'Муҳожиротда бир коса ёвғон шўрвадан бенасиб бўласиз...'

Ҳолландия

2005 йил 13 май ойидаги Андижон қирғини эса, мамлакатда қолган деярли барча эркин фикрли зиёлийлар, мустақил журналистлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мухолифат аъзоларини оилавий бўлиб Ўзбекистонни тарк этишларига мажбур қилган. Шундай экан, мажбурий муҳожирот ортидан ўзбекистонлик муҳожирларнинг йўқотганларию топганлари нима бўлди? Муҳожирлик ҳаёти уларнинг оилаларию фарзандларининг тақдирида қандай акс этмоқда? Уларнинг бугунги кечмишларию эртанги кунга бўлган умидлари қандай? Навбатдаги қаҳрамонимиз бир неча йилдан буён Голландияда муҳожиротда яшаётган ёзувчи ва журналист Нодир Шамс:

1-қисм

Юртини тарк этган одам нимани йўқотиши мумкин? Албатта юртини, мана шу юртининг бир тимсоллари бўлган яқинлари-жигарларини йўқотади. Ҳар куни ишдан қайтишингизни пойлаб ўтирган онанинг бир коса ёвғон шўрвасидан бенасиб бўласиз. 80 дан ошиб, 90 га қараб кетаётган катта бувиларнинг “чой ичиб кетгин, болам” деган гапларини бошқа эшитмайсиз. Қишлоқдаги тўй-маъракалар ҳам энди сизсиз ўтади, шундай пайтларда қулоқларингиз чўғ бўлиб қизийди—биласизки, наҳор ошига йиғилган ошно-оғайнилар сизни эслашяпти. Бу ерда—Оврўпонинг тўкин-сочинлиги-ю орасталигида юриб, сизни бу мусофирликка қадар олиб келган ҳамма сабабларнинг авра-астарини чиқариб, дафъатан оғзингизга келганини қайтармай айта бошлаганингизни пайқамай ҳам қоласиз. Бу ердаги беташвиш ҳаётингиз кўзга кўринмай қолади—ёзда бир қарич тупроқ, ёғингарчиликда эса тиззага қадар балчиқ қишлоқ кўчалари кўзингиздан ўта бошлайди—ҳов анави муюлишда раҳматли Орзу момонинг бир асрлик лойсувоқ уйи ҳали ҳам мункиллаб турибди, нарироқда эса—бир вақтлар бозорга биринчилардан бўлиб ҳандалак олиб чиқадиган бобомнинг ҳовлиси. Энди ўйлаб қарасам, аслида хотирам ёмон эмас экан—баъзан уйқу қочган кечалари қишлоқнинг ҳар бир қарич ерини, кўчаларнинг ҳар бир муюлиши-ю барча қишлоқдошларимни ва улар билан боғлиқ ҳар бир воқеани хотирамда бехато тиклай оламан. Балки бу бир эрмакдир, аммо мароқли ва ҳар бир инсоннинг ўз хусусий солномаси борлигини билдириб турувчи бир ришта каби.

2-қисм

Аслида инсон боласи ўз тақдирида жиддий бурилиш бўлишини олдиндан аллақандай сезади шекилли. Ўзим мисолимда айтсам, дейлик, мен ҳурмат қилган аргентиналик бир ёзувчи 37 ёшларида юртини ташлаб чиқишга мажбур бўлади. Унинг шахсига қаттиқ эътибор берганманми, ҳарқалай мен шу ёшда қандай вазиятда бўламан, деб кўп ўйлардим—оқибати эса маълум—ўзим ҳам 37 да шу кўйга тушдим. Ёки бўлмаса—ўша Андижон ҳодисаларидан атиги бирор ҳафта аввал хизмат ва маиший томондан ишларим ниҳоятда кўпайиб кетганди. Эсимда, ўшанда бирровга қишлоққа ўтиб, болалигим ўтган бобомнинг эски уйида узоқ ўтирдим—унутилиб кетган болаликдаги воқеаларни обдон хаёлдан ўтказдим. Бундан кейинги воқеалар ривожининг якуний манзили, мана, Оврўпо бўлиб турибди. Мусофирликнинг учинчи йили давом қиляптики, биз бирваракайига бир неча тилни ўрганиш билан машғулмиз. Фарзандлар аллақачон ҳолланд ва инглиз тилида чуриллай бошлашган, турмуш ўртоғим иккимиз эса, табиий, улардан бироз ортда қоляпмиз. Бу ерда иқтисодий қийинчилик ҳақида ўйлашга имкон йўқ, чунки ҳукумат маълум вақтга қадар, яъни янги жамиятда адашмасдан йўл топа олгунингизга қадар ҳар жиҳатдан таъминлайди.

3-қисм

Албатта баъзи нарсалар ёзиляпти, оралиқда содир бўлган таназзул ортда қолдирилиб, аввалги режалар давом қилиняпти. Аммо мен чинакам, тўлақонли ҳаёт Ватан ташқарисида ҳам давом этишига ишонмайман. Ҳар қанча жимжимадор бўлиб туюлмасин, аммо мусофирчиликда не қадар катта ютуққа эришманг, юртда эканингиздаги қониқишни сеза олмайсиз. Бу ерда сиз ўтиб бораётган вақтнинг ҳам таъмини сеза олмайсиз. Чунки сизнинг вақтингиз у ёқда, Ватанда ўтяпти. Сизсиз ўтяпти. Биз бу ерларда неки юмуш билан шуғулланмайлик, барча ҳатти-ҳаракатларимизнинг якуний манзили, якуний мақсадимиз ўз юртимиз эканига ҳам шубҳа қилмаймиз. Чунки йўл адоқсиз ва манзилсиз бўлиши мумкин эмас. Қайтгач, кўп нарсалар қайта режага солиниши аниқ.

4-қисм

Фарзандларимиз учун бу ерларда катта имкониятлар очиляпти. Бирваракайига бир неча тилни ўрганиб, “паққос туширишяпти”. Компьютер ишларида ҳам уларнинг олдига туша олмай қоляпмиз. Янги дўстлар орттиришган. Яъни бу ерда айтилишича, улар “inburgering”—интеграция жараёнини ҳаммамиздан аввал адоғига етказишган. Аммо улар ҳам деярли ҳар куни Ўзбекистонни, у ерда қолган дўстлари ва опоқиларини эслашади. Кунлар келиб албатта юртга қайтишимизни улар ҳам чин дилдан исташади, деб ўйлайман.