"Ўзбек аёллари мажбуран бичилмоқда" - британ мақоласи

Image caption Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда фарзанд кўриш даражаси тушган

Ўзбекистонда аёллар алдаб бичилмоқда. Британияда чоп этилувчи The Sunday Times рўзномасида чоп қилинган мақола сарлавҳаси ана шундай.

Рўзноманинг Москвадаги мухбири Марк Франкетти олиб борган тадқиқот ўзбекистонлик бир неча аёлларнинг кўрсатмаларига асосланган.

Мақолада ўзбекистонлик бир неча аёллар уларни шифокорлар ҳеч қандай огоҳлантиришсиз стерилизация қилишганини айтишади.

Муаллиф, жумладан, қашшоқ деҳқоннинг рафиқаси 28 ёшар Гулбаҳор Завидованинг мисолини келтиради. У бир неча ой бола кўришга уриниши ортидан касалхонага мурожаат қилганида, шифокорлар унга энди бола кўра олмаслиги, чунки у бичилганини айтишган.

Гулбаҳор Завидова журналистга шифокорлар ундан розилигини сўрамай бичишгани, ва энди фарзанд кўра олмаслигини билган эри уни ташлаб кетганини билдирган.

"Ҳар куни йиғлайман. Нималар қилиб қўйишганини билганимдан кейин даҳшатга тушдим. Бундай жирканч нарсани нимага мендан сўрамай қилишди?" - дейди Завидова хоним.

Муаллифнинг ёзишича, инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Завидова каби минглаб аёллар розилиги сўралмасдан стерилизация қилинган. Унга кўра, мазкур чора амалга оширилишига шахсан Президент Ислом Каримов буйруқ берган.

Мақолада айтилишича, инсон ҳуқуқлари фаоллари мазкур чора 2003 йилда бошлангани, аммо зиддиятлар юзага келиши ортидан икки йил ўтиб бироз тўхтатилгани билдиришган. Мазкур чора жорий йил февралида яна қайта бошлангани, бунга Соғлиқни Сақлаш Вазирлигининг стерилизацияни "самарали контрацепция" дея тавсия этгани сабаб бўлгани айтилади.

Унга кўра, шифокорларга "ҳеч бўлмаганда ойига икки аёлни" бичувга рози бўлишга кўндириш буйруғи берилган. Чорага бўйсунмаган шифокорларга жарима солинган.

"Бизнинг чамаларимизга биноан, февраль ойидан бери беш минг нафар аёл ўз розилигисиз стерилизация қилинган," деган иқтибос келтирилади ўз исмини ошкор қилишни истамаган маҳаллий ҳуқуқ фаолидан.

Муаллифнинг айтишича, аёллар стерилизациядан қўрқиб, уйда туғиш ҳоллари кўпайган.

У яна бир аёл, 26 ёшар Ҳидоят Мўминованинг мисолини келтиради. Мўминова хонимга шифокорлар уни касалхонага чақириб текширув ўтказишлари ортидан тухум йўлларида ўсимта пайдо бўлганини айтишган.

"Улар мени зудлик билан жарроҳлик амалиётига рози бўлишим учун қўрқитишди. Мен ҳайрон бўлдим, чунки ҳеч оғриқ йўқ эди. Операциядан сўнг мени бичишганини айтишди. Тўхтамай йиғладим. Улар мени алдашди, менга ҳайвондек муносабат қилишди," - дейди у.

Яна бир аёл, 30 ёшар Маҳмуда Юсупова ҳам учинчи фарзандини жарроҳлик амали билан олишгани, ва бир неча ойдан сўнг шифокорга учраганида гинеколог у бичилгани туфайли бошқа фарзанд кўра олмаслигини айтгани ҳақида ҳикоя қилади.

Мақолада айтилишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси уч йил аввал Ўзбекистонда аёлларнинг мажбуран бичилиши "кенг тарқалган"ини хабар қилган. БМТга кўра, Ўзбекистонда туғиш даражаси Каримов қудратга келганидан бери кескин тушиб кетган. Совет Иттифоқи даврида ҳар онага 4.4 фарзанд тўғри келса, Каримов президентликни қўлга киритиши ортидан бу кўрсаткич 2.5га тушган.

Би-би-си билан суҳбатлашган бир қатор ўзбекистонлик шифокорларнинг айтишларича, стерилизация мажбуран амалга оширилмайди, балки аёллар билан тушунтириш ишлари олиб борилгач, уларнинг розилиги билан амалга оширилади.

Би-би-си мазкур масалада Ўзбекистон Соғлиқни Сақлаш Вазирлигининг она ва болалар саломатлиги бўлими ва туғишни назорат этиш бўлими бошлиғи Диёра Орифжоновадан фикрини олишга уринди, бироқ икки бўлим ҳам муносабат билдиришдан бош тортди. Мақола муаллифи Марк Франкетти бу борада Москвадаги ўзбек элчихонасига мурожаат қилганида унга Ўзбекистонда стерилизация фақат аёлнинг илтимоси билан ва фақат аёлнинг эри стерилизация оқибатлари ҳақида огоҳлантирилганидан кейингина амалга оширилиши айтилган.