Оврўпо Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан сиёсати қандай бўлиши керак?

Image caption Оврўпо Парламенти аъзоси Ўзбекистонга нисбатан Андижон воқеалари хусусида олиб борилган сиёсат иш бермаётганини тан олади.

Оврўпо Парламенти Ўзбекистонга нисбатан Андижон воқеалари хусусида олиб борган сиёсати иш бермаётганини тан олади.

Бу ҳақда Андижон воқеалари ортидан ўтган беш йилга бағишлаб Брюсселда ўтказилган анжуманда иштирок этган Оврўпо Парламентининг италиялик аъзоси, ҳамда Оврўпо Парламентининг Марказий Осиё бўйича маҳсус вакиллик гуруҳи аъзоси Никколо Риналди билдирди.

Жаноб Риналдининг айтишича, Оврўпо Иттифоқи ўтган беш йил ичида Андижондаги 13 Май воқеалари борасида халқаро тергов ўтказилишини талаб қилиб келган бўлсада, бир вақтнинг ўзида ҳам жазо чоралари ва ҳам мулоқот йўлини танлаши ҳеч қандай самара бермади.

Халқаро ташкилотларга кўра, Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан Андижон борасидаги босимни умуман тўхтатиб қўйди, унинг янгича мулоқот сиёсати ҳам самара бермаяпти.

Би-би-си билан суҳбатда Оврўпо Парламентининг Марказий Осиё бўйича вакиллик гуруҳи аъзоси Никколо Риналди шу вақтгача Ўзбекистонга нисбатан сиёсат самара бермаганлигини айтди.

Никколо Риналди: Оврўпо ожиз бўлиб келди ва хозир ҳам ожиз. Лекин, умуман олганда, Оврўпо олдида кўп ҳам йўл йўқ эди. Энг бошида жуда ҳам қаттиққўл йўл тутишимиз мумкин эди ва балки бу мақсадга мувофиқроқ йўл бўларди. Балки дастлабки икки- уч йил ичида бу каби қаттиққўл сиёсат самара бериши мумкин эди. Лекин, ўйлашимча, бугун биз Ўзбекистонга нисбатан сиёсатимизни ўзгартиришимиз керак. Лекин шуни ёддан чиқармаслигимиз керакки, Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистоннинг ягона ҳамкори эмас. У Оврўпога тўнини тескари кийиб олиб, бошқа мамлакатлардан сиёсий ҳамкор қидириши мумкин.

Image caption Қатор халқаро ташкилотлар вакиллари Оврўпо Иттифоқи ва Парламенти аъзолари билан Ўзбекистонга нисбатан сиёсат қандай бўлиши кераклиги масаласини муҳокама этдилар

Би-би-си: Лекин Оврўпо Иттифоқи ичида бюрократия ва идоралар шунчалар кўпки, Оврўпо Ўзбекистонга нисбатан бирон пухта ишлаб чиқилган яхлит ва давомий сиёсат қўллай олмади, шундай эмасми?

Никколо Риналди: Биз Оврўпо Иттифоқи идоралар ўртасида хам буни муҳокама қилганмиз, аслида Оврўпо Парламенти тутган сиёсат анча қаттиққўл бўлди. Бошқа идоралар, жумладан Оврўпо Комиссияси анча юмшоқ муносабат қўллади. Оврўпо Иттифоқи доирасида бундай сиёсат юз бериши оддий ҳол. Баъзи ҳолларда бу натижа беради, баъзиларида йўқ. Ўзбекистонга келадиган бўлсак, Оврўпо Парламентининг сиёсати одамнинг руҳини туширадиган даражада бўлиб келди. Албатта кўп нарсани ўргандик, лекин хулоса шундайки, Андижон воқеасидан беш йил ўтиб ҳам вазият умуман яхши томонга ўзгармади. Нафақат Андижон борасида ҳақиқатга эриша олмадик, балки Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ўта кенг миқёсда поймол бўлаётганлигига гувоҳ бўлаяпмиз. Сиз ҳақсиз, балки оврўпо иттифоқи ўзбекистонга нисбатан изчил ва ўзгаришсиз сиёсатни қўллаши керак эди. Бироқ, сиз билан умуман муросага кириш иштиёқи бўлмаган ҳукумат билан иш олиб бориш осон эмас. Биз масалан Бирмага нисбатан буткул ихоталаш сиёсатини қўллаганмиз, балки бу каби йўлни Ўзбекистонга нисабатн ҳам қўлласак иш берарди, балки бермасди. Лекин муҳими шуки, биз Ўзбекистондан чиқиб кетмаслигимиз керак, ва ҳеч бўлмаганда мулоқотни давом эттиришимиз зарур. Афсуски, бугунда муқобил йўлимиз йўқ. Фақат мулоқот йўли билангина Ўзбекистонда нималар бўлаётганидан хабардор бўлиб тура оламиз. Келажакда ҳукумат ўз сиёсатини бироз юмшатади деб, умид қиламиз холос.

Би-би-си: Сиз икки йил аввал Оврўпо Иттифоқи вакиллари қаторида Ўзбекистонга борган экансиз. Ва бир кунга Андижонга бориб, ўзингизни сайёҳ сифатида кўрсатиб, одамлар билан Андижон воқеалари ҳақида суҳбатлашибсиз. Оврўпо Иттифоқи эса ҳали ҳам Ўзбекистонда очиқча халқаро тергов ўтказилишини талаб қилиб келмоқда. Аммо сиз парламент аъзосисиз, ишончли манба. Оврўпо Иттифоқи сиз каби арбобларнинг шахсий кўрсатмаларига асосланиб, Андижон борасида аниқ сиёсат ишлаб чиқа олмайдими?

Никколо Риналди: Афсуски мен Андижонда икки кишининг ҳар бири билан фақат 10 дақиқа атрофида суҳбатлаша олдим. Улар менга қизиқ гапларни айтишди. Аммо бу аввалдан яхши режаланган бир мубоҳаса эмасди. Ҳақиқий тергов ўтказиш учун кўпроқ одамлар ва турли мутахассилар билан суҳбатлашиш зарур бўлади, Андижондаги маҳаллий расмийлар билан ҳам мулоқот зарур бўлади. Лекин, мен икки йил аввал Андижонга борганимда шуни тушуниб етдимки, одамлар 13 май воқеалари борасида жуда аниқ таассуротга эгалар. Улар 13 май қирғинининг кўламини яхши билишади ва ким жавобгарлигини ҳам билишади. Улардан жавобгар ким деб сўраганимда, Тошкентга ишора қилишди. Лекин, ҳақиқий тергов ўтказмоқчи бўлсак, буни анча синчков тарзда ташкиллаштиримиз керак. Ўзбекистонга узоқроқ муддатга бориб, кўпроқ учрашувлар ўтказишимиз лозим. Бўлган воқеаларни қайта гавдалантириш учун яхши ишлаб чиқилган режа керак.