Президент Каримов Фарғонада ҳарбийлар билан учрашди

Каримов
Image caption Президент Каримовнинг Фарғона водийсига сафари Қирғизистондаги ғалаёнлар ортидан кузатилмоқда

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Фарғона вилоятига сафари давомида ҳам ҳарбийлар билан учрашган.

У вилоятдаги мамлакат Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий бўлинмани бориб кўрган.

Жаноб Каримов бу ерда ҳарбий бўлинмалар ва қуролли кучларни барча зарур ашёлар билан таъминлаш ишларини яхшилаш хусусида тавсиялар берган.

Ўзбекистон раҳбарига кўра, ҳарбийлар учун яратилган шарт-шароитлар олий даражада бўлиши лозим.

Жаноб Каримов, ўз ўрнида, Қуролли кучлари ва давлати ҳеч қачон ҳеч кимга таслим бўлмагани ва келажакда ҳам шундай бўлиб қолишини айтган.

Ўзбекистон президенти бундан олдин Андижон вилоятига ҳам сафар қилганди.

Президент Каримовнинг Фарғона водийсига сафари Қирғизистонда Қурмонбек Бакиевнинг қудратдан четлатилишига олиб келган қонли тўқнашувлардан қисқа вақт ўтмай амалга оширилмоқда.

Ўзбек раҳбари яқинда Москвада россиялик ҳамкасблари билан учрашуви чоғида Ўзбекистонда ҳеч ким Қирғизистондаги ҳодисаларни хурсандчилик билан кузатаётганлиги йўқлигини айтганди.

Ўзининг сўзига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлган журналистларни эса, айнан Фарғона водийсига боришга таклиф этганди.

Жаноб Каримов Қирғизистондаги вазият унинг қўшнилари манфаатларига мос келмаслигини ҳам урғулаганди.

Ўзбекистон раҳбари тартибсизликлар Фарғона водийсининг бошқа ҳудудларига ҳам ёйилиши мумкинлигидан хавотир билдирганди.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегараси 7 апрелдан буён ёпиқлигича қолмоқда.

Расмий хабарларда Ўзбекистон раҳбари Андижонга сафарини ҳам у ердаги ҳарбий бўлинмани бориб кўришдан бошлагани билдирилганди.

Президент Андижондаги ҳарбийларга "Ўзбекистоннинг ҳамма болалари фарзандлари экани, аммо Қуролли Кучлардаги йигитлар ўзига энг яқини" эканини айтганди.

Фарғона водийси Ўзбекистоннинг аҳоли энг зич яшайдиган минтақаларидан бири ҳисобланади.

Шу сабаб, маҳаллий кузатувчилар минтақада ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг кескинлашишига йўл қўймасликнинг муҳимлигини ҳам урғулашади.

Мустақиллик ортидан водийда айрим йирик корхоналар қад ростлаган. Аммо иш топишнинг қийинлиги ёки рўзғорини тебрата олмаётганидан шикоятлар этаётганларнинг сони озмунча эмас.

Электр ва газ таъминотидаги узилишлар сабаб эса, қиш мавсумида водийда аҳолининг норозилик чиқишлари ҳам бот-бот кузатилади.

Ўзбекистон раҳбари ижтимоий-иқтисодий вазият билан танишиш учун ўтган йилнинг октябр ойида ҳам Фарғонага сафар қилганди.