Руслан Чагаев австралиялик рақиби устидан ишончли ғалабага эришди

Руслан Чагаев
Image caption Руслан Чагаев машаққатли, лекин ишончли ғалабани қўлга киритди

Профессионал боксда WBA йўналишининг энг оғир вазн тоифаси бўйича собиқ Жаҳон чемпиони ўзбекистонлик таниқли боксчи Руслан Чагаев яна чемпионлик камарига даъвогарлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Руслан кеча Олмониянинг Росток шаҳрида бўлиб ўтган жангда австралиялик рақиби Кали Мианни ишончли (118-110, 117-111 ва 117-112) натижа билан маҳв этди. Бутун жанг Русланнинг устунлиги остида ўтди.

Зарбасининг кучли экани билан ном қозонган Мианнинг Русланни нокаут қилишга бўлган барча уринишлари чиппакка чиқди. Руслан жангнинг бошидан адоғигача назоратни ўз қўлида тутди.

Ўзбекистонлик таниқли боксчи бундан аввал ўтказган 27 та жангининг 25 тасида ғалаба қозонган, биттасида мағлуб бўлган ва яна биттасини дуранг ҳисоби билан якунлаганди.

Ҳозир профессионал бокснинг энг оғир вазн тоифаси бўйича чемпионлик камари британиялик боксчи Девид Ҳейдадир.

Девид Ҳей Русланнинг ашаддий рақиби, россиялик боксчи Николай Валуевни ер тишлатиб, ундан чемпионлик камарини тортиб олган ва яқинда пуэрторикалик боксчи Жон Руисни енгиб, ўз чемпионлик шарафини яна бир бор ҳимоя этганди.

Руслан сўнгги ғалабаси ортидан энди Девид Ҳейни жангга чорлаши мумкин бўлади.

БИРОҚ...

Бироқ Русланни ўтган йили профессионал боксда илк бор мағлубиятга учратган украиналик донгдор боксчи Владимир Кличко ва унинг укаси Виталий ҳам яқинда Девид билан жанг қилиш истагини билдиришганди.

Владимир Девид Ҳейни "ўзига тутқич бермаслик"да айблаб чиққан, бунинг ортидан у ҳам ака-укалардан бирига қарши жанг олиб боришга ҳозир эканини айтганди.

Девид шу йилнинг октябр ёки ноябр ойларида яна рингга тушиш истаги борлиги, бунинг учун ҳатто 80.000 ўринли "Уимблей" стадионини кўзлаётганини ҳам яшираётгани йўқ.

Девид аслида ўтган йили Владимирнинг жамлоғи билан жанг хусусида музокараларни бошлаб юборган, бироқ унинг ўрнига ноябр ойида россиялик боксчи Николай Валуевни жангга чорлаганди.

Владимир Кличко профессионал боксда энг оғир вазн тоифасида WBO, IBO ва IBF йўналишлари бўйича Жаҳон чемпиони ҳисобланади.

Ўша пайтда тузилган шартномада Николай Валуев билан яна бир бор жанг олиб бориш имконияти ҳам назарда тутилган эса-да, Девид Ҳей россиялик рақиби билан такрорий учрашувга ҳуши йўқлигини айтмоқда.

"Менга бўлажак рақибим ким бўлишининг аҳамияти йўқ. Менинг боксдаги фаолиятимга боқинг - Мен истаган боксчи билан хоҳлаган жойда рингга тушаман," деб айтган Девид.

Руслан энди Девид билан жанг қилиш истагини билдираётган учинчи даъвогардир. Лекин ягона даъвогарнинг ким бўлишини белгилашда Жаҳон Бокс Уюшмасининг (WBA) ҳам сўзи лозим бўлади.

АСЛИДА НИМА БЎЛГАНДИ?

Руслан ўз чемпионлик камарини ҳимоя қилиш учун аслида ўтган йили май ойининг 25-сида россиялик боксчи Николай Валуев билан рингга тушиши керак эди.

Бироқ икковлон орасидаги жанг нақ учрашув арафасида бекор қилинганди.

Хабарларда ўзбекистонлик таниқли боксчининг Финляндия Бокс федерациясининг тиббий талабларига жавоб бера олмагани айтилганди.

Русланнинг олган жароҳатлари туфайли Николай Валуев билан белгиланган уч жангги ортга сурилиши ортидан WBA томонидан “танаффусдаги чемпион” деб аталиб, унинг ваканцияси бўш экани эълон қилинганди.

Бунинг ортидан ўз чемпионлик мавқеини сақлаб қолиш учун ўзбекистонлик таниқли боксчи 2009 йил июн ойининг охирига қадар рингга тушиши лозим деб топилганди.

Кличконинг бўлажак рақиби британиялик Дэвид Ҳей олган жароҳати туфайли рингга туша олмаслигини баён қилиши ортидан эса, Руслан Владимир Кличко билан жанг қилиш таклифини қабул қилиб, унга ютқазиб қўйганди.

SMS рақамимиз: +447786201124