Жиззахлик 25 нафар диндор қамоқ жазоларига маҳкум этилди

Image caption Айбланганларнинг яқинлари вилоят ҳокимияти олдида бир неча норозилик намойишларини ўтказишган

Жиззах вилоят маҳкамаси "ваҳҳобий" ва "ислом жиҳодчилари" экани даъво қилинган 25 шахсни қамоқ жазоларига маҳкум этди.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановнинг қамалганлар яқинларига иқтибосан айтишича, диний экстремизм ва давлат тузумига тажовуз қилишда айбланган 25 кишига икки ярим йилдан ўн йилгача қамоқ жазоси тайинланган.

Айбланувчилар маҳкама жараёнида ўзларига қўйилган айбларни рад этишган ва қийноққа солинганликларини айтганлар.

Уларнинг яқинлари қийноқ даъволарини текшириш ва маҳкама ишини қайта кўриб чиқишни талаб қилиб, вилоят ҳокимияти ва прокуратура олдида бир неча норозилик намойишларини ўтказишган.

'Жиҳодчилар'

32 ёшли Мисрдаги Ал-Азҳар Университетида таҳсил олган Акмал Улуғмуротов ҳамда Пахтакор туманидан бўлган яна 24 киши "жиҳодчилар" деб номланган диний гуруҳ мансублари экани даъво қилинган.

Айблов хулосасида уларнинг битта жамоатга мансуб бўлганлари, бирга масжидга қатнаб, суҳбатларда иштирок этишгани айтилади.

Маҳкама жараёнини кузатаётган норасмий "Эксперт ишчи гуруҳи"нинг айблов хулосасига иқтибосан маълум қилишича, 35-40 ёш орасидаги аксарияти ишсизлардан иборат айбланувчилар ўз суҳбатларида диний ва дунёвий давлат мавзуларини муҳокама этишган.

Айбномада, шунингдек, уларнинг бот-бот йиғилиб, қамоқхоналардаги вазият ва Ўзбекистонда жиҳод қилиш имкониятларини муҳокама этганлари иддао этилади.

Айбланувчилар ўтган йили Андижонда содир этилган ҳужумлар ва Тошкентда таниқли имом Анвар қори Турсунов ва Ички ишлар вазирлиги мулозими Ҳасан Асадовга уюштирилгани даъво қилинган суиқасд ортидан ҳибсга олинган.

Айни жиноят иши бўйича пойтахт ва бир қатор вилоятларда ўнлаб одамларнинг ҳибсга олинганликлари хабар қилинган.

Маҳкама айни қотилликлар юзасидан Тошкент ва Сирдарё вилоятларида бошланган маҳкама жараёнлари билан бир вақтда ўтган.

Айблов хулосасида уларнинг ўзбекистонлик таниқли имомлар Абдували қори Мирзаев ва Обидхон Қори Назаровлар билан бир қаторда ҳозирда ҳибсда бўлган таниқли журналист ва бошловчи Хайрулло Ҳамидовнинг диний-маърифий чиқишларидан илҳомланганликлари айтилган.

Норасмий Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳига кўра, Тошкент, Сирдарё, Қарши ва Жиззахдаги сўнгги маҳкама жараёнларида ўнлаб одамлар маҳкум этилган.

Гуруҳ раҳбари Сурат Икромовга кўра, ҳукумат сўнгги пайтларда аҳоли орасида динга эътиқод қилувчилар ва масжидга қатновчиларнинг кўпайганидан хавотирда.

Ўтган йили АҚШ Давлат департаменти ўзининг дин эркинликларига оид йиллик ҳисоботида Ўзбекистон ҳукуматининг масжидларни қаттиқ назорат қилишига қарамай, масжидга қатновчи мусулмонлар, айниқса ёшларнинг кўпаяётганини қайд этган.

Ҳисоботда жума намозларига борувчи давлат хизматчиларининг ҳам кўпайгани айтилади.

Кузатувчиларга кўра, мамлакатдаги ижтимоий адолатсизлик, коррупция ҳамда ҳукуматнинг репрессив сиёсати тобора кўпроқ одамларни Исломдан нажот қидиришга ундамоқда.