Яманда ўзбек шифокори ҳалок бўлди

Image caption Яманда 5 мингга яқин ўзбекистонлик шифокорлар фаолият юритиши айтилади.

Яман пойтахти Санодан ал Ҳудайда вилоятига йўл олган автобус жума куни дарага қулаши натижасида олти йўловчи дохил ўзбекистонлик аёл ҳам нобуд бўлган. Ҳалокатда яна 30 киши жароҳат олган.

Асли наманганлик 42 ёшар аёл Яманда шартнома асосида ал Ҳудайда порт шаҳридаги хусусий касалхонада шифокор бўлиб фаолият юритиб келган.

Унинг ҳамкасбларига кўра, аёл Наманганда вафот этган отасининг таъзиясидан қайтаётган эди. Фожеа ҳақида унинг оиласи хабардор этилган.

Автобус пойтахтнинг ғарбидаги баланд тоғлар ёқасига қурилган йўлда ҳаракат қилаётганда сирпаниб, дарага қулаган.

Йўлларнинг тоғлар ёқасида жойлашгани туфайли қутқарувчиларнинг ҳодиса жойига етиб бориши қийин бўлган.

Йўловчиларни ташиш билан шуғулланган Хитойнинг Ройшан нақлиёт ширкати ўзбекистонлик аёл жасадининг ватанга етказилиши йўлидаги харажатларни қоплашини билдирган.

Ўзбекистонлик шифокорлар

Яманда фаолият юритувчи бошқа шифокорнинг Би-би-сига айтишича, Яманда 5 мингга яқин ўзбекистонлик тиббиёт ходимлари ишлайди.

Исмини ошкор этишни истамаган шифокорга кўра, тиббиёт ходимлари хусусий ва давлат шартномалари асосида фаолият юритишади. Давлат шартномалари Россия Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги орқали имзоланади.

Image caption Ички низолар авж олган Яманни бир қатор халқаро ташкилотлар "таназзулга юз тутган" мамлакатлар рўйхатига киритган

Шифокорга кўра, ўзбекистонлик ходимлар учун Яманда барча шароитлар таъминланган.

"Бу ерда яшаса бўлади. Касалхона ичидан ёки касалхонага яқин жойдан бир-икки хоналик уй беради. Овқат қилиш шароитлари, газдан тортиб душ-ванна дейсизми, кир ювиш машиналари - ҳаммаси бор. Баъзилар оилалари билан келишган. Эр-хотин шифокорлар бўлишса, оилавий келишади. Лекин, кўп холларда ёлғиз келишади," - дейди у.

Яман Ал Қоида каби жангари тармоқлар, ҳамда бўлгинчи исёнчилар ҳужумларидан жабр чекиб келади. Ўтган ҳафта Санодаги Британия элчихонасига қарши қилинган ҳужумда бир инсон ҳаётдан кўз юмган.

Бироқ, ўзбекистонлик шифокор хавфсизлик жиҳатидан хавотир олмаслигини айтади.

"Бизга Яманда ҳеч ким хавф солганини ҳали кўрганимиз йўқ. Биз ишлаётган ҳудудларда уруш-жанжал бўлмайди. Бошқа вилоятлари бор - жангарилар ҳужумлари юз бериб туради, лекин у ерларда ҳам полиция ва расмийлар шифокорларни ҳимоя қилади," - дейди шифокор.

Шифокорнинг айтишича, расмий Тошкент ўзбекистонлик шифокорларнинг Яманга келиб фаолият юритишига аралашмайди.

"Тўғрисини айтиш керак, фалон жойга ишлагани кетаяпмиз деб чиқмаганмиз. Бу ердан шифокорга талаб тушса, ўзимизда ОВИРдан визани тўғирлаб, туристдек чиқиб келамиз. Келиб араб тилида иш юритамиз," - дейди шифокор.

Ўзбекистон чет мамлакатларга иш излаб кетаётган фуқаролари сони борасида расман кўрсаткичларни чоп этмасада, халқаро ташкилотлар уларнинг сони бир неча миллион эканини қайд этишган.

Улар Қозоғистон, Россия, Украина каби собиқ совет мамлакатлари, ҳамда Ғарб давлатларида, кўп ҳолларда ноқонуний равишда ва расмий ҳимоясиз фаолият олиб боришади.