Тошкентда 'жиҳод' ва 'ваҳобийлик'да айбланган 8 кишига ҳукм ўқилди

Қамоқхона

Тошкентдаги Чилонзор тумани маҳкамасида "Исломий жиҳод", "Ваҳобийлик" ноқонуний диний экстремистик гуруҳларга алоқадорликда айбланган 8 кишига нисбатан ҳукм ўқилган. Бу ҳақда Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи хабар тарқатган.

Айбланувчилар 3 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилган.

Олдин маҳкама очиқ ўтиши айтилган ва айбланувчиларнинг бир ёки икки нафар қариндошлари жараёнда иштирок этишларига рухсат берилган. Ва маҳкама ҳукмни 10 май куни эълон қилиши ҳақида айтган. Аммо, ҳукм 6-май куни ёпиқ эшиклар ортида ўқилган, бундан айбланувчиларнинг яқинлари ҳам бехабар қолишган.

Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи Сурат Икромовнинг айтишича, бу каби маҳкамаларнинг яширин кечаётганига асосий сабаб айбланувчиларга қўйилган айбловлар асоссиз бўлганидир.

"Айбсизларни айблаб, ҳар хил моддаларни устига қўйиш, жиноят ишларини сохталаштириш тергов органларига ҳам маълум. Шунинг учун бўлса керак, бу ошкор бўлмаслиги учун охирги пайтда шундай очиқ деб эълон қилинган судлар ҳам ёпиқ ҳолатда ўтказиляпти", дейди Сурат Икромов.

Сўнгги ҳукм ўқилганлар 2009 йил декабр охирлари ва 2010 йил январи бошларида ҳибсга олинганлар. Улар барчаси жиноят кодексининг 216 моддаси бўйича айбланишган. Айбланувчилардан бири Алимов Яҳёга эса, жиноят кодексининг 244-моддаси 2 банди бўйича айблов қўйилган. Мазкур айблов банди "диний экстремистик, сепарастик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок қилиш"ни назарда тутади.

Сурат Икромовнинг айтишича эса, "улар 2009 йил давомида бир неча бор йиғилиб, "жиҳод", "ҳижрат" сўзларини араб тилидан, Қуръондан ўрганишнинг ҳаракатини қилишган. Қуръон дарсларини улар орасида ёши каттароқ Маҳмадихонов Абдурасул исмли киши 2009 йилнинг сентябригача ўтган". Ҳукмга биноан Маҳмадихонов Абдурасул 4 ярим йилга озодликдан маҳрум этилган.

Фаолнинг айтишича, озодликдан маҳрум этилган 8 кишининг аксари намозхон кишилар, аммо улар орасида намоз ўқимайдиганлари ҳам бўлган.

"Сўнгги пайтлар йиғинларда диний гаплар гапирилиши ички ишлар вазирлиги ёки миллий хавфсизлик хизматларига ёқмай қолган. Ақиқа бўладими ва ё шунчаки бир нарсани ўрганишга келадими, масалан, шунчаки гап қилиб, ўтирадиган бўладими...ҳатто чойхонада ўтирганлар билан ҳам худди шунақа бўлган", дейди Сурат Икромов.

"Ҳукуматни хавотирга солаётгани одамлар орасида норозилик кўпайиб бораётгани бўлса керак", дея фикр билдиради Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари.

Бу мавзуда батафсилроқ