Ўзбекистон сув тақсимоти бўйича исломий давлатлараро тармоққа аъзо

Image caption Давлатлараро сув тақсимоти муаммосини ҳал этишда Ўзбекистон исломий тармоққа кўз тутмоқда

Ўзбекистон Ислом конференцияси ташкилоти чаҳорчубидаги сув захираларидан фойдаланиш ва бошқариш бўйича исломий давлатлараро тармоққа тўлиқ аъзо бўлиб кирди.

Ўзбекистон Сув ва қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Шавкат Ҳамроев бошчилигидаги ҳайъатнинг тармоқ қароргоҳи жойлашган Иордания пойтахти Омманга сафари мобайнида бу ҳақда келишувга эришилган.

Исломий давлатлараро тармоқ вакили Шиҳаб Ал-Байрутининг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Ўзбекистон минтақада ўзи юз тутаётган сув муаммоларига ечим топишда ташкилот ёрдам беришига умид қилмоқда.

Сув захирларини ривожлантириш ва бошқариш исломий давлатлараро тармоғи -INWRDAM 1987 йилда Илом конференцияси ташкилотига аъзо давлатлар томонидан тузилган. Тармоқнинг асосий вазифаси Ислом конференцияси ташкилотига аъзо давлатларда сув тақсимоти ва ундан фойдаланиш, атроф муҳитга зарар каби муаммоларни ечишда ҳамкорликни йўлга қўйишдир.

Бу йўлда тармоқ сув тақсимоти ва ундан самарали фойдаланиш соҳасида янги технологиялар билан бўлишиш, тажриба алмашиш ва лойиҳаларни амалга ошириб келади. Тармоққа ҳозирги кунда 18 мамлакат аъзо.

INWRDAM шу вақтгача сув тақчил ҳисобланган Миср, Фаластин, Иордания, Малайзия, Тунис ва Африканинг баъзи мамлакатларида қишлоқ хўжалаигидаги оқава сувлардан фойдаланиш ва давлатлараро сув тақсимоти бўйича бир неча лойиҳаларни амалга оширган.

Жаноб Ал-Байрутининг айтишича, ЎЗбекистон тармоққа аъзо бўлиб кириш билан сув тақсимоти бўйича ўзи юз тутаётган муаммоларни ҳал қилишда тармоқнинг қўллови, холис воситачи бўлиши ва самарали ечим топилишига кўмак беришига кўз тикмоқда.

Бу йўлда тармоқ ҳозирда масалани ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, аниқ таклифлар ишлаб чиқишга ҳаракат қилмоқда.

INWRDAM вакили Ўзбекистоннинг сув тақсимоти йўлида минтақадаги қўшнилари билан муаммоларга юз тутаётганлигидан хабардор эканлиги ва яқин келажакда ҳар томонни қониқтирадиган ечим топилишида ўз ҳиссасини қўша билишига умид билдирди.

Марказий Осиёдаги биронта бошқа мамлакат INWRDAMга аъзо эмас, лекин бу дегани биз тўғридан-тўғри Ўзбекистон мавқеини қўллаб-қувватлашимизни англатмайди, деди тармоқ вакили.

INWRDAM яқин келажакда Ўзбекистонга ўз мутахассисларини юбориб масалани ўрганиши ва ана ўшанда вазият ҳақида аниқроқ тасаввурга эга бўлиб, ечим излашга ҳисса қўшишига умид билдирди.

SMS рақамимиз: +447786201124