусусий шифохона доктори.

Аксар кузатувчилар бунинг сабабини телевизор ва матбуотда кўрсатилаётган фаровонликнинг аслида бўрттирилгани, елкасига оила ташвиши тушганларнинг эртанги кундан умидсизлиги ҳамда умумий руҳий тушкунлик билан боғлашади. Юрак қон томир, қандли диабет, камқонлик каби касалликларнинг кескин ошиб кетгани ва эркакларнинг эрта ўлимга дучор бўлиши ҳоллари кўпайиши сабаблари ҳам шунда экани айтилади.

"Усти ялтироқ ичи қалтироқ"

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда ҳамма нарсанинг фақат ташқи кўринишини безаб, ичига эътибор бермаслик сиёсати оддий одамлар ҳаётига тобора сингиб бормоқда экан.

Ўзбекистон вилоятларидан бирида ишловчи докторнинг айтишича, ҳозирги ёшларнинг сиёсати "қорним оч бўлса ҳам устим бут бўлсин" қабилида.

"Одамлар дабдаба ва зўр кийинишга муккасидан кетган. Уйида ейишга овқати бўлмаса ҳам зўр кийинишим керак деб ўйлайди. Бир мактабни текширувдан ўтказган эдик. Битта синфда 23 нафар балоғатга етган қиздан 21 нафарида гемоглобин кам экан. Эртага бу қизлар қандай она бўлади?!" дейди бу доктор.

Унга кўра, аксар ўрта ҳолдан паст даражада яшовчи оилаларда катталар тўй ва тирикчилик ташвишида, ёшлар кийим ташвишида пул тежашга уринади ва оқибатда "пул фақат қориндан тежаб қолинади".

"Ҳозирги ўрта ёшлилар бугунги кексаларимиз ёшига етганда уларнинг соғлиғи қай аҳволда бўлишини ҳеч ким билмайди," дейди у.

Шейпинг ва Малахов

Лекин мамлакатда ўрта ҳол турмуш кечирувчилар ҳам кўпайиб бораётганини эътироф этган ҳолда, улар соғлом турмуш тарзига тобора кўпроқ эътибор бераётганини айтиш жоиз.

Фотима исмли ҳижоб ўраган 38 ёшли аёл Тошкентдаги спорт саройларидан бирида шейпинг бўйича машғулотга қатнайди.

"Машғулотда менга ўхшаган ҳижобли аёллар кўп, айримлари менинг маҳалламдан," дейди у. Унинг айтишича, бу машғулотларга қатнайдиганларнинг аксарияти уй бекаси бўлиб, ўзига тўқ оилалардан ва одатда икки ёки уч фарзанди бор ўзбек аёлларидир.

"Кимдир уйида ўтиравериб камҳаракатлик туфайли, кимдир овқатланишдан семириб кетган. Бошқалари саломатлик учун қатнайди," дейди у.

Пойтахт Тошкентда соғлом турмуш тарзи ва халқ табобати амалларига эргашган кишилар орасида Россиянинг СТС телеканали билан ҳамкорликда очилган СофТС телеканали орқали бериладиган "Малахов плюс" кўрсатуви энг машҳур ва севимли дастурлардан биридир.

Соғлом турмуш тарзи ва халқ табобати бўйича турли тавсиялар берадиган бу кўрсатув айниқса аёллар ва кексалар орасида жуда машҳур. Ўзбекистонда тиббиёт соҳасидаги порахўрлик ва коррупциянинг юқори даражада экани ва тиббий хизматлар нархининг ўта баландлиги манзарасида бу каби кўрсатувлар жуда тез оммалашиб кетади.

Кўрсатув олиб борувчиси Малахов ва унинг телемеҳмонлари тавсия этган гиёҳлар Тошкент бозорларида кейинги кўрсатувга қадар энг олди "товар" бўлиб туради.