Андижон қирғинининг беш йиллиги хотирланмоқда

Швециядаги юриш иштирокчилари

Ўзбекистонда Андижон шаҳридаги фожиали ҳодисаларнинг беш йиллиги расман хотирланаётгани йўқ. Шу йилнинг март ойида БМТ Инсон Ҳуқуқлари Қўмитаси йиғинида очиқланган расмий Тошкент мавқеига кўра, Ўзбекистон учун бу бутунлай ёпилган масала.

Аммо бугун Тошкентдаги бир неча инсон ҳуқуқлари фаоллари жамоат кўз ўнгида Андижон қирғини қурбонлари руҳини ёд олишга ҳаракат қилишган.

Уринишлари муваффақиятли кечмаган эса-да, шунда ҳам инсон ҳуқуқлари фаолларидан бири Абдулла Тожибой ўғли Матонат ҳайкали пойига гул қўйишга муваффақ бўлган.

Тошкентдан келаётган хабарларга кўра, хавфсизлик кучларига одатдагидан кўра "ҳушёрроқ" туришлари тайинланган.

Ўзбекистон томони Оврўпо Иттифоқи жазо чораларининг бекор қилиниши бу каби текширувларга оид талабларнинг барҳам топгани далолати эканига ишора қилганди.

Лекин ушбу ҳодисага гувоҳ бўлганлар учун ушбу масала очиқлигича қолмоқда.

Бугун орадан беш йил ўтган эса-да, Андижон марказидаги Бобур майдонида отиб ташланганлар сони аниқ маълум эмас.

Расмий талқинга кўра, Андижондаги хунрезликда 187 одам ҳалок бўлган, аммо ҳодиса шоҳидлари ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг таъкидлашича, қурбонлар сони камида бир неча юз кишини ташкил этади.

Стокгольмдаги юриш

Image caption Намойишчилар сиёсий маҳбуслар озодлигини талаб қилдилар

Бугун Шведция пойтахти Стокгольмда Андижон қирғинидан омон қолганлар ҳамда ўзбек мухолифати фаоллари иштирокида Андижон қирғинига бағишланган намойиш ва юриш бўлиб ўтди.

Юришда иштирок этган қирққа яқин одам халқаро ҳамжамиятни Андижон ҳодисалари юзасидан тезкор, мустақил ва халқаро текширув ўтказиш масаласида Ўзбекистон ҳукуматига босимларни давом эттиришга чақирдилар.

Улар шунингдек Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган сиёсий ва диний маҳбусларни озод этишни талаб қилдилар.

Ўзбекистонлик юриши Швеция парламенти биносидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Швециядаги қароргоҳига қадар давом этди.

Улар "Диктатор Каримов аёлларга қарши қатағонларни тўхтат!", "Сиёсий маҳбусларга озодлик!", "Йўқолсин Каримов диктатураси" каби шиорларни кўтариб олишганди.