Ривальдо Ўзбек футболи, футболчилари ва яна,..ўзи ҳақида

Бразилия миллий терма жамоаси
Image caption Ривальдо ўз миллий терма жамоасининг сўнгги Жаҳон кубогини қўлга киритишида мислсиз ҳисса қўшган футболчилардан биридир

Дунё футболи юлдузи Ривальдо билан суҳбатимизнинг аудио матнини бу ерда тинглашингиз мумкин

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қандай бўлишидан қатъиназар, ҳар бир инсоннинг ҳаётда ҳеч бўлмаса бир маротаба ҳамсуҳбат бўлиш истагидаги инсонлари бўлади.

Журналистларни-ку, энди қўяверинг, касб-корлари эмасми, улар учун бу рўйхатнинг янада хосроқ бўлиши табиий бир ҳол, шундай эмасми?

Буёғи Пеледан бошлаб Марадона,..Далай Ламадан тортиб, Муҳаммад Али,..ҳаёт бўлганида Майкл Жексон,..

Лекин спорт бўладими, сиёсат ёки санъат, ҳар қандай журналист ортидан қувувчи ёки бир оғиз суҳбатидан баҳраманд бўлиш истагидаги номи дунёда ҳаммага бирдек таниш инсонлар саноқли бўлади!

Image caption Ривальдо бир йилнинг ўзида ҳам "Дунё" ва ҳам "Оврўпонинг энг зўр футболчиси" деб топилади

Рукнимизнинг бу галги меҳмони ана шундай инсонлардан бири, футбол оламининг замонавий тарихидаги “Энг ёрқин ўйинчилар”дан биттаси, дунё, Бразилия ва Ўзбекистоннинг “Бунёдкор”и юлдузи – РИВАЛЬДО!

Ривальдо дунёнинг энг олди саналган Бразилия миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионлигини қўлга киритишида мислсиз ҳисса қўшган, унинг сафида оз эмас-кўп эмас, 70 маротабадан кўпроқ майдонга тушган, рақиблари дарвозасини 34 бор забт этган сара футболчидир.

Ўшанда Ривальдо, Рональдо, Роберто Карлос,..ларни кўриб, буларга ким бас кела оларкин, дея юрагини ҳовучламаган футбол мухлиси топилмаган бўлса керак. Масалан, камина ҳам ана шундай инсонлардан биттаси...

Чунки футболни санъат даражасида эгаллаган, майдоннинг қай бир бурчагига ташламанг, тўпни илиб кетаверадиган маҳоратли футболчилар саноқли бўлади. Тўпни ҳавонинг ўзида рақиб дарвозасига қарата уриш маҳорати бобида эса, Ривальдонинг олдига туша оладиган ўйинчилар камдан-кам бўлган.

Юлдуз Ривальдо муштарийларимиз саволларига ўз жавоблари билан:

Би-би-си: Демак, суҳбатимизни бошладик. Тошкентдан Дилшод, “Бунёдкор”нинг собиқ ўйинчиси Виллануэва ўзининг интервьюларидан бирида ўзбекистонлик футболчиларни ватанпарвар эмас деб атаганди. Бу масалада сизнинг ўзбекистонлик футболчилар ҳақида фикрингиз қандай ва ватанпарварликнинг ўзи нима? Уни сиз ва бошқа бразилиялик футболчилар қандай ҳис қилишади?” деб қизиқибди

Ривальдо: Энг асосийси, миллий терма жамоада ўйнаганда, ўйинчилар бор меҳр-муҳаббатлари билан ўйинга тушишлари керак. Бразилия жамоалари ўйинга тушганда кўпинча буни кўрсангиз бўлади. Жон-жаҳдлари билан ўйнайдилар. Мен ўзбекистонлик футболчилар меҳр-муҳаббат билан ўйнашмайди, демоқчи эмасман. Улар ҳам меҳр-муҳаббат билан ўйнашади. Аммо иложи борича бутун борлиғини бериб, яна озгина қўшиб, шу Ватан учун жонини жабборга бериб ўйнашса, ўшанда ўйин бошқача тус олади.

Би-би-си:Дилшод яна, “Бунёдкор” жамоасининг олиб бораётган футбол сиёсатига муносабатингиз, яъни чет элдан кучли легионер футболчи ва мураббийларни олиб келиб, уларга катта маошлар бериб, Осиёда юқори марраларга эришишга ҳаракат қилишига. Бундан кўра, ўша пулларни болалар футболи, стадион ва майдонларни яхшилашга ажратгани яхши эмасми? Сизнинг фикрингизча, қайси йўл Ўзбекистон шароитида ўзбек футболининг ривожланишига кўпроқ ёрдам беради?” деб сўраяпти

Ривальдо: Мана, агар сўнгги ўйинларидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон футболи жуда яхши ривожланмоқда. Чунки икки йилдан бери Ўзбекистонда тўп сураяпман. Демакки, ўзим кўриб, солиштириб боришим мумкин. Олдинги жамоалар билан бугунги жамоалар умуман бир-бирига ўхшамайди. Нима учунки, масалан, “Бунёдкор” жамоасига мени ва яна бошқа ўйинчиларни ҳам таклиф қилишган. Яна бошқа томондан, бизнинг жамоамизга дунёга машҳур мураббийлар Луиз Фелиппе Сколари ва унинг ёрдамчилари бошчилик қилишади. Уларнинг ҳаммаси Жаҳон чемпионлари. Яъни 2002 йилда Бразилия миллий терма жамоаси билан бирга Жаҳон чемпионлигини қўлга киритишган. Демакки, ҳар битта ўзбек футболчиси булар орасида кўзга ташлангиси келади, бизлардан ҳам яхшироқ ўйин кўрсатишга ҳаракат қилади. Яъни дунёга машҳур бўлиш маънисида...Ҳамда бизнинг танлаган йўлимиз тўғри. Мана, ўзингиз кўриб турибсиз, охирги ўйинларда жамоалар жуда куч тўплаган ва ўйин тизими ҳам анча ўзгарган.

Би-би-си: Дилшод саволларининг сўнггида, “Бунёдкор” билан шартномангиз қачонгача мўлжалланган? Агар “Бунёдкор” жамоасидан бош мураббийлик лавозимига таклиф тушса, нима қилардингиз?” деб сўрабди

Ривальдо: “Бунёдкор” билан жорий шартномам 2011 йилнинг охиригача тузилган. Асосийси, ҳозир футболчи сифатида ўз ўйинларимни давом эттириш. Агар “Бунёдкор” жамоаси билан шартномам тугаган пайтда мураббийлик қилиш таклифи тушса, албатта, бундай таклиф ҳаммага ҳам ёққан бўларди. Энди бу иш қўлимдан келадими ёки йўқми, буни энди албатта келажак кўрсатади. Чунки 18 йил давомида профессионал футболда бўлган бўлсам, 18 йил давомида ҳар доим футбол жамоаси билан бирга бўлганман, ўйин олиб борганмиз. Лекин ўйлаб кўрса бўлади.

Би-би-си: Буюк Британиядан Бекзод, “Ривальдо, мана сиз қарийб икки йилдан бери Ўзбекистонда тўп сурасиз. Англияни оламизми, Бразилияними ёки Италия, Португалия, ҳар бир давлат футболининг ўзига хос жиҳатлари бор. Сиз ўта профессионал футболчисиз, тўғрими, сизнинг назарингизда Ўзбек футболининг ўзига хослиги нимада? Жавоб учун олдиндан катта раҳмат, ”деб қолибди

Ривальдо: Агар ҳақиқатни айтадиган бўлсам, масалан, албатта Ўзбекистон футболи ҳали Оврўпо футболи билан бир хил эмас. Даражасини анча пастроқ қўйсак бўлади. Лекин, шунга қарамай, мана ҳозир чет эллик футболчилар келишяпти, тўп суришяпти, бу албатта ривожланиш йўлида катта қадам бўлади. Оврўпо жамоаларини оладиган бўлсак, масалан, Испания, ўша Италия бўладими ёки Англия бўладими, Португалия, ўша жамоаларда мана, қанча чет эллик футболчилар тўп суришади. Агарда шу жамоалардан чет элликларнинг ҳаммасини олиб ташласак ва миллий ўйинчиларининг ўзларини қўйиб қўйсак, ўша ҳозирги ривожланган футболини кўрсата олмайди. Жамоалар умуман пастга тушиб кетади. Демакки, чет элдан қанча кўп ўйинчилар келишса, қанча кўп тажриба алмашинуви бўлса, ривожланиш шунча катта бўлади.

Би-би-си: Шотландиядан Саид эса, “Ривальдо, агар биргина сизнинг мисолингизда оладиган бўлсак, сара футболчи бўлиб етишиш учун бадавлат бўлишнинг ҳожати йўқ, чунки сиз ҳам бой оиладан чиқмагансиз, тўғрими? Бразилиялик кўп юлдуз ўйинчилар ҳам аввалига бой бўлишмаган. Сиздек сара футболчилари бўлган миллий терма жамоа ҳам энг кучлиларидан бўлади! Ҳамма нарса пулга бориб тақалмас экан, нима учун Ўзбекистоннинг сиз каби сара футболчилари ва Бразилияники каби миллий терма жамоаси йўқ? ” деб сўраяпти

Ривальдо: Умуман дунё миқёсида оладиган бўлсак, футболчиларнинг аксарияти ўртаҳол оилалардан келиб чиқишган. Агар ўзбекистонлик футболчилар ҳақида гапирадиган бўлсак, (масалан, уларни бу ерда фаолият олиб борганимдан бери танийман) улар четга чиқиб ўйнашдан қўрқишади. Нимагадир ҳайиқиш бор. Агарда, масалан, футбол бозорида мана шу агентларнинг ривожланиши бўлса, (ўзбекистонлик футболчилар албатта оилам дейди, ота-онам дейди, бола-чақам дейди-да, чиқмайди), шу йигитлар четга чиқиб, эришган чўққиларидан янада баландроқ чўққиларни эгаллашлари мумкин. Лекин кўпинча улар нимагадир ҳайиқиб, қўрқиб, бормай туришади. Ўша ўзбекистонлик футболчиларнинг ўзларидан ҳам шу саволни сўраш керак, яъни нима учун четга чиқмайсизлар деб. Кўпинча улар шу Ўзбекистон жамоаларида ўйнаб, бир ойликка эга бўлгандан кейин, мана шунинг ўзи бўлади, деб, ўша жойда тўхташади. Лекин, мана, менга ўхшаб, нима дейди, юрагини қўлига олиб, дейлик, Ўзбекистондан бориб, Бразилияда тўп сурса. Мана, мен, Бразилия жамоасидан келиб, бу ерда ўйнаяпман. Лекин кўпинча бир нарсага гувоҳ бўламизки, “Бунёдкор” чет давлатга чиқиб ўйнаганда, меҳмонхона 5 юлдузлик бўладими, овқатлари аъло даражада бўладими, бунисидан қатъиназар, улар тезроқ уйга қайтсак, тезроқ ош есак дейишади. Шу ўзгариш бўлса, албатта, яхши бўларди. Мана, тасаввур қилинг, мен 14 йилдан буён Бразилиядан ташқарида иш фаолиятимни олиб бораяпман. Шу 14 йил ичида фақат бир неча кун уйимга онамни кўргани борганман. Бошқа вақтим бўлмасди. Тўғри, агарда мен ҳам ўзбек футболчиларига ўхшаганимда, йилнинг 300 кунида ота-онам билан кўришиб ўтирган бўлардим.

Би-би-си: Саволимиз эса, Лондондан Санжардан. Санжар, “Ривальдо, "Бунёдкор"га ўтишга рози бўлишингиздан аввал дунё харитасида Ўзбекистон деган ном борлигини билармидингиз? Илтимос, фақат тўғрисини айтинг. Иккинчи саволим, мана ўша Ўзбекистон деган давлатда яшаяпсиз. Ўзбекистон сиз ўйлаган, сиз тасаввур қилгандек давлат эканми? ”деб қизиққан

Ривальдо: Биринчи таклиф тушгандан кейин, албатта, интернетга кирдим, интернет орқали Ўзбекистоннинг қаерда жойлашганини кўриб олдим. Албатта, Ўзбекистон деганда, чет элликларни кўпинча саросимага солади. Чунки улар аниқ бир жойни айтолмайди, кўпинча Қозоғистон ёки бошқа давлатлар билан адаштиришади ёки бир хиллари Афғонистон деб ҳам чалкаштиришади. Лекин билиб, аниқлаб олгандан кейин, таклифни қабул қилиб, бу ерга келдим, Ўзбекистон билан яқиндан танишдим. Жуда ҳам мамнунман. Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурим жуда ҳам яхши.

Би-би-си: Мубина, “Спорт ўйинларига, шу жумладан, миллионлар ўйини футболга ҳам ноҳақлик аралашади, деб эшитгандим. Айтишларича, йирик жамоалар тепасида мафия туради ва уларни бошқаради. Керак бўлса, натижаларни ҳам ҳал қила олади,” деб, бу фикрга муносабатингиз билан қизиққан. Голларингиз кўп бўлишини тилаб қолган.

Ривальдо: Энди, менимча, йўқ бўлса керак. Тўғрисини айтаман, қанча жамоаларда тўп сурганимга қарамай, умримда ҳали ҳеч қачон ичкарига кириб, масалан, бугун дуранг уйнашимиз керак, ютқизишимиз керак, деган гап-сўзлар бўлмаган. Қачонки ўйинга тушадиган бўлсак, ҳар доим ғалаба учун курашганмиз. Ҳамда клубларнинг президентлари ҳам ҳеч қачон ундай ўйналаринг, бундай ўйналаринг, деб тушунтирмаган. Бизлар ҳар доим ғалаба учун тўп сурганмиз. Жамоалар ҳам шуни талаб қилади. Лекин бунақа мафия деган гаплар, менимча, ёлғон бўлса керак.

Би-би-си: Навбатдаги саволимиз Англиядан, Фарҳоддан. Фарҳод, “Ривальдо, сиз ўзбек тўйларида, зиёфатларида, ақиқаларида бўлишга ҳам улгургансиз. Ўзбекларнинг урф-одатлари сизга ёқдими, уларнинг умр бўйи топган-тутганларини бир кунлик тўйга сарфлашларига қандай қарайсиз?” деб сўраяпти

Ривальдо: Ўзбекистонда тўй маросимлари албатта чиройли. Лекин ўзбек тўйларига кўп бормаганман. Бир иккита-учтасида қатнашган бўлсам, албатта, тайёргарлик жуда ҳам катта, меҳмонлар ҳам жудаям кўп, дастурхон ҳам тўкин, лекин жуда узоққа чўзилади, одамнинг ичлари сиқилиб кетади(кулади).

Би-би-си: Хуршид эса, “Жаноб Ривальдо, айтингчи, 2002 йилги Жаҳон чемпионатининг Туркия-Бразилия учрашувида сиз юзингизни ушлаб ётиб олгандингиз ва кейинроқ буларнинг ҳаммаси сохта бўлгани, сиз ҳийла ишлатганингиз тўғрисида хабарлар тарқалган эди. Ўшанда Туркия майдонда бир ўйинчи кам ўйнашга мажбур бўлганди. Аслида ўшанда нима бўлган? Сиз ўша ўйин натижасини ҳалол бўлган деб ҳисоблайсизми?” деб қизиққан. Яна Тошкентдан Абдулло ҳам худди шундай мазмунда савол йўллабди

Ривальдо: Албатта, ўша пайтда мен хато қилган бўлсам керак. Чунки Туркия миллий терма жамоаси ўйинчиси тўпни тиззамга қараб тепганди. Лекин мен юзимни қўлим билан беркитиб, ҳакамга у ўйинчининг менга қарши ғазаб билан ўйнаганини кўрсатмоқчи бўлгандим. Чунки у ўйинчи тўпни менга бериши керак эди. Мен эса, тўпни ён тарафдан ўйинга киритишим лозим эди. Аммо у тўпни беришнинг ўрнига, уни менга қарата ғазаб билан тепди. Ана шу пайтда менинг ҳам ғазабим чиқиб, у ҳам хато қилди ва мен ҳам хато қилдим. Бироқ тўпни менга қараб тепгани учун ўша ўйинчи барибир ҳам карточка оларди.

Би-би-си: Оврўпо давлатларининг биридан Нигина, “Салом Ривальдо, юлдуз футболчиларнинг кўплари missларга ёки моделларга уйланишади. Мана, Пеле ҳам Аргентина гўзалига уйланган. Агар сир бўлмаса, сиз кимга уйлангансиз, нечта фарзандингиз бор, бахтлимисиз, аёлингиз нима иш қиладилар, сиз билан бирга Ўзбекистондаларми?” деб савол юборибди

Ривальдо: Мен бошқа футболчилардан фарқли тарзда missларга уйланмаганман. Биринчи турмушимдан иккита болам бор. Улар Бразилияда яшашади. Тошкентда иккинчи рафиқам билан бирга яшаймиз. Учта болам бор. Албатта, бахтлиман. Биринчи оилам билан яхши ҳолатда ажрашганмиз, ҳали ҳам муносабатларимизни тутиб турамиз, уларга ёрдам бериб тураман.

Би-би-си: Алишерали, “Бу йил “Бунёдкор” олдинги йилга нисбатан ёмон ўйнаяпти. Ўтган йили “Бунёдкор”дан фақат ғалабани кўргандик. Бу йилги ўйини унча қовушмаяпти. Бунинг сабаби нима деб ўйлайсиз? “Бунёдкор” яна яхши ўйнаши учун нима қилиш керак, сизнингча? Яна янги ўйинчилар сотиб олиш керакми ёки тренерни алмаштирган маъқулми?” деб қизиқибди

Ривальдо: Бу йил “Бунёдкор” жамоамизда ҳеч қандай камчилик кўраётганим йўқ. Боя айтиб ўтганимдек, асосий ўзгарган нарса – Ўзбекистон миллий чемпионатидаги жамоалар жуда ҳам кучайган. Яъни бизларга қарши тўп сураётган пайтда улар дуранг учун майдонга тушишяпти, десам адашмайман. Чунки, мана, ўйинларни кўриб борсангиз кўрасиз, улар ўтган йиллари футбол ўйнагани келишарди. Яъни очиқ майдонда тўп суришга ҳаракат қилишарди. Бу йил эса, 10 та ўйинчи ҳимояга ўтиб олади, қарабсизки, бизларнинг ўтган йиллардагидек, ҳужумга ўтиб, тўртта-бешта тўп киритишимиз қийин бўлаяпти. Масалан, ўзингиз яхши биласиз, бирор нарсани қуриш қийин, лекин уни бузиш жуда ҳам осон. Масалан, “Барселона” қандай қилиб “Арсенал”нинг дарвозасига 4та тўп киритишга муваффақ бўлгани бунга бир мисол. Чунки “Арсенал” очиқ ўйнади. Улар ҳимояда беркиниб олишгани йўқ. Лекин “Интер”(Милан) жамоасини бунинг тескариси десак бўлади. Улар ҳимояга ўтиб олишди. Менимча, мана шу ўйинлардан хулоса чиқарса бўлади.

Би-би-си: Америкадан Жон эса, сизга бир нечта савол йўллапти. Жон, “Неча ёшингиздан бошлаб футбол ўйнашни бошлагансиз? Чемпион бўлишлари учун ёш футболчиларга қандай маслаҳат берасиз?” деб қизиққан

Ривальдо: Мен 13 ёшимдан бошлаб, футбол ўйнашни бошлаганман. Шунга ҳам 25 йил бўлиб қолибди. Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, ёшлигимдан кузатувчан эдим. Машғулотларда ёши ўзимдан катта бўладими, тенгдош бўладими, футболчилар тўпни қандай тепганда, тўпни қандай оширганда, ҳаммасига қараб ўтирардим. Қай томонлама тепишларини, ҳамма, ҳаммасини ўрганиб борганман. Бу, демакки, ёш футболчи катта футболда юқори чўққиларга эришмоқчи бўлса, мен буни биламан дейиши керак эмас. Ҳар куни ҳар бир машғулотда мураббий нима деган бўлса, ўшани қараб, ўрганиб, ўз устида иш олиб бориши керак.

Би-би-си: Ривальдо, Жоннинг сўнгги саволи “Дунё ва Ўзбекистонда қандай қўшиқчини ёқтиришингиз” ҳақида. Марҳамат:

Ривальдо: Энди, менинг севиб эшитадиган ашулачим ҳам йўқ, мусиқам ҳам йўқ. Бунинг учун мени дунёдаги хонандалар кечирадилар, деб ўйлайман. (Кулади).

Би-би-си: Жаноб Ривальдони ўйновчи мураббий сифатида ҳам яхши биламиз. Шу боис саволимиз бўлажак мураббийга аталган. Агар бирор бир ўртамиёна клуб катта бир мақсадларни кўзлаб, катта пул эвазига донгдор бир мураббийни таклиф этса, лекин мураббий кўнгилдаги натижага эриша олмаса, виждонан катта маошдан воз кечиши керакми ёки шартномамда шу маблағ кўзда тутилган деб, индамай ўша маошни олавериши керакми?

Ривальдо: Бу қийин савол. Чунки, ҳар доим жамоанинг олдига қўйган мақсадига қараш керак – нима учун шу мураббий билан шартнома тузиб, уни ўз жамоасига олиб келгани, қисқа ёки узоқ муддатга ишга олинганми, ҳаммасини ўлчаш керак, қараш керак. Энди, бизнинг жамоамиз сифатида битта нарсани тушуниб турибман – Луиз Фелиппе Сколари бу жамоага келганда, унинг елкасига жуда катта масъулият юкланган. Мана, охирги ўйинлардан келиб чиқадиган бўлсак, бир-иккита ўйинлари агар ўхшамаган бўлса, бу фақатгина мураббийнинг айби эмас. Масалан, мураббийнинг ҳам олдига қўйган мақсади бор. Ўйинчиларга тушунтиради шунақа, шунақа ўйнаш керак, ўйинни мана шу йўлда олиб бориш керак деб. Агар ўйинчилар мураббийнинг йўл-йўриқларини ўйин пайтида амалга оширишмаса, унда ҳеч қандай ўйин бўлмайди. Шунинг учун, асосийси бу ерда мураббий ўргатади, лекин ишнинг катта фоизини ўйинчилар бажаришади. Дунёда ўзингиз биласиз, қачонки бир жамоада мураббий қўйилган мақсадга эриша олмаса, ёки ўзи кетади ёки клуб томонидан ишдан бўшатилади. Бу қийин масала. Нима учунки, ўзим ҳам ўйинчи бўлсам-да, Бразилиядаги Mogi Mirim жамоасининг президентиман. Шу пайтгача тўртта мураббийни алмаштирдим. Нима учун, чунки сиз бир жамоадан 25 та ўйинчини бўшатиб юборолмайсиз. Уларни олиб қоласиз. Чунки уларнинг ҳаммаси керак. Мураббийдан эса, доимо талаб қиласиз, демакки, мақсадга эриша олмаса, унда ҳар доим шу мураббий жавоб беради.

Би-би-си: Энг сўнггида Би-би-си мухлисларига тилакларингиз:

Ривальдо: Энг асосийси, берилган саволлардан жуда ҳам мамнунман. Хурсанд бўлдим. Ҳамда қачонки саволлари туғилса, мен уларга жавоб беришга тайёрман.

Би-би-си: Раҳмат, Ривальдо. Дунёда номи ҳаммага бирдек таниш, жаҳон, Бразилия, “Бунёдкор” юлдузи ва дунёнинг буюк футболчиларидан бири Ривальдо билан суҳбатимиз эди.