Ўзбекистон Сўхга қўшин киритган

Image caption Боткен ва Сўх чегарасидаги вазият кескинлигича қолаётгани айтилади

Қирғиз расмийларига кўра, Боткен ва Сўх чегарасида юз берган тартибсизликлар ортидан Ўзбекистон Сўх анклавига десант кучларини киритган.

Боткен вилоят маъмурияти Ўзбекистоннинг Сўх анклавида милициянинг кучайтирилган тартибга ўтказилганини маълум қилган.

Хавфсизлик чораларининг кучайтирилишига ўтган пайшанба Ўзбекистоннинг Сўх анклавидаги Ҳушёр ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятига қарашли Сўғмент қишлоқлари аҳолиси орасида юз берган тўқнашув сабаб бўлган.

Қирғиз томонининг фаразича, 26 май куни юз берган ҳодисада Ҳушёр қишлоғи аҳолиси Сўхдан ўтиб бораётган икки, айрим хабарларга мувофиқ эса, тўртта автоуловдаги қирғиз фуқароларини тўхтатиб, дўппослаган.

Қирғиз расмийларининг айтишларича, сўнгги беш кун мобайнида Ўзбекистоннинг Сўх анклавидан ўтаётган қирғизистонликларнинг 10 та хусусий улови шикастланган.

Қирғизистон телевидениеси 1-каналининг Боткен маъмурияти мулозимидан иқтибос келтиришча, охирги 3-4 кун ичида Боткен расмийлари ва маҳаллий аҳоли етакчилари ўзбек қишлоғи аҳли билан музокаралар олиб борган, аммо ҳозиргача музокаралар натижа бермаган.

Боткен маъмурияти расмийси Бишкекдаги муваққат ҳукуматга мурожаат қилиб, унинг жанубий Қирғизистон бўйича махсус вакили, генерал Исмоил Исоқовни Боткенга юборишни сўраганликларини айтган.

Ўзбек қишлоғи аҳолиси Боткен тарафининг қўшни мамлакат фуқароларига Қирғизистон ўтлоқларидан фойдаланишни ман этишидан ғазабга келгани айтилади.

Қирғиз томони ушбу қарор расмий Тошкент Бишкек билан яйловларни ижарага олиш борасида тегишли битим имзоламагани боис қабул қилинганини айтмоқда.

Бундан ғазабга келган Сўхнинг Ҳушёр қишлоғи аҳли Қирғизистоннинг Сўғмент ва Чорбоқ қишлоғи аҳолисига босим ўтказа бошлагани айтилади.

Чорбоққа олиб борувчи йўлга тошлар терилган, ичимлик суви шаҳобчасига шикаст етказилган.

Ўтган ҳафта Фарғонадан Сўхга келган расмийлар маҳаллий аҳолига тушунтириш берган.

Аммо одамлар норози ҳолда тарқашган.

Боткен маъмуриятига кўра, ўзбек томонининг Сўхга қўшимча кучлар киритишига ана шу норозилик сабаб бўлган.

Айни пайтда Қирғизистон Ўзбекистоннинг Риштон тумани яқинидаги "Қайтмас" чегара ўтиш нуқтасини ёпиб қўйган.

"АКИpress" хабар агентлигининг Боткен вилоят маъмуриятига иқтибосан хабар қилишича, ўтиш нуқтаси 30 май куни чегарадаги вазиятнинг кескинлашиши сабаб ёпилган.

Қирғиз томони анклавга ҳарбийлар анклав жойлашган мамлакат розилиги билан киритилиши лозимлигини урғулаб, ўзбек томони кўраётган хавфсизлик чоралари халқаро келишувларга зид эканини айтмоқда.

Боткен вилоят давлат маъмуриятининг матбуот котиби Мамажон Бердишев Би-би-сига ушбу чора Ўзбекистондан Қирғизистон тарафига ўтаётган фуқароларнинг хавфсизлиги мақсадида кўрилганини айтган.

Риштонликлардан бирининг айтишича, ҳозирда Сўхга у ерда доимий истиқомат қилувчи фуқароларгина ўтказилмоқда, холос.

Маҳаллий журналистлардан бири Би-би-си билан суҳбатда расмийлар чегарадаги вазият борасида ҳеч қандай маълумот бермаётгани сабаб, Риштонда ҳар-хил миш-мишларнинг кўпайганини айтади.

Унга кўра, Риштондан Сўх томонга ҳарбий машиналар ўтган ва чегарада гўёки ўқув машғулотлари бўлаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалган.

"Маҳаллий аҳоли Президент Каримовнинг яқинда Фарғона ва Андижон вилоятларига қилган сафари ҳам чегарадаги воқеалар билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда",- дейди журналист.

Унинг сўзларига кўра, чегарадаги тартиб Қирғизистондаги 7 апрел воқеаларидан буён кучайтирилган, аммо риштонликлар ўтиш-қайтишдаги қийинчиликни Сўхдаги воқеалардан буён ҳис қила бошлаганлар.

Ҳозирда Риштондан Сўхга олиб борувчи асосий йўл ёпиб қўйилган.

Ўзбекистон томони Сўх ва Боткен чегарасидаги вазиятни изоҳламаган.

1999 - 2000 йил ёз ойларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг Боткен ва Сўхга сизиб кириши ортидан Ўзбекистон Сўх ва унга қўшни Шоҳимардон анклави бўйлаб ўтган чегараларини миналаган.

2004 йилда Ўзбекистон Қуролли кучлари чегарани миналардан тозалагани киришгани хабар қилинган, аммо бу ишларнинг ниҳоясига етиб-етмагани номаълум.

SMS рақамимиз: +447786201124