Ўзбекистон Исроил кучларининг инсонпарварлик кемаларига ҳужумини қоралади

Туркиядаги намойишлари

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ғазо бўлгасига халқаро инсонпарварлик ёрдамларини олиб бораётган кемалар карвонига Исроил кучлари ҳужуми мамлакатда "чуқур ташвиш ва хавотир" билан қабул қилинганини билдирди.

"Инсонлар қурбон бўлган ушбу фожиали ҳодисани қоралаган ўзбек томони Ғазо бўлгаси қамалини Исроил томонидан бекор қилиниши юзасидан вазият тез фурсатда ҳал этилишига умид қилади ва БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциялари тўлиқ бажарилишига чақиради," дейилади Ўзбкистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида шунингдек тарафлар ўртасидаги "кескинликни бартараф этиш ва зўравонлик кучайишининг олди олиниши зарурлиги," таъкидланган.

"Қонли қирғин"

Брюсселда Туркия талаби билан НАТОга аъзо давлатлар вакиллари йиғилиб, Ғазо бўлгасига инсонпарварлик ёрдамини олиб кетаётган кемалар карвонига Исроил ҳарбийлари ҳужуми масаласини муҳокама қилмоқдалар.

Туркия Бош вазири Ражап Тойиб Эрдуғон ҳужумни "қонли қирғин" ҳамда "халқаро қонунлар ва тинчиликка ҳужум," дея атади.

Аввалроқ, БМТ Хавфсизлик Кенгаши Исроил ҳарбийлари ҳужуми юзасидан текширув ўтказишга даъват қилди.

БМТ-даги Би-би-си мухбирига кўра, текширувга даъват қилувчи баёнот матни кенгаш аъзолари томонидан ён босишлар натижаси бўлган, чунки Туркия Исрроилга нисбатан ўз танқидий оҳангнинг пасайишиг қарши чиққан.

Исроилнинг азалий ва энг яқин иттифоқчиси ҳисобланган Қўшма Штатлар вакили эса баёнот тилини бирмунча мувозанатга келтиришга уринган.

Кеча ғазо бўлгасига инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган кемалар карвонига Исроил аскарлари ҳужумида камида 10 одам ҳалок бўлганди.

Мазкур ҳодиса ҳақидаги хабар тарқалиши билан жаҳоннинг бир қатор шаҳарлари кўчалари норози намойишчиларга тўлди.

Норозилик чиқишлари Париж, Лондон, Истанбул, Нью-Йорк ва Покистоннинг бир неча шаҳарларида бўлиб ўтди.

Шошилинч йиғин ўтказган БМТ Хавфсизлик Кенгаши тунга яқин Хавфсизлик Кенгашининг жорий раиси Мексика элчиси Клод Хеллер ҳужумни қораловчи ва халқаро мустақил текширувга даъват қилувчи БМТ баёнотини ўқиб эшиттирди.

"Ғазога кетаётган кемаларга Исроил ҳужумидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти жуда афсусда.... Хавфсизлик кенгаши БМТ бош котибининг ушбу ҳодиса юзасидан тўлиқ текширув ўтказиш эҳтиёжи ҳақидаги сўзларини назарда тутиб, аниқ, холис, ишончли ва ошкор, шунингдек халқаро меъёрларга мос келувчи текширув ўтказилишини талаб қилади," деди Хавфсизлик Кенгаши раиси.

Кемалардаги бир неча юз кўнгиллининг аксари Туркия фуқаролари бўлган.

Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довуд ўғли Исроилдан ўз амали учун "зудлик билан узр сўраш"ни талаб қилди. Жаноб Довуд ўғлининг Би-би-сига айтишича, Исроил тажовузи учуну "масъуллар маҳкамага тортилишлари ва ўз амаллари учун жавоб беришлари шарт.

"Ҳодиса халқаро сувларда юз берди. Бу шубҳасиз жиноий амал. Халқаро сувларда биронта мамлакат биронта кемани тўхтатишга, сўроққа тутишга ё ҳужум қилишга ҳаққи йўқ. Фақат қароқчиларгина бундай ишни қиладилар. Шунинг учун биз иттифоқчилармиздан халқаро қонунларга мос равишда ҳаракат қилишларини талаб қиламиз," деди Туркия Ташқи ишлар вазири.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу ва унинг ҳукумати эса кемалар карвонидагилар тўқнашувни келтириб чиқарганликларини таъкидламоқда.

Исроил Бош вазири ўзининг илк баёнотида "қурбонлар берилганидан афсусда экани, аммо Исроил аскарлари ўзларини ҳимоя қилишга мажбур" бўлганликларини айтди.

Исроилнинг кўплаб рўзномаларида кемадаги 9 кўнгиллининг ўлдирилиши ҳарбий амалиётнинг муваффақиятсизлиги, дея баҳоланмоқда. Кўплаб исроилликлар амалиёт "мудҳиш хато" эканлиги ҳақидаги фикрга қўшиладилар.