Андижон қирғини халқаро ҳамжамият нигоҳида

Оврўпо парламенти
Image caption Оврўпо парламенти аъзолари Андижон воқеалари юзасидан турли фикрларга эга

Кўплаб ўзбекистонликлар учун Андижон ҳодисалари тарихий бир сана эмас, кундалик воқеликдир.

Халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотларига кўра, шу кунгача Андижон ҳодисалари билан алоқадорликда кишиларнинг таъқиб этилаётганига оид ҳодисаларни ҳужжатлаштиришмоқда.

Бироқ инсон ҳақлари ташкилотларининг овозлари ғарбдаги сиёсий раҳбарларнинг қулоқларига етиб бормаяпти.

Андижондаги қирғиннинг дунёга таралиши ортидан ўз овозини баланд қўйган Оврўпо Иттифоқи мустақил терговга оид узоқ муддатли талабларини қайта такрорлашга мойил кўринмайди.

Сўзсиз, Оврўпо Иттифоқи ҳар йили Андижон воқеаларини хотирламаслиги мумкин.

Бироқ Андижон ҳодисаларининг ўз вақтида Оврўпо Иттифоқи томонидан расмий Тошкентга қарши санкциялар киритишига сабаб бўлгани назарда тутилса, халқаро ташкилот, ҳеч бўлмаганда, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият борасида ўз хавотирларини қайта изҳор этиши мумкин эди.

Кўплаб шарҳловчилар мазкур ҳолатни ғарбнинг Ўзбекистондаги стратегик манфаатлари билан изоҳлашади.

Дейлик, Термиздаги олмон ҳаво базаси орқали Афғонистондаги ҳарбий амалиётларни дастаклаётгани учун Ўзбекистон муҳим транзит давлати сифатида кўрилади.

Бироқ айримларга кўра, бу каби сиёсий ҳисоб-китоблар акс самара бериши мумкин. Улардан бири Халқаро Инқироз гуруҳидан Эндрю Штролайндир.

"Гапнинг пўсткалласини айтадиган бўлсам, Оврўпо Иттифоқи тергов даъватларини давом эттириши керак. Сизга бир нарсани очиқ-ойдин айтай: қаерда қирғин бўлса, ўша ерда оммавий қабрлар бўлади. Бу каби оммавий қабрлар бирданига қазилмаслиги мумкин, бунинг учун балки ўн йиллар кетар, балким йигирма йил, балки-да олтмиш йил. Лекин ҳақиқат барибир қарор топади. Тузумлар ҳақиқатни ярим йил, бир йил, беш йил яширишар, бироқ авторитар тузумлар умрбод ҳукмронлик қилмайди-ку," дейди Халқаро Инқироз гуруҳидан Эндрю Штролайн.

Албатта, Андижон масаласини кўтаришда давом этаётганлар оз эмас. Улар орасида Оврўпо парламенти аъзолари ҳам бор.

Андижонда аслида нима бўлганини аниқлаш ҳақидаги талаблар ҳамон янграб турибди.

БМТ Инсон Ҳуқуқлари экспертлари томонидан чиқарилган баёнот буларнинг сўнггисидир.

Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчихонаси 2005 йил 13 майда рўй берган "фожеали воқеалар" беш йиллиги муносабати билан ўз яқинларини йўқотганларга ўз таъзияларини изҳор этар экан, Ўзбекистон ҳукуматини зўравонликдан воз кечиш ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирган.

"Ўзбекистоннинг дўстлари каби, биз ўша оғир кунлар ярасига малҳам бўлиш учун келишув жараёни ва жавобгарликка чақирамиз," дейилади элчихона веб саҳифасида.