Ўзбекистон пойтахтида "аксил-террор машқлар" ўтказилган

Милиция ходими
Image caption Тошкентда аксил-террор машғулотлар мунтазам ўтказиб турилади

Бир қатор Интернет хабар агентликларининг хабар қилишларича, Тошкентнинг бир неча мавзесида эҳтимолий террорчилик ҳужумларини олдини олиш мақсадида Фавқуллода вазиятлар вазирлиги ва ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари иштирокида аксил-террор машғулотлар ўтказилган.

"Uzmetronom" мустақил интернет сайтининг "ишончли расмий манбалар"га иқтибосан маълум қилишича, машқларни ўтказиш ери сифатида бозор, "Интерконтинентал" меҳмонхонаси атрофи ва "Бунёдкор" метро бекатлари танланган.

Гувоҳлар кўчалар тўсиб қўйилгани, отишмалар садосини эшитганликларини хабар қилишган.

Аммо "Uzmetronom"га кўра, отишма бўш ўқлар билан олиб борилган.

Машқлар ҳақида маҳаллий аҳоли огоҳлатирилмагани туфайли турли миш-мишларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган.

Шарҳловчиларга кўра, машқлар Москва метросида яқинда рўй берган террорчилик ҳужумларидан сўнг бу каби эҳтимолнинг олдини олиш масадида ташкиллаштирилган кўринади.

Аввалроқ маҳаллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Москвадаги ҳужумлардан сўнг Тошкент шаҳрида расмийлар гумони остида бўлган шахсларнинг сўроққа тутилишлари ва уйларда тинтувлар ўтказиш ҳоллари кўпайгани ҳақида хабар қилгандилар.

Уйларида тинтув ўтказилганларга милиция ходимлари бу Москвадаги ҳужумлардан сўнг ўтказилаётган тадбирлар эканини айтганлар.