Ўзбекистон: тиббиёт соҳасида ислоҳот чексиз давом этадими?

Шифохона
Image caption Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида ислоҳот давом этмоқда, аммо тиббий хизмат сифати ҳақида гапиришга ҳали эрта

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён Марказий Осиё давлатлари орасида тиббиёт соҳасида тўхтовсиз ислоҳотларни амалга оширгани билан ажралиб туради.

Мамлакатда май ойининг охиридан бошлаб, хусусий тиббий хизмат кўрсатиш турининг бутунлай тугатилиши бу ислоҳотлар яна давом этишини кўрсатади.

Маҳаллий журналистлардан бирининг эслашича, тўқсонинчи йиллар бошида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимининг ислоҳига киришилар экан, ўша пайтдаги вазир ғарблик мутахассислар иштирокидаги тиббий анжуманда ҳазил аралаш "биз соҳани шу даражада ўзгартириб ташладикки, келгуси авлодларимиз бу чигалликни тушунгунча анча вақт ўтиб кетади," деган эди.

Ўзбекистондаги дастлабки ислоҳотлар ғарбдаги, хусусан, Британиядаги каби оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларини яратишга бағишланган эди. Кейинчалик эса пулли тиббий хизмат турлари ва хусусий шифокорликка йўл қўйилди.

Давлатга қарашли шифохоналарнинг бир пайтнинг ўзида ҳам бепул ва айни пайтда пулли хизмат кўрсатиши "бепул" деган тушунчани деярли йўқотиб бўлди.

Ҳозирда оилавий поликлиникалар йўлланмаси билан маълум категория беморларга шифохоналарда бепул даволаниш ёки жарроҳлик амалиётидан ўтиши учун "ордер" берилади.

"Ордер" дегани беморнинг харажатлари вазирлик, яъни давлат бюджети томонидан қопланишини англатади," дейди яқинда ордер олган, лекин ҳали ҳам касалхонадан жой ололмаган тошкентлик 48 ёшли аёл.

Унга кўра, ордерни қўлга киритиш ҳали бепул даволанишни англатмайди.

"Эски Ташмига ордерни мингта ғалва билан олдим, лекин Ташмидаги шифокорлар икки ойдан бери жой йўқ, навбатда ҳали одам кўп деб қабул қилмайди," дейди у.

Аксар беморларнинг айтишича, давлат ордерни бепул даволаниш учун берсада, шифохонадаги доктор ва ҳамшираларнинг чўнтаги пул кўрмагунча даволанишнинг имкони бўлмайди.

"Ордер асосида бепул даволаниш бор. Фақат раҳбарлар, уларнинг қариндош уруғлари учун. Ўзимнинг олдимда вазирликда қариндошим бор деган хотинни навбатсиз ётқизиб, ҳамма шароитини қилиб беришди," дейди бу аёл.

Коррупция, шифокорларнинг порахўрлиги тиббиёт ходимларига шу даражада сингиб кетганки уни бартараф этишнинг имкони йўқ, дейди аксарият кишилар.

Уларга кўра, иқтисодий ночорлик, ишсизлик ва коррупция шароитида малакали тиббий хизмат фақат катта пул эвазига олиниши мумкин, холос.

"Одамлар аввало, ўзларига малакали хизмат ва хуш муомала кўрсатилиши учун пул тўлайди. Шифокорлар вазиятни шунга мослаб қўйган, эшикка бепул деб ёзиб қўйилган нарсалар бекор гап," дейди маҳаллий кузатувчилардан бири.

Унга кўра, хусусий шифокорликнинг тугатилиши сабабларидан бири "хусусийлар" кафолатли ва малакали тиббий хизмат талабларига жавоб бермаслиги рўкач қилинган эсада, аслида бунинг ортида ҳам иқтисодий ночорлик, коррупция ётиши мумкин.

"Одатда хусусий шифокор тушгача давлат шифохонасида, тушдан кейин ўзининг ёки бирор бир танишининг хусусий клиникасида ишлайди. Давлат шифохонасида ўтириб ҳам, хусусий клиникада ҳам аксар ўз мижозлари билан ишлайди. Пул эса фақат хусусийларга кетади," дейди у.

Бошқа кузатувчиларга кўра ҳам, хусусий шифокорлар расман айтилганидек, ўта малакасиз хизмат кўрсатмаган, фақат пул оқимини ўзгартириб юборган. Уларнинг таъкидлашича, тиббий хатоликлар, юқумли касалликлар ва ВИЧ вируси юқиши каби ҳоллар асосан давлат шифохоналарида рўй бермоқда.

"Хусусий шифокорлар яхши ишларди деб айтиш нотўғри бўларди. Уларда ҳам бепарволик, мижоздан иложи борича кўп пул ундириш ҳоллари жуда кўп эди. Бироқ худди шу иллатлар давлат шифохонасида ҳам мавжуд бўлиб қолар экан, айбни фақат хусусийлардан қидириш ҳам нотўғри," дейди кузатувчилардан бири.

Унинг айтишича, хусусий шифокорлик расман тугатилганига қарамай, одамларнинг халқ кўникиб қолган табибларга бориши тўхтамайди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилувчи хорижий мутахассисга кўра, мамлакатда киши бошига тўғри келадиган шифокорлар ва тиббий муассасалар сони кўплаб Осиё мамлакатларига нисбатан ҳайратда қоларли даражада кўп.

"Лекин муаммо бу потенциални тўғри ишлата билишда," дейди у. Унга кўра, ҳозирда потенциал бўлиб кўринган бу омил аслида собиқ шўро давридан қолган салоҳият бўлиши мумкин холос.

"Ўзбекистон ҳали ҳам ўша инерция билан келмоқда. Бу инерция тугагандан кейин вазият қайси томонга ўзгаради айтиш қийин," дейди у.

Кўпчилик мутахассисларга кўра, иқтисодий вазият ўнгланмас, яъни тиббиёт ходимларининг маоши реал воқеликка мос бўлмас экан, соҳани тўхтовсиз ислоҳ қилиш, тиббий малака олишни мураккаблаштириш амаллари самара бермай қолавериши мумкин.

SMS рақамимиз: +447786201124