Хайрулло Ҳамидов устидан маҳкама жараёни бошланди

Хайрулло Ҳамидов
Image caption Хайрулло Ҳамидов шу йилнинг 22 январида ҳибсга олинганди

Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги Гулбаҳор қишлоғида ўзбекистонлик таниқли журналист ва спорт шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов дохил 15 киши устидан маҳкама жараёни бошланган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромовнинг айтишича қишлоққа 2 чақирим қолдириб, ҳамма автомобиль йўллари бекитилган.

Маҳкама биноси атрофи эса, 400 метрдан уёғига бетон деворлар билан ўраб олинган ва 30-40 чоғли милиция ходимлари қўйиб чиқилган.

Маҳкама жараёни ёпиқ ҳолатда бўлмоқда. Унга ҳаттоки судланувчиларнинг яқинлари ҳам қўйилмаган.

Маҳкамада ҳозир бўлган 10 судланувчи ҳибсхонадан олиб келинган, 5 таси эса очиқда юрган бўлган.

Маҳкама жараёни бўлиб ўтаётган ҳудуддан ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов билан суҳбатни бу ерда тинглашингиз мумкин:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бугун бошланган маҳкама жараёни қачон ниҳоясига етиши номаълум.

ШУ йил апрел ойининг бошларида Хайрулло Ҳамидов устидан қўзғатилган жиноят иши қайта терговга юборилганди.

Футбол шарҳловчиси ва диний-маърифий мавзудаги радиодастурлари билан танилган журналист Хайрулло Ҳамидов шу йилнинг 22 январида ҳисбга олинганди.

Аввалроқ инсон ҳуқуқлари гуруҳлари журналист билан бирга яна камида 25 одам ҳибсга олинган бўлиши мумкинлигини айтган эдилар.

Суръат Икромовнинг илова қилишича, барча айбланувчилар, жумладан, Хайрулло Ҳамидов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244- моддасининг 1-банди билан айбланмоқда.

Ушбу айблов банди "жамоат хавфсизлиги ва тартибига хавф солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатиш"ни назарда тутади.

Ушбу айблов маҳкама чоғида ўз исботини топгудек бўлса, журналист беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Ҳозирга қадар кўплаб халқаро ташкилотлар 35 ёшли Хайруллло Ҳамидовни ҳибсдан озод этиш талаби билан Ўзбекистон ҳукуматига очиқ мурожаатлар билан чиқишган.

Қароргоҳи Парижда жойлашган "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотига кўра, "ўзбек расмийларининг Хайрулло Ҳамидовни ҳибсга олиш учун қўйган важлари шубҳали ва ҳар бир мустақил инсонни экстремист сифатида кўрсатишга қаратилган".

Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистонни матбуоти энг қаттиқ цензура қилинадиган дунё давлатлари қаторига киритган.

Би-би-си билан суҳбатида Хайрулло Ҳамидовнинг аёли Дилноза Ҳамидова унинг айбсиз эканини айтиб, адолатли маҳкамага умид қилаётганликларини айтган.