Президент Каримов Андижонга борди

Image caption Андижондаги қирғинга саҳна бўлган Бобур майдонининг номи ўзгартирилиб, Бобурнинг ҳайкали бошқа жойга кўчирилган

Президент 5 йил муқаддам қонли воқеаларга саҳна бўлган Андижондаги "бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари" билан танишган.

Расмий хабарда чоршанба куни Андижон вилоятига сафар қилган Президент Каримовнинг ташрифни ҳарбий қисмларнинг биридан бошлагани айтилади.

Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш этилган тасвирларда жаноб Каримов ҳарбийлар билан суҳбатлашади ва улардан бирини ердан даст кўтариб, "сен 80 эмас, 90 кило экансан!" дейди.

Жаноб Каримов янги чегара-назорат нуқтаси экани айтилган ҳарбий қисмда аскарларнинг жанговар тайёргарликларини ошириш ҳақида гапирган.

Давлат телевидениесининг хабарида айтилишича, Президент ҳарбийларга "Ўзбекистоннинг ҳамма болалари менинг фарзандларим, аммо Қуролли Кучлардаги йигитлар менга энг яқини" деб айтган.

У шаҳар ва вилоятдаги бир неча қурилиш иншоотлари ва муассасаларда бўлиб, одамлар билан суҳбатлашган.

Суҳбатлар чоғида жаноб Каримов 5 йил муқаддам юз берган қонли воқеаларни эсга олмаган.

Аввалроқ Андижондаги қирғинга саҳна бўлган Бобур майдонининг номи ўзгартирилиб, Бобурнинг ҳайкали бошқа жойга кўчирилган.

Ўзбекистон ҳукумати 2005 йил 13 майидаги воқеалардан кейин Андижонга миллионлаб доллар сармоя киритгани айтилади.

Аммо аҳоли турмуш даражаси яхшиланганининг белгилари йўқ.

Андижонликлар электр ва газ таъминотидаги узилишлардан шикоят қилиб келишади.

Қиш мавсумида аҳолининг норозилик чиқишлари бот-бот кузатилади.

Президент бундан роппа-роса бир йил аввал, 26 май кечаси Хонободда содир этилган қуролли ҳужум ортидан Андижонга сафар қилган эди.

Кейинроқ Андижон шаҳрида ҳам юз бергани хабар қилинган ҳужумларда икки кишининг ҳалок бўлгани айтилган.

Президент Каримов ҳужумлар юзасидан очиқ маҳкама ўтказишга ваъда берган, аммо ҳодисалар тафсилотлари ҳанузгача қоронғу.

Жаноб Каримовнинг навбатдаги сафари Қирғизистондаги воқеалар ортидан юз бермоқда.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегараси 7 апрелдан буён ёпиқлигича қолмоқда.

Ўзбекистон раҳбари тартибсизликлар Фарғона водийсининг бошқа ҳудудларига ҳам ёйилиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Аввалроқ воқеалар муносабати билан Андижонда хавфсизлик чораларининг кучайтирилгани, фуқароларни текширишларнинг кўпайгани ҳақида хабарлар олинган.

SMS рақамимиз: +447786201124