Изҳор эҳтиёжи ва ё форумлару блоглар ҳақида

Image caption Баҳс қизғин...фақат форумда

Интернет оммавийлашар экан ҳаётдаги чойхона, гаштак ўрнини интернетнинг қулайликлари эгаллаб олаётганини кўриш мумкин. Бу восита орқали минглаб чақирим масофалар бир сонияликка айланди. Ўзбекистоннинг асфалти кетиб чанг кўчаларга айланаётган туман марказидаги интернет кафе деб аталиш маскандан туриб, олис Оврўпа ёки уммон орти Америкадагилар билан дераза ортида гаплашгандек ҳамсуҳбат бўлаверасиз.

Интернет оламининг имкониятлари шу даражага етмоқдаки, энди бир бирини фақат ники (интернетдаги тахаллус) орқали танийдиганлар виртуал партиялар тузиб давлатни бошқариш сирларини ўрганмоқда.

Бу сўз ҳаётимизга кириб келиши билан ундан биринчи бўлиб ҳар доимгидек ўрганишга чанқоқ ёшлар кенг фойдалана бошлашди.

Интернет шинавандаларининг энг кўп вақт сарфлайдиган манзилларидан бири бу форум. Интернет фойдаланувчиларининг ўзбек тилида бу сўз аллақачон оммавийлашиб кетган бўлса ҳам унга анжуман, ёда фикр алмашиш воситасида дея таъриф бериш мумкин.

Асосан турли никлар билан кириб фикр қолдириладиган бундай форумларнинг ҳили кўп. Аммо Ўзбекистон шароитида уларни мамлакатда муаммосиз очиладиган ёки тўсиқ қўйилганларга бўлиш мумкин.

Arbuz.com форуми Ўзбекистон ёшларни қўллаб қувватлаш “Умид” жамғармаси орқали хорижга ўқишга кетган талабалар томонидан ташкил қилинган. Ушбу сайтга асосан ўзбекистоннинг ичидаги ва хориждаги ёшлар ҳамда турклар киришади.

Фаолиятини бошлаганига 10 йил бўлган ушбу сайт унутилган "умид"чи талабалар қисматига ўхшаб Ўзбекистонда бир неча йилдан бери очилмайди.

Аммо шунга қарамай сайтга турли айланма йўллар орқали кириб турадиган ёшларни кўп учратасиз.

Сайтда энг қайноқ бўлган мавзулар бу Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеа ҳодисаларга нисбатан берилаётган муносабатлардир.

"Қаердасан, саодат соҳили?.."

Image caption Ўзбекистонда блоглар энди-энди шаклланмоқда, аммо Эронда блоглар инқилобий паллага етгани айтилади

Ахборот тарқалишини қаттиқ чекловчи Ўзбекистондан чиқадиган ҳар қандай хабар ҳам чет элдаги форумчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинади ва муҳокама қилинади.

Хабарлар ичида ҳеч қайси интернет саҳифаларида учрамагани ҳам чиқиб қоладики, бу фуқаролик журналистикасининг ўзига хос тури эканидан далолат қилади.

2005 йилдаги Андижон воқеалари сайт тарихида энг кўп муҳокама қилинган ва охир оқибат шахсиятларга ўтиш ортидан ёпиб қўйилган мавзулардан биридир.

Форумда ҳам мухолифат, ҳам ҳукумат тарафдорлари, диндору атеист ва дунёвий қарашдаги одамларни учратиш мумкин. Муҳожир бўлиб ватанга боролмайдиганлар ва Ўзбекистоннинг ичидан туриб янгича ҳаво олишга ҳаракат қилаётган ёшларни ҳам кўрасиз.

Сайтнинг оммавийлигини шундан ҳам билиш мумкинки, агар google.com излаш қидирув саҳифаси орқали Ўзбекистонга алоқадор бирор савол берсангиз биринчи сайтлардан бўлиб arbuz.com чиқиб келади.

Албатта турли қараш вакилларининг мавжудлиги сабаб мавзулар қизғин муҳокама қилинишини кўришимиз мумкин.

Бир кунда сайтга ўртача 300-400 фойдаланувчи киради. Фикрларнинг ўта кескинлиги боис ҳам ушбу сайт Ўзбекистонда чеклаб қўйилган.

Форумдаги ҳаёт аста секин виртуалликдан ҳақиқийликка кўча бошлаган. Форумларда топишиб турмуш қурган йигит қизлар 2-3 фарзандли бўлишга ҳам улгуришди.

Яна эътиборли томони, АҚШ, Москва, Лондон каби шаҳарлар ва Ўзбекистонда форумчилардан ташкил топган ўзига хос гуруҳлар тузилмоқдаки бу виртуал дўстликнинг реал ҳаётга кўчаётганидан далолат беради.

Аммо шундай бўлса-да шахсий хавфсизлигини ўйлаган яна бир тоифа фойдаланувчи ўзининг исми шарифи ва касбини сир тутишга ҳаракат қилади.

Ўзбекистонда яна бир оммалашган форумлардан бири бу uforum.uz. Унинг ўзига хослиги иштирокчиларнинг кўпчилиги асл исм шарифи ва расмлари билан қатнашади.

Форум асосан комютер ва алоқага ихтисослашга бўлса-да, унда турли касб эгалари ва талабаларни учратиш мумкин.

Сайт Ўзбекистонда рўйхатдан ўтгани боис, унда сиёсатга алоқадор ўткир мавзулар деярли учрамайди.

Аммо шундай бўлса-да, таълим соҳасидаги айрим қаллобликлар бу сайтларда онда сонда учраб туради.

Форумнинг яна бир ўзига хослиги шундан иборатки, ҳар иштирокчи ўзининг блогини яъни кундалигини юритиши мумкин. Форумдаги блогларнинг бошқалридан фарқи унинг кузтаувчиларининг кўплиги ва бошқа иштирокчиларнинг ҳам фаол иштирок этиишидир.

Arbuz.com да энг машҳур бўлган блоглардан бири, Олмонияда фаолият юритадиган Lost лақабли бир йигитнинг Das Blog деган кундалиги. Унга шу кунгача 125 мингдан ортиқ ташриф буюрилган. Ўзининг аччиқ аччиқ гаплари билан ҳеч кимни аямайдиган бу блоггер, форум иштирокчиларини интерьвю қилиб чиқишни ҳам йўлга қўйган.

Учоқларда учувчи, ҳадисшунос олим, талаба каби турли касб эгалари бўлмиш ўзбекистонликларнинг дунёқараши, қизиқишлари ва бошидан ўтганлари билан танишаверасиз.

Бир сўз билан айтганда виртуал жамият.

Форумда кашф бўлган шоирлар ҳам талайгина. Бундай шахсларнинг шеърлари бирор ерда чоп этилмаган бўлиши мумкин, аммо форумга аъзолик йилларида вужудга келган илҳом намуналари форум саҳифаларида ўрин олган.

Форум ижодкорларидан шеърларидан намуналар

Sog'inch

Qishlog'im sog'indim juda ham,

Ufqqa tutashgan dalalar,

Oftobda qorayib chinakam,

Chiniqqan sarpoychan bolalar.

Yodimda: ko'chani changitib,

O'ynardik charchamay chiliklar,

Otamiz, onamiz gangitib,

Qochardik ko'rsatib qiliqlar.

Esimda suv kechib, shalabbo,

Kanalda boldirg'on o'rganim,

Yodimda tutgayman doimo,

Maykamga qulupnay terganim.

Yoshligim! Vujudim qaltirar,

Bo'g'zimga tiqilar hayajon,

Ko'zimda achchiq yosh yiltirar,

Ko'rmasman seni men hech qachon! Shokirbek

Burgutlar qaytajak Do’stim,

burgutlar kelajak o’lkaga qaytib

Qanotlari ko’k choyshabin yirtib uchajak!

Yashin kabi hur parvozi shamshirdek chaqnab

Mazlum millat ma’vosini yana quchajak!

Zanjirlarning chuqur botgan qonli izlari

Zabun yurtning gardanidan boradi o’chib,

Asrlardir tuproq bo’lib toptalgan erlar

Bugun burgut bo’lib ko’kka ketmoqda ko’chib.

Sohibini topajakdir bu ulug’ tog’lar

Qadalgusi cho’qqilarga zafar bayrog’i,

Eshitilar burgutlarning qiyqiriqlari

Yana shonli yuksalishning yetilmish chog’i!

Desperado