"Катта мақсадлар орзуси..."

Андижон қирғинидан аввалроқ 23 тадбиркорнинг “акромийлик”, конституцион тузумга тажовуз қилиш каби айблар билан маҳкамага тортилиши ҳақида ҳамон турфа қарашлар мавжуд. “Акромийлик” нима? “Акромийлик” деганда нимани тушуниш керак? Диний ва ё сиёсий ҳаракатними? Янгича, эҳтимол маҳаллий анъаналарга мос тадбиркорликми? Биргаликда ибодат ва тадбиркорлик қилиш, муҳтожларга ёрдам беришда қандай жиноий унсурлар бор? Агар бу каби ҳам ибодат ва тадбиркорликда ҳамоҳанг иш кўрадиган ҳаракат муваффақият қозонса, ўз муваффақиятини шаҳару қишлоқларга, вилоятларга, қолаверса, бутун бир мамлакатга ёйиш истагида бўлсачи?

Равшанбек Турдиев Андижонда 23 тадбиркорлардан бири раҳбарлик қилган корхонада меҳнат қилган.

Image caption "Оврўподаги қадриятларни биз шакллантира бошлагандик..."

Мен Равшанбек Турдиев 1964 йилда Андижонда туғилганман.

Ўрта мактабни тугатиб кўп қатори мен хам харбий хизматга бордим. Хизматдан қайтгандан сўнг мен Андижон шаҳрида ахолига озиқ-овқат махсулотлари савдоси билан шуғулланадиган савдо дўконида ўз меҳнат фаолиятимни бошладим.

Бу орада уйландим ва оилали ҳам бўлдим. Менинг ҳам хаётим гоҳ қувончли гоҳида эса муаммолар билан ўтиб борарди. Аммо баъзи муаммоларга қарамасдан мен ва турмуш ўртоғим хаётимиздан мамнун эдик. Бирин кетин фарзандларимиз дунёга келишди. Энди уларнинг ҳаётларидаги қувонч ва ташвишларига шерик бўлиб, менга ҳаёт янада тез ўтаётгандай туюла бошлади. Мен оилада учинчи фарзандман - менинг битта опам, битта акам мендан кейин икки укам ва икки синглим бор. Менинг отам эрта қазо қилганлар шунинг учун биз акам билан биргаликда маслаҳатлашиб оиладаги муаммоларни ечиб борар эдик. Онам эса биз қандай маслаҳатга келсак, фақат қўллаб- қувватлаб хеч бир ишда бизга озгина бўлса хам тўсқинлик қилиб қўйишни ҳоҳламас эдилар. Мен ва акам биргаликда харакат қилиб қолган укаларимни уйлантирдик ва сингилларни турмушга чиқардик. Хар қалай бировдан кам қилмасликка ҳаракат қилдик...

“Катта мақсадлар орзуси...”

Мени катта укам Аъзамжон ёшлигидан кўп нарсага қизиқадиган, оилада сал эркароқ бўлгани учун бирор ишга қизиқиб қолса уни хеч биримиз тўхтата олмасдик. Аъзамжон харбий хизматдан 1991 йил қайтиб уйда кичик укам Салоҳиддин билан косибчиликни бошлади. Уларни хам ишлари жойида, бирор нарсадан камчилиги йўқ ўзига хамма нарсаси етарли эди. Аъзамжон бир куни мен бир оғайним билан бирга нонвойхона очамиз, энди мен косибчилик қилмайман деб қолди. Шунда мен унга нима учун шундай юриб турган ишингни тўхтатиб нонвойчиликка қизиқиб қолдинг десам ,Азамжон, “ ака мен бугундан хаётда каттароқ нарсаларни мақсад қилиб яшамоқчиман” деб қолди. Мен ундан у қандай мақсад экан деб сўрадим... “ Агар мен бугундан Ўзбекистоннинг бутун иқтисодини ўзгартириб юборадиган харакат бор десам, ишонасизми? “ деб қолди. “ Биз бугун хаёт хақидаги тушунчаларимизни ўзгартирсак хаёт ўзгаради . Биз - ўзбек миллати 70 йил Советлар давлатида яшаб хамма нарсани моддий қийматига эътибор қаратиб ўргангандик, “ ишламаган тишламайди” шунга ўхшаш шиорлар ҳаётимизда жуда катта аҳамиятга эга бўлди, лекин бизнинг миллий қадриятларимизда инсон қадр қиймати жуда ҳам баланд бўлган. Шунинг учун биз бугундан мана шу эски тушунчаларимиздан воз кечиб ҳаётга янгича қараш билан қарашимиз керак ва ўзимизни ўзгартиришимиз керак,” деди. Мен албатта ундан қандай қилиб бундай фикрлар пайдо бўлгани ҳақида суриштирдим. У бир оғайниси билан гаплашиб қолгани ва унинг фикрларидан қаттиқ таъсирланганини айтди.

“ Андижонда янги ҳаракат бор экан...”

Мен Аъзамжонга майли, лекин ўйлаб иш қил яна катта мақсад деб борингдан хам айрилиб қолма деб айтдим. Аъзамжон мен худди мана шунақа дунёқарашимизни деяпман, агарда биз хамма нарсага иккиланиб қарайверсак бирор нарсага журъат қилмасак ана шунда хаёт ўзгармайди деб қолди. Шундай қилиб Азамжон 1998 йилда ўзининг оғайнилари билан бизни уйимизда бир жой ажратишиб нонвойхона қуришди. Мен шу ёшимгача мана шундай ўз мақсадига фидойи инсонларни учратмаган эдим, уларни ўз мақсадларига бўлган ишонч шу даражада кучли эдики, ҳар бир ҳаракатни қатъий ишонч ва аҳилликда қилишарди. Бу ҳаракатлар ўз навбатида мени хам бефарқ қолдирмади лекин мен ёшим каттароқ бўлгани учунми укам қилаётган харакатларга қўшилиб кета олмадим. Мен 2003 йилгача ўз ишимда ишлаб келдим, лекин кўз олдимда бир харакатни қандай ривожланиб бораётгани мени хам бефарқ қолдирмади. Уларнинг ўзаро бир-бирларига муносабатлари ва улардаги инсонни қадрлаш хислатлари бошқа корхоналарда йўқ эди. Шунинг учун мен ҳам укам Аъзамжондан ўз ишига шерик қилишини сўрадим. Аъзамжон эса энди бизникидаги нонвойхона кичиклик қилаётгани, шунинг учун каттароқ жойга кўчишлари ёки яна бир оғайниси яқинда Андижон вилояти Улуғнор туманидан бир фермани сотиб олиши эҳтимолини айтди. Мен Аъзамжонга мени хам бирор ўзларига ўхшаш инсонлар билан ишлаш ниятим борлигини айтидим. Аъзамжон бизнинг уйимизга яқин жойда бир қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона борлигини ва у ерга бориб аввал иш билан танишиб келишимни маслаҳат берди. Алал оқибат мен ҳам ўша корхонага ишга кирдим.

Мана шу ўринда мен ўзим ишлаган корхона хақида қисқача маълумот бериб ўтмоқчи эдим. Бу корхонани номи “Канмаксан” масъулияти чекланган жамият бўлиб, бу корхонада 100 га яқин одам ишлаган ва 22 хил турдаги қандолатчилик махсулотлари ишлаб чиқарилган. Мен бу корхонада ишлаган вақтимда барча ишчилар бир- бирларига нисбатан илиқ муносабатда бўлишар ва улар ўртасида келишмовчиликлар йўқ эди ҳисоби... Бизнинг корхонада ҳар душанбада иш бошланишидан олдин ярим соатлик мажлис бўлиб ўтарди. Мажлисда ҳар бир ишчи ва ходим ўзидаги муаммо ва таклифларини айтишарди. Ишчилар оиласида бирор муаммо бўлса албатта ечилар, агарда кимдир тўй қилмоқчи ёки уйида борор бир камчилиги бўлса, албатта корхона раҳбарияти томонидан ёрдам берилар эди. Мен бундай ёрдамларнинг кўп марта гувоҳи бўлганман. Мен ҳозирда Оврўпо давлатларида яшаб шунга ўхшаш одамларни бир бирларига бўлган муносабатларини ва уларнинг иш жойларида инсоний хақ хуқуқлари поймол этилмаслигини кўрдим. Баъзида бу ердаги инсонлар билан мулоқот қилганимда фахрланиб бундай системани биз кичкина бўлса ҳам ўз ишхонамизда йўлга қўйганимизни айтиб бераман. Бу ишлар бугунги замон тили билан айтганда, инсон хақ хуқуқларини бузмаслик ва уларни хурмат қилиш деб аталади. Бу тамойиллар демократик давлатларнинг асосий тамойиллари хисобланади.

Жиноятсиз жазо шарпаси

2004 йилнинг июн ойида бизнинг корхона раҳбаримиз МХХ ( миллий хавфсизлик хизмати) томонидан қамоққа олинди. Дастлаб корхонанинг иқтисодий томонлари текширилаяпти экан деб эшитдим. 2004 йилнинг ноябр ойларига келиб бошлиқ ёрдамчиси Азизбек Юсупов хаммани тўплаб раҳбаримизга 159- модда ( конституцион тузумга тажовуз қилиш) айби қўйилгани, мана шунинг учун рахбаримиз озод бўлгунича корхона ёпилиши хақида айтди. Шу вақтда менда хаётда топган энг қадрли нарсамни йўқотгандай бўлдим. Чунки энди топиб бораётганим, ёнимда бирга ишлаётган инсонлар меҳри, хотиржам ва осойишта ҳаёт тугаб қолаётганга ўхшади. Шундан сўнг 2005 йилнинг Феврал ойида бизнинг корхона рахбари ва у киши билан бирга яна Андижон шахрида кўзга кўринган 22 тадбиркор устидан маҳкама бошланди. Мана шу 23 тадбиркор ва яна бир қанча корхоналар бирлашиб иқтисодий бирлашма тузиб бу бирлашма қошида болалар боғчаси, мактабгача таълим тўгараклари ва ҳатто кичик поликлиникалар очишиб ўз ишчилари учун шароитлар яратишган ва мана шу услубни давлатга хам таклиф қилишган экан. Лекин бу ишларни ҳукумат ўзига рақобат деб билиб, бу тадбиркор инсонларни ҳар хил йўқ айблар билан айблаб қамашга ҳаракат қилди. Мен ана шу кунларда ўз ҳоҳишим билан уларнинг ҳимоясига, маҳкама биноси қаршисидаги намойишларга чиқдим. Чунки мен бу инсонларни бирга ишлаб уларнинг кимлиги ва мақсадларини билган эдим. Шундан кейин 2005 йил 13 май куни халқ намойишига чиққан вақтимизда хукумат армияси аёвсиз равишда бизни қирғин қилди ва биз Ўзбекистонни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлдик. Ўша куни менинг суюкли укам Аъзамжон ҳам ҳукумат кучларининг қурбони бўлди. Мен укамнинг бекорга ўлиб кетмаганига ишонаман, унинг қисқа ҳаёти жуда мазмунли ўтди, у ўз мақсади, оила аъзолари ва ўз халқи фаровонлиги учун яшади ва мана шу мақсаддан оғишмай жонини қурбон қилди... Биз барча бир мақсад йўлида бирлашган инсонлар Оврўпога келиб жойлашиб яна ўзимизни мақсадимизда давом этишга қарор қилдик ва олдимизга биринчи навбатдаги масала сифатида ўз мақсаддошларимизни орасида қамалган ёки ўша Андижон қирғинида ҳалок бўлганлар оилаларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишни режа қилиб олдик. Бундай оилалар қанчалигини аниқлаб уларни ўз имкониятларимиз даражасида бўлиб ўзимизга олдик. Мен мана шу кунгача имкониятимга қараб ўзим ва суюкли укам Аъзамжонни оиласидан ташқари икки ҳалок бўлган сафдошимнинг оиласига ёрдам қилиб келаман. Мен бу ишни бугунги кунда ҳаётимнинг мазмуни деб биламан. Ҳаёт давом этмоқда...