Тошкентдаги қотилликлар ортида Обидхон қори Назаров тургани даъво қилинди

Обидхон қори Назаров
Image caption Обидхон қори Назаров ўзига қарши янграётган айбловларнинг барчасини рад этади

Ўзбекистон телевидениеси Обидхон қори Назаровнинг Тошкентдаги қотилликлар ва худкушлар ҳужумлар ортида турганини даъво қилди

Пайшанба куни кечқурун Ўзбекистон телеканали орқали намойиш этилган "Хунрезлик" номли филмда ҳозирда Швецияда яшаётган таниқли имом Обидхон қори Назаров ўтган йили содир этилган қатор қотилликлар ва 2004 йилдаги бир қанча худкушлик ҳужумлари ортида тургани даъво қилинди.

Филмда Обидхон қори 1990 йиллар бошидан буён Ўзбекистонда исломий давлат қуриш йўлида хуфя экстремист ташкилот, жумладан, Жиҳодчилар ташкилотини тузишга ҳаракат қилиб келгани айтилади.

"Бунинг учун у аввало ўз ортидан кўр-кўрона эргашадиган, ўз фатвоси билан ҳар қандай қотилликка тайёр ақидапарастлар сонини оширишга уринади," дейилади филмда.

1997 йили Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида яширинган Обидхон қори 2004 йилнинг баҳор ва ёз ойларида юз берган худкушлик ҳужумлари, жумладан, АҚШ ва Исроил элчихоналари олдидаги портлашларни уюштиргани айтилади.

"Бироқ Ўзбекистондаги амирлари кетма-кет қўлга тушиб, режаси амалга ошмаган Обидхон Назаров Швециядан туриб "Доғистон услубини" қўллашни, яъни одамлар орасига қўрқув солишга фатво беради," дейилади кўрсатувда.

Кўрсатувга кўра, 1999 йилидаги ҳужумларга алоқаси туфайли халқаро қидирувда бўлган Назаровнинг Қозоғистондан бемалол Швецияга учиб кетишига "кўринмас қўллар" ёрдам берган.

Унинг Тошкентдаги имомларга шахсий адовати бўлгани учун уларни ўлдиришга буйруқ бергани, чунки улар Назаровдек кишиларнинг экстремист ғояларига қарши чиқиб келгани айтилади.

Обидхон қорининг чет давлатлар махсус хизматлари, чечен террористлари ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати билан алоқаси борлиги ва мамлакатдаги барча экстремист гуруҳларнинг раҳнамоси экани айтилади.

Кўрсатувда бир неча маҳбуслар гувоҳлик берган. Жумладан, бир неча йил аввал қамалган Руҳиддин Фахриддинов гапириб, Обидхон қори топшириғи билан Туркияда Тоҳир Йўлдош билан учрашганини айтади.

Кўрсатувда бир неча марта гапирган ўзбек сиёсатшуносига кўра, "ҳар қандай экстремист ташкилот ўз ҳолича мавжуд бўлолмайди. Бу каби ташкилотлар йирик давлатлар, уларнинг махсус хизматлари ва йирик молиявий имкониятлари орқали бошқарилади."

"Шу боис бу давлатлар террорчиларни била туриб уларга бошпана беради, ҳатто уларни ҳимоя қилади," дейди ўзбек сиёсатшуноси.

'Бу айбловларнинг барчаси туҳмат'

Тошкентдаги "Тўхтабой" масжиди собиқ имоми Обидхон қори Назаровнинг ўзи эсктремистларга алоқаси борлиги ҳақидаги айбловларни ҳар доим рад этиб келган.

Обидхон қори Назаров ўзбек телевидениесидан намойиш этилган ҳужжатли филмни ҳам "Миллий Хавфсизлик Хизматининг услубларидан бири", "туҳмат, "иғво", дея таърифлайди.

У бундай айбловлар нима учун айнан бугун янгараётгани ҳақидаги саволга жавоб бераркан: "Бу мани Миллий Хавфсизлик Хизмати билан орамизда бўлган можаролар ва низолар учун жавоби, жазоси, қасоси десак бўлади", дейди. "Кўпгина маҳкама, тергов ишларида бизнинг номимизни, яна бошқа бир-иккита биродарларнинг номларини қўйиб қўйишади ва ўшанинг атрофига жиноятлар ва тўқималарни ясашади. Улар 1999 йилдаги портлашлардан буёнги қамоқлар, тазйиқлар, қатағонларнинг ҳаммасида бизнинг номимизни қўллашаяпти", дейди у.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си билан суҳбатда Обидхон қори Назаров мазкур ҳужжатли филм учун Ўзбекистон ҳукуматини маҳкамага бериши мумкинлигини айтади.

Бу мавзуда батафсилроқ