Самарқанд шаҳрида "Дамас"да йўловчиларни ташиш тақиқланди

Image caption "Damas" нинг сиқиб чиқарилиши билан йўловчи ташишдаги рақобат ҳам йўқолиши айтилмоқда

Ўзбекистоннинг иккинчи йирик Cамарқанд шаҳрида чоршанба кунидан бошлаб барча йўналишдаги такси ҳаракатлари тақиқлаб қўйилган.

Ўтган йилга қадар йўловчиларни ташиш асосан шаҳардаги беш мингга яқин "Дамас" микроавтобусларида амалга оширилар эди.

Бироқ ўтган йил биринчи ярмидан бошлаб шаҳар йўналишларида "Исузу" автобуслари ҳаракатлана бошлаган.

Чоршанба куни эса шаҳар кўчаларида яна 150 та янги автобуснинг пайдо бўлиши майда йўловчи ташувчиларни бутунлай сиқиб чиқарган.

Самарканд автомобил бозорида "Дамас"лар нархи сезиларли даражада тушганлиги кузатилган.

Шаҳарликлар сўнгги йилларда жамоат транспорти қатнови ёмон бўлгани ва хусусий "Дамас"лар аҳолининг оғирини енгил қилиб келганини айтишади.

Рақобат

Самарқандлик фаол Комилжон Ашуровнинг айтишича, "Дамас"ларнинг йўллардан сиқиб чиқарилиши билан йўловчи ташиш соҳасидаги рақобат йўқолмоқда.

Унга кўра, йўналишдаги автобусларни йўловчилар ярим соатлаб кутиб қолишмоқда.

"Автобуслар тиқилинч ва "Дамас"лар ғойиб бўлган чоршанба куни ташкилотлардаги кўпчилик ходимлар ишларига кечикиб боришган",- дейди Комилжон Ашуров.

Аммо расмийлар автоубсларнинг йўналишларга чиқарилиши билан йўлларда тартиб ўрнатилиш ва хавфсизликнинг яхшиланишини айтишган.

Шунингдек, ижтимоий имтиёзлардан фойдаланадиганлар учун янги пайдо бўлган жамоат транспорти воситасининг қуйлайлиги айтилади.

Аммо Комилжон Ашуровнинг айтишича, шаҳар йўловчи ташиш тизимидаги ўзгариш аҳоли сорасида ишсизлар сонини янада кўпайтиради.

"Ўтган йили бир неча йўналишдан "Дамас"ларнинг олиб ташланиши натижасида 300га яқин ҳайдовчилар ишсиз қолишган. Уларнинг кўпчилиги Россиядан иш излашга мажбур бўлганлар", дейди Комилжон Ашуров.

Ўзбекистоннинг сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган Самарқанд шаҳрида сўнгги йилларда йирик қайта қуриш ишлари амалга оширилган.

Аммо қадимий обидаларни таъмирлашнинг айрим усуллари ҳамда расмийлар "кўкаламзорлаштириш" деб атаган дарахтларни кесиш ишлари аҳоли ва мутахассисларнинг норозиликларига сабаб бўлган.

.