Эксперт Ишчи Гуруҳи: 'Андижонда масжидлар ёпилмоқда '

Image caption Андижон шаҳридаги Жомеъ масжиднинг собиқ имоми Абдували қори Мирзаев 1995 йилда бедарак йўқолган

Мустақил таҳлил маркази тарқатган хабарда айтилишича, Андижонда сўнгги пайтларда 10 дан ортиқ масжидлар ёпилиб, маҳалла қўмиталари тасарруфига ўтказилган ё-да хўжалик иншоотларига айлантирилган.

Эксперт Ишчи Гуруҳининг Андижондаги манбаъларга таяниб, маълум қилишича, маҳаллий ҳокимият ва адлия идоралари 20 га яқин масжидларни ноқонуний, деб топиб, ёпишга буйруқ берган.

Гуруҳ тарқатган хабарда Жалолқудуқ ва Хўжаобод туманларидаги турли маҳаллаларда фаолият кўрсатиб келган 18 та масжиднинг ёпилиб, масжид биноларининг турар-жой, болалар спорт зали, маҳалла қўмиталари биноси ва бошқа мақсадларда фойдаланиш учун берилгани айтилади.

ЭИГ Жалолқудуқ тумани Гулистон маҳалласидаги 7 масжид туман ҳокимининг шу йил 15 январида чиқарган 6-К сонли буйруғи билан ёпилганини аётган.

Шунингдек, деярли бир вақтда Хўжаобод туман Бирлашган қишлоғида фаолиятиб кўрсатиб келган 13 масжиддан 11 тасининг ёпилиши учун туман ҳокимининг 36-К сонли буйруғи асос қилиб олингани айтилади.

Ҳокимнинг қарорига мувофиқ, улардан 8таси маҳаллий аҳоли учун турар-жой биноси сифатида сотувга қўйилган.

Яна бир масжиднинг омборга айлантирилгани, биттасининг эса, бузиб ташланиши ҳақида қарор чиқарилгани айтилган.

Гуруҳ Балиқчи туманида ҳам 10 та масжид ноқонуний, деб топилиб, уларни ёпишга буйруқ берилганини айтган.

Ўзбекистон ҳукумати 1998 йилда қабул қилган диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартибига мувофиқ, мамлакатда 3 мингга яқин масжидлар ёпилган.

Ҳозирда Ўзбекистон бўйлаб 1000 дан ортиқ масжиднинг фаолият олиб бориши айтилади.

Уларнинг катта қисми аҳолиси диндор бўлган Фарғона водийсига тўғри келади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари амалдаги тартиб мусулмонларга масжидларни рўйхатдан ўтказиш учун сунъий тўсиқлар қўйишини айтиб, уни қайтадан кўриб чиқишга чақирганлар.

Андижонда масжидларнинг ёпилаётгани ҳақидаги хабарларни расмий манбаълардан тасдиқлашнинг имкони бўлмаган.

Эксперт Ишчи Гуруҳи маҳаллий мусулмон жамоалари масжидларнинг шунчаки, маҳаллий ҳокимият буйруғи билан ёпиб қўйилаётганидан ғазабда эканликларини айтган.

'Қора рўйхат'

Аввалроқ айни гуруҳ Андижон вилоятида "эҳтимолий эктсремистларнинг "қора рўйхати" тузилгани ҳақида хабар берганди.

Гуруҳнинг ҳокимият тизимидаги манбаъга маълум қилишича, вилоят бўйлаб 4744 киши диний-экстремистик ташкилот аъзолари сифатида рўйхатга олинган.

Хабарда айтилишича, Андижон вилоят ҳокимлигида Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, прокуратура, “Камолот” ёшлар ҳаракати, “Нуроний” ва “Маҳалла” репсублика жамғармаларининг вилоятдаги идораларидан иборат махсус гуруҳ тузилган бўлиб, унга вилоят ҳокими етакчилик қилади.

Комиссия ўз олдига маҳаллаларда махсус рейдлар уюштириб, диний-экстремистик гуруҳлар аъзоларини аниқлашни мақсад қилиб қўйган.

Комиссия аъзолари тузган рўйхатга "ваҳҳобийлик" оқимига мансубликда гумон қилинган 1540 киши (71 таси аёл), акромийликда гумонланаётган 1182 киши (123 таси аёл), “Ҳизбут-Таҳрир” партиясига аъзолиги айтилаётган 1996 киши (269 таси аёл), таблиғчи экани тахмин қилинаётган 14 киши киритилган.

“Қора рўйхат”да 12 та андижонлик “нурчи” ҳам борлиги айтилган.

Андижонликларнинг вилоят расмийлари назарида “зарарли диний-экстремистик оқимлар” бўлмиш турли диний гуруҳларга қўшилиб қолишининг олдини олиш мақсадида масжид имомлари билан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаяпти, масжид эшиги олдида назорат ўрнатилган.

Андижонда шунингдек, ўрта мактаб ва коллеж ўқувчиларининг масжидга боришини таъқиқлаш амалиёти ҳам давом этаётганини, масжидда намоз ўқийдиган ёшларнинг ота-оналари билан тегишли суҳбатлар ўтказилаётгани ҳақида хабарлар олинган.

Ўзбекистон матбуоти 2005 йил 13 майида юз берган қонли воқеаларнинг 5 йиллигини эсга олмаган.

Расмий хабарларда шу кунларда Андижонда талабаларнинг навбатдаги Универсиада ўйинларига тайёргарликлар авжида экани айтилади.

SMS рақамимиз: +447786201124