Алишер Усмонов-Британиянинг олтинчи энг бой одами

Image caption Алишер Усмонов бир йилда ўз бойлигини икки ҳиссага кўпайтирган

Sunday Times рўзномасига кура, асли ўзбекистонлик Алишер Усмонов Британиянинг энг бой одамлари рўйхатида олтинчи ўринни эгаллаган.

Рўзноманинг ёзишича, 56 ёшли Алишер Усмоновнинг бойлиги 7.2 миллиардга тенг.

Бу ўтган йилга нисбатан 213 фоизга кўп, демакдир.

"Металлоинвест" ширкати ва Лондоннинг "Арсенал" футбол клуби соҳибларидан бири бўлган жаноб Усмонов бир йил ичида Британиянинг энг бой одами-Лакшми Митталдан ҳам кўпроқ бойиган.

Бойлар инқироздан чиқиб олишди

Sunday Timesнинг қайд этишича, Британия иқтисодий инқироздан энди-энди чиқаётган эса-да, мамлакатдаги бой одамларнинг умумий сармояси 30 фоизга ошган.

Бу сўнгги 21 йилдаги энг юқори кўрсаткичдир.

Sunday Timesнинг "бойлар рўйхати"ни тузган Филипп Бересфорднинг ёзишича, 2008-2009 йиллардаги молиявий инқироздан кейин аҳвол ўнгланмоқда.

Рақамларга кўра, 2008 йилда бойлиги камайган корчалонлар бу йилга келиб, аввалгига қараганда ҳам кўпроқ бойиганлар.

Sunday Times Британиядаги 1000 та энг бой одамнинг молиявий аҳволини ўрганган.

Рўзномага кўра, иқтисодий инқироздан кейин қимматли қоғозлар, хомашё ва кўчмас мулк нархлари кўтарилаётгани миллиардеру миллионерларнинг активлари ортишига сабаб бўлган.

Британиянинг энг бой одами ҳиндистонлик бизнесмен Лакшми Миттал бўлиб, бу йил унинг сармояси 22 миллиард 400 миллион фунт стерлинг ёки 34 миллиард доллардан кўпроқни ташкил этган.

Британиянинг энг бой 10 одами рўйхатига икки Россия фуқароси кирган.

Лакшми Митталдан кейин иккинчи ўринда 11.4 миллиард доллар билан россиялик бизнесмен Роман Абрамович турибди.

Рўйхатнинг 6-ўрнини эса миллати ўзбек Россия фуқароси Алишер Усмонов эгаллаган.

Sunday Timesга кўра, Алишер Усмоновнинг бойлиги ҳозирга келиб 4 миллиард 70 миллион фунт ёки 7,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Британия рўзномаси Алишер Усмонов охирги бир йилда ўзининг бойлигини 213 фоиз кўпайтиришга эришганини ёзади.

Жаноб Усмонов ўтган йили 12-ўринда бўлган бўлса, бир йил ичида бойлар рўйхатида 9 ўрин юқорилаган.

Sunday Times Алишер Усмоновнинг Россиянинг йирик пўлат-кончилик ширкати "Металлоинвест" соҳибларидан бири экани, Лондондаги "Арсенал" футбол клуби ҳиссаларининг 26 фоизига эгалик қилиши ва Лондон шимолида 48 миллион фунт стерлингга ҳовли сотиб олганини эслатади.

Охирги пайтда банкирларнинг мукофот пулларига жорий этилган солиқлар туфайли пулдорлар Лондондан кўра дунёнинг бошқа шаҳарлари, бошқа молиявий марказларини афзал кўришлари ва пулларини кўчиришлари мумкинлиги ҳақида хавотирлар янграганди.

Аммо Sunday Times нинг ёзишича, хорижий олигархлар ҳамон Лондонни база сифатида кўриб, бу ерга тўпланмоқдалар.

"Бу ерни хавфсиз бўлгани, коррупция даражаси паст ва сифатли хизмат кўрсатилиши учун яхши кўрадилар", деб ёзади рўзнома.

Жами бойларнинг сони бир йил олдинги 43 тадан 53 тага етган ва уларнинг умумий бойлиги 515 миллиардга тенг.

Шарҳловчиларга кўра, кейинги ҳафталардаги парламент сайловларида ҳукуматга ким келишидан қатъий назар, иш жойлари ташкил этишда ва миллий қарзни қисқартириш мақсади учун зарур бўлган солиқ даромадларида бу ҳукумат Британиянинг энг бой одамларига қаттиқ боғлиқ бўлади.

"Бойлар кўпайиб, бу мушкулотни ечадилар ва ўзларининг хавфсиз ҳаётларини кўзлаб, ҳамма нарсани сотиб, солиқ кам жойга кетиб қолмайдилар, деб умид қилайлик", деб ёзади Sunday Times.