Би-би-си Жаҳон Хизмати Абдулҳамид Исмоилни ўз 'Маликул каломи' деб топди

Абдулҳамид Исмоил
Image caption Абдулҳамид Исмоил ўз УҚУВЧИСИга талабгор бўлган, ўзбек, рус, француз, олмон, турк ва бошқа тилларда чоп этилган ўнлаб забардаст асарлар муаллифидир

Адабиёт оламида ўз моҳияти, ўз сўзи, ўз тили ва ўз услубига эга таниқли ўзбек ёзувчиси Абдулҳамид Исмоил Би-би-си Жаҳон Хизмати қошидаги Ёзувчи, ўз талқинимизда айтганда эса, "Маликул калом"и деб топилди.

Ўз вақтида ушбу мақомга дунёнинг манаман деган қалам соҳиблари, жумладан, Нобел мукофоти совриндори Би-Кей Найпаул ҳам лойиқ деб кўрилгани назарда тутилса, бу ёзувчи Абдулҳамид Исмоил иқтидори нақадар юксаклигининг далолатидир.

Бошқа томондан шу пайтга қадар ҳали собиқ Шўролар Иттифоқидан бўлган бирор бир қаламнависнинг ушбу мақомга муносиб кўрилмагани ҳам сўнгги хабарнинг аҳамиятини янада бўрттиради.

Абдулҳамид Исмоил ўз УҚУВЧИСИга талабгор бўлган, ўзбек, рус, француз, олмон, турк ва бошқа тилларда чоп этилган ўнлаб забардаст асарлар муаллифидир.

"Темир йўл", "Ҳай-ибн-Якзан" каби насрий, "Пост Фаустум" ва "Книга Отсутствий",.. каби назмий асарлари инсоният фалсафий тафаккурининг энг сара намуналаридан бири десак, муболаға бўлмас.

Абдулҳамид Исмоил асарларини уқиган инсон беихтиёр уни ўз миллати ва ўз замонасининг Кафкаси, Камюси ёки Достоевскийси эканига иқрор бўлади.

Чунки ёзувчилар орасида ЎЗИни сўзлатган, ЎЗИни яшатган ва ЎЗИни яратганлари саноқлидир.

Ёзувчининг ўзини излаётган, ўзига интилаётган, ўзига талпинаётган қаҳрамонлари ҳар гал ҳаётнинг гоҳида тор, гоҳида кенг сўқмоқларини кечади, баланду пастликларидан ўтади, шодлик ва ғамларини туйибгина, ЎЗИга қайтади.

Абдулҳамид Исмоил моҳиятининг ўзига хослиги ҳам шундаки, унинг қаҳрамонлари дарвешларнинг ғори, толибнинг чиллахонаси, ошиқнинг саҳросида эмас, оддий инсоний ҳаётнинг гирдобида ЎЗИга етишади.

Ёзувчининг яқинда нашрдан чиққан "Муртад" номли асари ҳам ўзида ана шундай улкан моҳиятни ташиган ноёб асарлардан биридир.

Биз таниқли ёзувчи, жорий пайтда Би-би-си Марказий Осиё ва Қофқоз бўлими раҳбари Абдулҳамид Исмоилни суҳбатга чорлаб, энг аввало сўнгги муваффақиятлари билан табрикладик ва бундан кейинги режалари билан қизиқдик:

Абдулҳамид Исмоил: “Эшаги билан тушови келади,” деганларидек, Би-би-си қошидаги ёзувчи рўлининг ўзига яраша иши ҳам бор. Авваламбор Би-би-сининг санъатларга бағишланган “Стрэнд” деган ва бошқа янгилик дастурларида ойига бир маротабами, икки маротабами шарҳлар билан чиқиб туришга бурчлиман, ундан ташқари икки йил давомида ҳар ҳафта блог ёзиб туришим керак. Буларнинг бари инглиз тилидаги нарсалар. Жумладан, 10 май куни чоп этиладиган биринчи блогимнинг мавзуси “Иш ва Орзу”. Кенгроқ қилиб айтганда – инсоннинг кундалик ташвишлару учқур хаёллар орасидаги жунбушлари. Би-би-си Жаҳон Хизматининг инглиз тилидаги тингловчилари сони 40 миллиондан ошиқ, агарда бошқа тилларда ҳам онда-сонда чиқиб туриш бурчини ҳисобга оладиган бўлсангиз - гап 180 миллиондан ортиқ муштарийлару ўқувчилар ҳақидадир. Буниси нафақат улкан шараф, балки буюк маъсулият ҳамдир.

Савол: Мана, яқинда "Муртад" номли янги асарингиз дунё юзини кўрди. "Муртад" - бир қарашда ҳар қандай инсоннинг этини жунжиктирувчи ном, шундай эмасми? Лекин шеърий бўладими ёки насрий, бундан аввал чоп этилган ҳар бир асарингиз номига юкланган улкан фалсафий моҳият назарда тутилса, сўнгги китобингизнинг ҳам "Муртад" деб номланиши бежизга эмас, шундайми?

Абдулҳамид Исмоил: Тўғри тушунган бўлсам, романингизни нега “Муртад” деб номладингиз деб сўрамоқчисиз, шундайми? Инсон табиатида борлиқнинг турли жиҳатларини оқу-қора тарзида кўриш майли жуда кучли. “Ё у ёғлиқ қил, ё бу ёғлиқ!” - деймиз биз. Нозил этилган алвон рангларнию, суннат этилган ўрта йўлни осонгина унутиб юборамиз. Балки ўқувчимларимни аввалига сескантириб, эсанкиратиб, кейин биргаликда “муртад” сўзини ич-ичидан портлатиш учундир. Дунё кенг, афсуски, уни ўзи билан ўлчовчи кўнгил кўпинча торроқ. Бу торкўнгиллик эса бутун дунёни ўз қуюшқонига солишга ҳамиша шай туради, дунёни уфқлар билан эмас, зиндонлар билан ўлчайди.

Савол: Қай бир қисса ёки романингизни мисол тариқасида олмайлик, воқеалар бир вақтнинг ўзида бир неча хил йўналишда ривожланади. Жумладан, "Муртад"да ҳам жараёнлар худди шу тариқа кечади. Гўёки бир вақтнинг ўзида турли ўлчамдаги замон амал қилади. Бу Ўзлик моҳиятини ифодалашдаги усулнинг ўзига хослигими? Буни нима билан изоҳлаш мумкин?

Абдулҳамид Исмоил: Биз ўзимизнинг тажрибамиз баҳосини ошириб юборамиз. Биздан аввал ҳам инсонлар яшашган, биз билан бирга ҳам инсонлар яшашмоқда, биздан кейин ҳам инсонлар яшайди, бошларини биз урган тошларга уришган, уришмоқда, уришади. Мен ўн етти ёшимда ҳарбий ўқув юртига ўқишга кирганимда, бир куни баримизни ечинтиришган-да, бир хил формага кийинтиришган. Ўшанда худди ўзлигимни йўқотиб қўйгандек бўлганман. Агарда ўзлик дегани фақат кийган кийиминг билан йўқоладиган экан, унда кибру-ҳавога бало борми, деб ўйлаган эдим ўшанда мен. Кузатсам, кимнингдир ўзлиги – эгаллаган лавозими, минган машинаси, солган уйи, қудалашган зоти ва ҳоказолар билан тенг экан. Буларни бачкана дейишингиз мумкин, бироқ бошқаларнинг ўзлиги – ўқиган китоблари, ёд олган шоирлари, зиёрат этган шаҳарлари билан ўлчанса – буниси тузукроқми? Қайдам? Бугун тушимда қайсидир тош шаҳарнинг темир йўлдек тўғри бир кўчасидан узундан узун соямни олдимда судраб тепага қараб кетаётганмишман. Бўм-бўш кўча, олдимда, чап томонимда қасрсимон бир биномиш. Ўйлаб боқсам – Адолат Қасридек муҳташам ва ваҳимадор бино. Маҳкама биноси. Олдинга қарасам – кетсиз тош кўча. Бир ўзим. Шунда ваҳмдек бир хаёл кечди миямдан: анави йўл сўнггидаги машҳар маҳкамасига тайёрманми ўзи? Манави тош бинодан ҳайиқиб турсам, унисига қандай бетлар эканман... – дея, уйғониб кетдим. Балки шундандир китобларимдаги жараёнларнинг қатма-қатлиги...

Савол: Бошқа томондан, "Муртад"даги ҳофиз йигит мисолида ЎЗИни излаётган ҳар бир қаҳрамонингиз ўз даврининг барча синов-уқубатларига рўбару келади. Яъни, уларни бугунги кун қамоқхоналарининг ифлос ҳужраларида, қийноқ курсиларида, гоҳида эса, баҳор яшнатган хиёбонларию, тирбанд трамвайларида учратасиз. Демоқчисизки, инсоннинг комилликка етишиши учун Суқрот каби ғор ёки Румий мисолида бўлгани каби ҳужранинг ҳожати йўқ?

Абдулҳамид Исмоил: Қани энди бу ғорларнингу ҳужраларнинг ҳожати эмас - имкони бўлганида эди. Лекин сиз айтган Суқроту Румий домлалар ҳам хом сут эмган инсонлар бўлишган. Суқротнинг энг машҳур нақли: “Менинг ёлғизгина билган нарсам – ҳеч нарсани билмаганим”. Мавлоно Румийнинг ҳаётга қанчалик қоришиб яшаганини билмоқчи бўлган одам учун эса – “Маснавий”даги масалларни ўқиш кифоя. “Муртад”да ҳам шўр ва ширин ҳаётнинг барча тотсиз мафкуралардан устунлиги кўрсатилган. Агарда Мавлоно Румийдан бу хусусда масал келтирадиган бўлсак, араб, юнон, турк ва форснинг узум олиш масалини айтардим. Буларнинг бир тангаси бўлиб, форс унга “ангур” оламиз дейди. Унга араб: “Йўқ, “аънаб” оламиз”, - дейди. Турк иккаласига ҳам кўнмай: “Узум олайлик!” -ка тушади. Юнон эса: “Қўйинглар-э, стафил оламиз!” – дейди. Ана гиж-бадабанг жанг бошланади, бир-бирини уриб, бояги тангасини йўқотай дейишади. Қани, дейди Мавлоно, буларнинг ёнидан донишманд ўтганида эди, балки буларга бу тўртта сўзнинг бари – узумни англатишини айтармиди... Ҳаёт қайдаю, сўз қайда...